Барчаси остонадан бошланади

2026 йилнинг Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили деб эълон қилинишидаги энг катта маъно ҳам шунда. Бу ном маҳалла ҳақида яна бир бор гапириш учун эмас, ислоҳотларнинг натижасини инсон ҳаётида кўриш учун берилган. Чунки давлат қарорлари марказда қабул қилинса-да, қуввати қуйи бўғинда — маҳаллада синалади. Қонуннинг адолати, хизматнинг қулайлиги, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилиги, тадбиркорликка яратилган имконият — барчаси хонадон остонасида ўз баҳосини олади.

Илгари кекса нафақахўрлар имконияти чекланганини тасдиқлаш учун идорама-идора юрар, бир ҳужжатни йиғишга ойлар кетарди. Энди маҳаллага ижтимоий ходим бириктирилгани туфайли керакли кўмак унинг олдига келмоқда. Бу ерда гап бир кишига берилган ­нафақа ёки бир марталик ёрдам ҳақида эмас. Гап давлатнинг инсонга муносабати ўзгаргани, фуқаро идора эшигида сарсон бўлмай, хизмат унинг яшаш жойига яқинлашгани ҳақида.

Шу нуқтадан қараганда, маҳалла ислоҳоти ободончилик дастуридан анча кенг. У давлат бошқарувини инсонга яқинлаштириш, иқтисодий имкониятни ҳудудга олиб кириш, оила ва жамоа ­барқарорлигини мустаҳкамлаш, жамоатчиликни қарор қабул қилишга жалб этиш жараёнидир. Шу жараённинг кўлами, мазмуни ва ҳали ечим кутаётган масалалари ҳақида фикр юритишни мақсад қилдик.

Қадимий жамоадан замонавий институтгача

Маҳалла — халқимиз ҳаётига кеча кириб келган тушунча эмас. Наршахий Бухоро гузарлари ва жамоалари ҳақида ёзар экан, одамларнинг касб-кори, яшаш жойи ва ўзаро алоқалари муайян ҳудудий бирликлар атрофида шаклланганини қайд этади. Алишер Навоий маҳаллани “шаҳар ичра шаҳарча” деб атагани бежиз эмас: маҳалла шаҳарнинг бир қисми бўлса-да, унда ўзининг маънавий муҳити, қўшничилик тартиби ва жамоавий хотираси бор.

Ариқ тозалаш, ҳашар, тўй-маъракани мувофиқлаштириш, етим-есирдан хабар олиш, низони муроса билан ҳал этиш каби ишлар маҳаллада давлат идорасидан олдин пайдо бўлган ижтимоий масъулият шаклларидир. Маҳалла ана шу тажриба туфайли халқнинг кундалик ҳаётига чуқур сингди. Шу билан бирга, унинг тарихини бир текис ва фақат ижобий жараён сифатида тасвирлаш тўғри эмас. Турли даврларда маҳалла ҳам ҳамжиҳатлик макони, ҳам ижтимоий назорат воситаси бўлиб келган. Демак, бугунги ислоҳотлар анъанани кўр-кўрона қайтариш эмас, уни ҳуқуқ, инсон қадри ва замонавий хизматлар билан бойитишдир.

Мустақилликдан кейин маҳалла фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти сифатида ҳуқуқий мақом олди. Конституция уни давлат ҳокимияти тизимига кирмайдиган, маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал қиладиган тузилма сифатида белгилайди. Шу қисқа тарихий маълумот бугунги асосий хулосага олиб келади: маҳалла ўтмишдан мерос қолган рамз эмас, янги вазифаларни бажараётган тирик институтдир.

Фаровонликнинг ҳақиқий макони

Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, улар юқоридан берилган вазифалар мажмуаси бўлиб қолмай, ҳудуддаги аниқ муаммолар билан боғланмоқда. Илгари аҳоли учун энг оғир масалалар — ишсизлик, ичимлик сув, йўл, газ, электр, уй-жой, ижтимоий нафақа бир-биридан узилган идоралар иши сифатида кўриларди. Энди уларни бир хонадон, бир кўча ва бир маҳалла доирасида кўриш талаби кучайди.

Бу ёндашувнинг сиёсий мазмуни бор. Давлат “мен хизмат кўрсатяпман” деган умумий баёнот билан чекланмай, қайси ҳудудда қайси муаммо борлигини билиши ва натижа учун масъул бўлиши керак. Маҳалла эса муаммони юқорига узатиб қўювчи манзил эмас, ечимни шакллантиришда иштирок этувчи субъектга айланмоқда. Шунинг учун маҳаллабай ишлашни навбатдаги ташкилий кампания эмас, бошқарув маданиятидаги ўзгариш деб баҳолаш керак.

2021 йилдан бошлаб маҳаллабай ишлаш тартибида идораларнинг ҳудудий ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Йўлни таъмирлаш билан бандликни, ижтимоий ёрдам билан касбга ўқитишни, ободончилик билан экологик тарбияни бир дастурда кўриш имкони пайдо бўлди. Бир қарашда бу оддий мувофиқлаштиришдек туюлади. Аслида у давлат органларининг иш усулини ўзгартиради: ҳар бир идора ҳисоботини эмас, маҳалланинг умумий натижасини ўйлаши лозим.

Бу жараёнда жамоатчиликнинг роли ҳам ортиб бормоқда. Қайси кўча таъмирланади, қайси объект биринчи навбатда қурилади, ёшлар учун қандай курс очилади, хотин-қизларнинг қайси ташаббуси қўллаб-қувватланади — бундай қарорлар аҳоли иштирокисиз барқарор бўлмайди. Маҳалла ислоҳотининг биринчи талаби будир: одамлар ўз ҳудуди тақдирига дахлдорлигини ҳис қилсин.

Рақамлар мақсадга айланмаслиги керак

“Маҳаллабай” сўзи сўнгги йилларда расмий ҳужжатлардан кундалик бошқарув ­тилига кирди. Аммо унинг мазмуни фақат хонадонма-хонадон маълумот тўплашдан иборат эмас. У ҳудуддаги инсон, оила, тадбиркор ва жамоат институти билан бир вақтнинг ўзида ишлашни англатади. Бу усулнинг самараси ходимлар сони ёки ўтказилган учрашувлар билан эмас, муаммонинг қай даражада бартараф этилгани билан баҳоланади.

Масалан, ишсиз ёшга “иш топиш керак” деб маслаҳат бериш осон. Лекин унинг қайси касбга мойиллиги, оилавий шароити, йўл ҳақи, ўқиш муддати ва бозордаги талаб ўрганилмаса, бу маслаҳат қоғозда қолади. Маҳаллабай ёндашув шу саволларни бир тизимга йиғади: касбга ўқитиш, асбоб-ускуна, микро­кредит, иш берувчи билан боғлаш ва натижани кузатиш. Ҳоким ёрдамчисининг вазифаси ҳам шу нуқтада ўзгаради — у маълумот берувчи эмас, маҳалладаги иқтисодий имкониятни ҳаракатга келтирувчи мутахассис бўлиши керак.

Бироқ маҳаллабай ишлашни қўшимча ҳисоботлар билан оғирлаштириб қўйиш хавфи бор. Агар ҳар бир учрашув, ҳар бир хонадон ва ҳар бир телефон қўнғироғи алоҳида жадвалга айланса, масъул ходим инсоннинг муаммосига эмас, кўрсаткичга хизмат қила бошлайди. Шу боис рақамлар қарор қабул қилиш воситаси бўлиши, мақсаднинг ўзига айланмаслиги керак.

Маҳаллабай ишлашда учта талаб муҳим. Биринчиси — маълумотнинг ҳаққонийлиги. Иккинчиси — идоралар ўртасида вазифанинг аниқ тақсимланиши. Учинчиси — фуқаронинг муаммоси ёпилганидан кейин унинг ҳолидан яна хабар олиш. Йўл қурилди, кредит берилди, нафақа тайинланди деган маълумотнинг ўзи етарли эмас. Йўл қачонгача хизмат қилади? Кредит олган оила даромадини оширдими? Нафақа олувчи ўзини ҳимояланган ҳис қиляптими? Ислоҳотнинг ҳақиқий саволи мана шу.

Бошқарув маданияти

Бугунги маҳалла тизимида раис, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ вакилидан иборат ҳамкорлик механизми шаклланди. Бу таркибни оддий маъмурий жамоа деб тушуниш камлик қилади. Унинг олдига турли соҳа муаммоларини бир маҳалла манфаати атрофида бирлаштириш вазифаси қўйилган.

Маҳалла раиси аҳоли ишончини, ҳоким ёрдамчиси иқтисодий имкониятни, ёшлар етакчиси авлоднинг интилишини, хотин-қизлар фаоли оила ва меҳнат масалаларини, профилактика инспектори хавфсизликни, ижтимоий ходим эҳтиёжманд инсоннинг ҳолатини, солиқ вакили эса иқтисодий интизомни кўради. Агар улар бир-биридан узилган ҳолда ишласа, “маҳалла еттилиги” фақат номига қолади. Агар маълумот алмашса, қарорни биргаликда муҳокама қилса ва ҳар ким ўз вазифаси учун жавоб берса, у маҳаллий бошқарувнинг амалий марказига айланади.

Бу тизимда коллегиаллик муҳим. Бир кишининг фикри бутун оила тақдирини ҳал қилмаслиги керак. Ёрдам бериш, кредит тавсия қилиш, профилактик чора кўриш ёки низоли вазиятга аралашишда аниқ мезонлар бўлиши шарт. Акс ҳолда жамоавий қарор деган ниқоб остида субъектив ёндашув пайдо бўлиши мумкин.

“Маҳалла еттилиги”нинг кучини фақат ваколатлар кўпайиши билан эмас, унинг мулоқот маданияти билан ўлчаймиз. Уларнинг йиғилиши расмий баённома учун эмас, муаммонинг сабабини тушуниш учун ўтиши керак. Қайси оила нега камбағал? Қайси ёш нега ишсиз? Нега бир маҳаллада оилавий низолар кўпайган? Нима учун баъзи кўчаларда ободлик ишлари узоқ сақланмайди? Ана шу саволларга биргаликда жавоб излангандагина янги бошқарув маданияти шаклланади.

Президентимиз раҳбарлигида 2026 йил 16 июлда ўтказилган видеоселектор маҳалланинг субъектлик мақомини амалий тартиб билан мустаҳкамлади. Жорий йилда туманларга ўртача 250 миллиард, маҳаллаларга 5,5 миллиард сўмдан ресурс берилгани, маҳалла бюджетларига ўртача 150-200 миллион сўм тушгани қайд этилди. Давлатимиз раҳбарининг “етишмаётган жиҳат — масъулият ва ташаббускорлик”, деган хулосаси янги мезонни белгилади: раис “еттилик” аъзоларининг режаларини тасдиқлайди, аниқ вазифа қўяди ва натижани сўрайди.

Камбағалликни қисқартириш: рўйхатдан чиқариш эмас, имкониятга олиб чиқиш

Камбағаллик билан курашда энг катта хато — кам таъминланган оилани фақат рўйхатдаги рақам сифатида кўриш. Оиланинг даромади паст бўлиши ортида ишсизлик, касбнинг йўқлиги, ногиронлик, уй-жой муаммоси, кредитдан қўрқиш, бозорга чиқиш имкони чеклангани ёки оилавий низо туриши мумкин. Шунинг учун маҳалладаги ижтимоий сиёсат бир марталик ёрдамни эмас, сабабни бартараф этишни кўзлаши керак.

2026 йилнинг биринчи ярмида банклар 18,5 триллион сўм йўналтириб, 110 мингта микролойиҳа орқали 259 минг кишининг бандлигини таъминлади. Аммо 960 та камбағал оила яшайдиган 32 маҳаллада бирорта эҳтиёжманд инсон доимий ишга жойлаштирилмаган. Демак, миллий ресурс маҳаллада оила даромадига айланиши учун касб, кредит, бозор ва ижтимоий хизматни боғлайдиган индивидуал режа зарур.

Бундай ёндашувда ижтимоий ходим, ҳоким ёрдамчиси ва хотин-қизлар фаолининг ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бир оилага чорва берилса, уни парвариш қилиш шароити бор-йўқлиги, маҳсулотни сотиш канали, ветеринария хизмати ўйланиши лозим. Тикув машинаси берилса, буюртма ва бозор топилмаса, у уй бурчагида қолиб кетади. Кредит ажратилса, бизнес режа, ҳисоб-китоб ва таваккалчилик баҳоланиши керак.

Камбағалликни қисқартириш сиёсатида яна бир муҳим мезон бор: инсоннинг қадри. Ёрдам олувчини доимий назорат объектига айлантириб қўйиш мумкин эмас. Унинг розилиги, шахсий маълумоти ва танлови ҳурмат қилиниши керак. Ижтимоий ҳимоя одамни пассив қабул қилувчи эмас, ўз ҳаётини ўзгартиришга қодир субъект сифатида кўргандагина узоқ муддатли натижа беради.

Ободлик манзараси

Ободлик ҳақида гап кетганда, кўз олдимизга янги фасадлар, асфальтланган кўчалар, замонавий маҳалла бинолари келади. Булар муҳим. Аммо ободликнинг ҳақиқий маъноси одамнинг кундалик машаққати камайганида намоён бўлади. Жўмракдан сув оқса, бола яқин мактабга борса, кекса инсон дорихонага етиб олса, аёл ишлаш учун узоқ туман марказига қатнамаса — мана шу ўзгаришлар ободликнинг тирик мазмунидир.

Ободликнинг таъсири ташқи қиёфадан кўра кундалик турмушда кўринади: электр, сув, кутубхона ва касб маркази, хавфсизлик, саломатлик ҳамда даромадга хизмат қилиши керак. 2026 йил 16 июлда “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” эълон қилиниб, уни йил давомида ишлайдиган умуммиллий ҳаракатга айлантириш белгиланди. “Энг ораста хонадон”, “Энг обод кўча” ва “Энг намунали маҳалла” мезонлари эса жамоавий масъулиятни рағбат билан боғлайди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида йўл, сув, электр, газ, кўча ёритиши ва ижтимоий объектларга катта маблағлар йўналтирилди. Энди асосий вазифа қурилган объектларни сақлаш, хизмат сифатини назорат қилиш ва маҳаллий жамоани бу жараёнга жалб этишдир. Қурилган сув тармоғига ким хизмат қилади? Янги спорт майдончаси хавфсизлиги кимнинг зиммасида? Кутубхона фонди қандай тўлдирилади? Бу саволлар дастурдан кейинги бошқарув маданиятини белгилайди.

Обод маҳалла дастури ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигини инобатга олса, самараси ортади. Чет ҳудудда сув ва йўл биринчи ўринда бўлиши мумкин, шаҳарда эса кўп қаватли уйларни бошқариш, автотураргоҳ, чиқинди ва жамоат хавфсизлиги устувор. Бир хил қолип ҳамма жойда бир хил натижа бермайди.

Фуқаронинг қарордаги ўрни

 

Маҳаллада молиявий мустақиллик масаласи кун тартибига киргани тасодифий эмас. Фуқаро тўлаган солиқнинг бир қисми ўз кўчасига, ўз боласининг мактабига, ўз ҳудудининг ободлигига қайтиб келса, давлат ва жамоа ўртасидаги алоқа аниқроқ кўринади. 2021 йилдан бошланган “Ташаббусли бюджет” жараёни одамларни инфратузилма муаммосини фақат шикоят билан эмас, лойиҳа ва овоз билан ҳал этишга ўргатди.

2026 йилда “Ташаббусли бюджет” учун 7,5 триллион сўм ажратилганига қарамай, 2136 та маҳаллада бирорта лойиҳа ғолиб бўлмади. Бу фуқаролик сафарбарлиги ва лойиҳа тайёрлаш салоҳиятидаги тафовутни кўрсатади. Овоз беришдан олдин очиқ муҳокама, техник маслаҳат ва ижтимоий таъсир баҳоси бўлса, кўпчилик танлови заиф гуруҳлар эҳтиёжини ҳам қамраб олади.

2026 йилда маҳалла бюджетининг даромад базаси кенгайди: солиқ улушлари оширилиб, айрим жарима ва бўш объектлардан тушумлар маҳаллада қолдирилди. Натижада тушум жорий йилда 1,6 триллион, келаси йилдан 2 триллион сўмга етиши, энг юқори натижа кўрсатган 200 маҳаллага 2 миллиард сўмдан рағбат берилиши кутилмоқда. Молиявий мустақиллик тенглаштирувчи трансферт, очиқ бюджет ва жамоатчилик аудити билан мувозанатланиши шарт.

Молиявий мустақилликни раиснинг ихтиёридаги маблағ деб тушуниш мумкин эмас. Маҳалла жамғармаси аҳолининг умумий ресурси. Унинг даромади, харажати, лойиҳаси ва натижаси фуқарога тушунарли шаклда эълон қилиниши керак. Қайси лойиҳа нега танлангани, қанча маблағ сарфлангани ва объектдан ким фойдаланаётгани очиқ бўлса, маҳалла бюджети жамоатчилик ишончининг мактабига айланади.

Қулайлик, тезкорлик ва эҳтиёткорлик

Рақамли технологиялар маҳалла тизимига кириб келаётгани табиий жараён. Янги платформа мурожаатларни қабул қилиш, тоифаларга ажратиш, масъул идорага йўналтириш ва ижрони кузатиш имконини беради. Сунъий интеллект ёрдамида қизил, сариқ ва яшил даражаларга ажратиш раҳбарга қайси муаммо кечиктириб бўлмаслигини кўрсатиши мумкин.

Рақамлаштиришнинг қиймати тезликда эмас, адолатда. 184 та маҳаллада бир ойдаги 2 минг аризанинг барчаси ижтимоий реестрга киритиш бўйича асоссиз рад этилгани, Президентга мурожаатлар 30 мингдан 46 мингга кўпайгани қарор устидан шикоят кафолати нақадар муҳимлигини кўрсатди. Автоматик қарор инсон томонидан қайта кўриб чиқилиши, офлайн хизмат сақланиши ва реестр ҳаққонийлиги назорат қилиниши лозим.

Маҳалла рақамли платформаси шахсий ҳаёт дахлсизлиги масаласини ҳам кун тартибига чиқаради. Оиланинг даромади, соғлиғи, ногиронлиги, низоси ёки ижтимоий ҳолати ҳақидаги маълумотлар хизмат кўрсатиш учун зарур бўлиши мумкин, аммо улар оммавий назорат воситасига айланмаслиги керак. Фуқаро қайси маълумоти сақланаётганини, ундан ким фойдаланаётганини ва қарор устидан қаерга шикоят қилиш мумкинлигини билиши лозим.

Рақамли KPI тизими ҳам инсоний мулоқотни алмаштирмаслиги керак. Тизимда мурожаат ёпилди деган белги ишонч тикланди, дегани эмас. Инсон билан юзма-юз гаплашиш, ҳолатни тушуниш, баъзан бир оғиз тасалли бериш ҳам ижтимоий хизматнинг бир қисми. Технология бошқарувни тезлаштиради, аммо меҳр ва ишончни фақат инсоннинг ўзи яратади.

Оила, хотин-қизлар ва ёшлар

Маҳалла ислоҳотларини фақат иқтисодий ва инфратузилмавий рақамлар билан ўлчаб бўлмайди. Оиладаги муҳит, хотин-қизнинг меҳнатдаги ўрни, ёшнинг бўш вақти ва келажакка ишончи маҳалла барқарорлигининг энг нозик кўрсаткичларидир. Оилавий низо кучайган жойда фақат профилактика баённомаси билан чекланиш етарли эмас: психологик ёрдам, ҳуқуқий маслаҳат, иш ва даромад имконияти ҳам керак.

Хотин-қизлар учун касб марказлари ва оилавий нодавлат боғчалар бир вақтда аёлнинг малакаси ва даромадини оширади, болани таълимга қамраб олади, оиладаги ижтимоий босимни камайтиради. Демак, маҳалладаги ижтимоий сиёсат имтиёзлар йиғиндиси эмас, бандлик, таълим, парвариш ва ҳуқуқий ҳимояни бирлаштирган тизим бўлиши керак.

Ёшлар билан ишлашда ҳам худди шу ёндашув зарур. Спорт майдончаси қуриш муҳим, лекин унинг атрофида китобхона, касб курси, рақамли хизмат ва тадбиркорлик имконияти бўлмаса, ёшларнинг бўш вақти тўлиқ мазмун касб этмайди. Ёшлар етакчиси фақат тадбир ташкил қилувчи эмас, маҳалладаги ёш авлоднинг қизиқиши ва имкониятини иқтисодий ҳамда маънавий ресурсга айлантирувчи шахс бўлиши лозим.

Хотин-қизлар фаоли ҳам фақат рўйхат юритувчи эмас. У уйда ўтирган аёлнинг касбга қизиқишини, оилавий зўравонлик хавфини, саломатлик ва таълим эҳтиёжини кўра олиши керак. Бунинг учун унинг ҳуқуқий ва психологик тайёргарлиги, идоралар билан тўғридан тўғри ишлаш имкони кучайтирилиши зарур. Маҳалланинг ижтимоий қиёфаси унинг ижтимоий кўмакка муҳтож инсонга қандай муносабатда бўлиши билан билинади.

Хавфсиз муҳит ва профилактика

Маҳаллада хавфсизлик деганда фақат жиноят статистикасининг пасайиши тушунилмаслиги керак. Хавфсиз муҳит ёшнинг кўчада ўзини эркин ҳис қилиши, аёлнинг зўравонликдан ҳимоялангани, низо вақтида мурожаат қиладиган жой борлиги, интернетдаги алдовлардан огоҳлик, йўл ва кўча ёритилиши таъминланганидир.

Профилактикага илмий методика, видеокузатув, ёнкамера ва рақамли баённома кириб келмоқда. Криминоген вазияти оғир 1162 та маҳалланинг 571 тасида 2026 йилда жиноят содир этилмагани комплекс ёндашув самарасини кўрсатди. Лекин ишсизлик, оилавий низо, таълимдан узилиш ва психологик муаммолар “еттилик” ҳамкорлигида бартараф этилмаса, рақамли назорат барқарор хавфсизликка айланмайди.

2026 йилда илк бор жиноят содир этган, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ҳуқуқбузарлар билан боғлиқ айрим ҳолатларда маҳалла кенгашининг тавсияси ва жамоага қайта мослаштириш масаласига эътибор кучайтирилмоқда. Бу ёндашув жазони инкор қилмайди, лекин инсонни бир марта хатоси билан умрбод тамғалашдан сақлайди. Маҳалла уни назорат қилиш билан бирга, таълим, касб ва ишга йўналтириши керак.

Шу ерда ҳуқуқий кафолат масаласи муҳим. Жамоа фикри суд қарорининг ўрнини босмаслиги, маҳалла кенгаши шахсни камситмаслиги, профилактика номи билан шахсий ҳаётга асоссиз аралашилмаслиги шарт. Инсонни жамиятга қайтариш — катта масъулият; бу вазифа фақат яхши ният билан эмас, аниқ қоида ва профессионал ёрдам билан бажарилади.

Ҳар бир ҳудуднинг драйвери бор

Янги босқичда маҳалла иқтисодий ривожланишнинг энг кичик, аммо энг таъсирчан ҳудудий бирлиги сифатида кўрилмоқда. Бунинг сабаби оддий: катта туман ёки шаҳар статистикаси ортида қайси кўча, қайси касб, қайси оила ва қайси имконият борлиги маҳалладан яхшироқ кўринмайди. Шунинг учун маҳаллаларни бир хил лойиҳага мажбурлаш эмас, уларнинг табиий ва инсон ресурсларига мос ихтисослаштириш самаралироқ.

Маҳалла иқтисодиётида натижа кредит миқдори билан эмас, ташаббуснинг оммалашиши билан ўлчанади. 110 минг микролойиҳа 259 минг кишини ишли қилган бир пайтда 47 маҳаллада атиги иккитадан лойиҳа ишга тушган. Демак, раис ва банкир маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”ни аниқлаб, хомашёдан бозоргача бўлган занжирни ташкил этиши зарур.

Маҳалладаги иқтисодий драйверни топиш учун фақат ер ёки кредитнинг ўзи етарли эмас. Бозор, логистика, сув, электр, сақлаш, қадоқлаш, маркетинг ва рақамли савдо занжири ҳам ўйланиши керак. Ҳунармандлик маҳалласига сайёҳлик йўналиши, чорвачилик ҳудудига ветеринария ва қайта ишлаш, хизмат кўрсатишга ихтисослашган маҳаллага замонавий инфратузилма зарур.

Банклар билан ҳамкорлик кредит тарқатишдан иқтисодий ҳамроҳликка ўтмоқда. Оилавий тадбиркорликка қўшимча 2 триллион сўм ажратилиб, “оғир” тоифали маҳаллаларда ставка 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилди, банкирга кўпи билан учта маҳалла бириктирилиб, иш ўрни ва даромад бўйича KPI белгиланади. Минг маҳаллада “етиштириш — қайта ишлаш — сақлаш — қадоқлаш — сотиш” занжири йўлга қўйилиши кредитни бозор билан боғлайди.

Иқтисодий фаол маҳалла билан имконияти чекланган маҳалла ўртасидаги фарқни камайтириш эса давлатнинг вазифасидир. Молиявий мустақиллик ва маҳаллий ташаббус тенглаштирувчи механизмлар билан қўллаб-қувватланмаса, кучли ҳудуд янада илгарилаб, заиф ҳудуд ортда қолиши мумкин.

Наим ОБЛОМУРОДОВ,

тарих фанлари доктори, профессор