Мамлакатимиз етакчисининг “Турли соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимизнинг натижалари, юртимизда юз бераётган ўзгаришлар самараси, аввало, маҳаллаларда, у ерда яшаётган одамларнинг кайфиятида намоён бўлади. Шу маънода, маҳаллани жамиятимиздаги барча жараёнларни тиниқ акс эттирадиган ўзига хос кўзгуга қиёслаш мумкин”, деган қатъий позицияси янги Ўзбекистонда маҳалла тизимига эътиборнинг амалий намунасидир. Дарҳақиқат, маҳалла институти бугун халқ ва давлат ўртасидаги энг ишончли тузилмага айланди.

Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ушбу тизимли янгиланишларнинг мантиқий давоми бўлди. Одатда давлат ва жамият ҳаётига оид фармонлар фақат энг муҳим, стратегик ва тизимли ислоҳотлар учунгина қабул қилинишини инобатга олсак, ушбу ҳужжатнинг салмоғи ва тарихий аҳамияти яққол намоён бўлади.

Фармонда белгиланган вазифалар — маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, оилавий ажралиш­лар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, “маҳалла еттилиги”нинг янги имкониятлари эса ҳар бир фуқаро салоҳиятини рўёбга чиқариш, фаровонликни таъминлаш негизида инсон қадрини улуғлаш мақсадини мужассам этган.

Ушбу тарихий фармон шунчаки назарий концепция эмас, балки аниқ амалий ҳаракатлар дастуридир. Зеро, ҳужжат асосида айнан аҳолининг ҳуқуқий онги, маънавияти ва дунёқарашини тубдан юксалтиришга қаратилган, ўзида 50 та энг муҳим чора-тадбирни мужассам этган маҳалла фао­лиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Мазкур “йўл харитаси” маҳаллани ҳақиқий маънода халқчил тузилмага айлантириш, ижтимоий соғлом муҳитни мус­таҳкамлаш ва тизимнинг ижро механизмини янги босқичга олиб чиқишда муҳим стратегик пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Инсон тақдири ва тарбия масъулияти

Бугун маҳалла тизимидаги ислоҳотларнинг таянч нуқтаси инсон қадри, унинг тақдири ва эртанги кунга ишончдир. Янги тартибга кўра, маҳаллада яшовчи, биринчи маротаба ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этган фуқароларга, уларнинг оилавий шароити ҳисобга олиниб, фуқаролар йиғини кенгаши қарори асосида енгиллик бериш тизими жорий этилмоқда. Суд-тергов органлари маҳалланинг ушбу мурожаатини қаноатлантирган тақдирда, асосий эътибор жазолашга эмас, балки шахсни тарбиялаш ва уни соғлом муҳитга қайтаришга қаратилади.

Бу жараёнда энг катта масъулият юки, ўз навбатида, “маҳалла еттилиги” зиммасига тушади. Улар кафилликка олинган шахс­ни шунчаки назорат қилибгина қолмай, фуқаронинг қайта тарбияланиши, касб-ҳунар ўрганиши, таълимга йўналтирилиши ва бандлиги таъминланиши учун бевосита жавобгар бўлади. Зеро, жиноятга қўл урган шахсни жамиятдан ажратиш эмас, балки унинг маънавий дунёсини ўзгартириш, оиладаги муҳитни соғломлаштириш ва фойдали меҳнатга жалб қилиш орқали тўғри йўлга солиш энг самарали тарбия усулидир.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Олижаноб кишилар узрни қабул қилур”, деб таъкидлаганидек, халқимиз азал-­азалдан мардлиги, тантилиги ва олижаноблиги билан бошқалардан ажралиб турган. Бир сўз билан айтганда, хатосини англаб, чин дилдан пушаймон бўлган, жамиятга қайтмоқчи бўлган инсонга имкон бериш миллий қадриятларимизга хос анъанадир. Шу боис, ислоҳотларнинг пировард мақсади ҳам адашганларни жазолаш эмас, балки уларни кечириш, тўғри йўлга солиш, бирини ўқимишли, бирини ишли, бирини касбли қилишдан иборатдир.

Инсонни тарбиялаш — узоқ муддатли ва тизимли меҳнатни талаб этадиган жараён. Шу сабабли фармонда кафилликка олинган шахс уч йил давомида қайта жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этмаса, шахс тарбиясида алоҳида жонбозлик кўрсатган маҳалла фаолларини Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш кўзда тутилмоқда. Бундай рағбат тизимининг жорий этилиши маҳалла фаолларининг тарбия масаласига шунчаки хизмат вазифаси сифатида эмас, балки юксак ижтимоий масъулият билан ёндашишини таъминлайди.

“Рақамли маҳалла” платформаси: тизимли муаммоларга аниқ ечимлар

Президентимиз таъкидлаганидек, “Биз олдимизга қўйган улуғвор мақсадларга эришиш йўлида энг замонавий техника ва технологияларни ўзлаштириш, ижтимоий-­иқтисодий ҳаётимизга рақамли технологияларни кенг жорий қилиш ҳамда инсон тараққиётига хизмат қиладиган илғор ғояларни ўзлаштиришга қаратилган прагматик сиёсатимизни изчил давом эттирамиз”.

Бугун маҳалла тизими мазмунини айнан шундай замонавий ёндашувлар белгилаб бермоқда. Аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун тизимда кенг кўламли рақамли ислоҳотлар кечмоқда. Жумладан, фармонга асосан, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Адлия ҳамда Рақамли технологиялар вазирликлари томонидан 2026 йил

1 ноябрга қадар “Рақамли маҳалла” электрон платформасининг янги имкониятлари ишга туширилиши белгиланди.

Янги тизимга кўра, аҳолидан келиб тушган мурожаатлар сунъий интеллект ёрдамида, инсон омилисиз сараланиб, тўғридан тўғри масъул ижрочиларга тақсимланади. Бу жараён масалалар хаспўшланишининг олдини олади.

Шу билан бирга, инфратузилма, бандлик, жиноятчилик кўрсаткичлари ва низоли оилалар аҳволи асосида маҳаллалар реал вақт режимида “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилади. Бундай тасниф қайси ҳудудга биринчи бўлиб кўмак ва маблағ йўналтириш кераклигини аниқ кўрсатиб беради, энг муҳими, муаммолар амалда бартараф этилишини таъминлайди.

Шунингдек, “маҳалла еттилиги” ходимлари меҳнатига уларнинг эришган реал натижалари (KPI) асосида баҳо бериш тизими жорий этилади. Маҳалла раиси ходимларнинг ойлик иш вақтини уларнинг амалий фаоллигига қараб белгилайди ва бу фидойи ходимларни рағбатлантиришга хизмат қилади. Хизматлар рақамлашиши ходимлар ва аҳоли ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, маҳалланинг жамиятдаги нуфузини янада юксалтиради.

Ечим ҳам, жавобгарлик ҳам бўлади

“Рақамли маҳалла” платформаси орқали тизимли камчиликлар шунчаки аниқланмайди, балки уларнинг ечими ҳам таъминланади. Фармон билан платформага киритилган ҳар бир масала ижроси устидан қатъий, вертикал назорат тизими ўрнатилмоқда. Эндиликда аҳолининг маҳалла даражасида кўтарилган муаммолари ҳал этилиши уч босқичда доимий равишда танқидий таҳлил қилиб борилади.

Биринчи босқичда ҳар ойда камида бир маротаба туман ва шаҳар ҳокимлари раислигида маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларида энг қуйи бўғиндаги муаммолар сарҳисоб қилинади. Бу жойлардаги раҳбарларнинг кундалик фаолиятига аҳоли томонидан бериладиган энг биринчи ва энг холис баҳо бўлади.

Иккинчи босқичда ҳар чоракда камида бир марта Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари раислигида ҳудудий маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларида муҳокама қилинади. Бу эса туман даражасида пайсалга солинган ёки масъулиятсизлик оқибатида ҳал этилмай қолган тизимли камчиликларни вилоят миқёсида тезкор бартараф этиш имконини беради.

Учинчи босқичда назоратнинг энг юқори нуқтаси сифатида ҳар ярим йилда камида бир маротаба Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раислигида Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши йиғилиши ўтказилади. Унда барча мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳокимлар иштирокида сурункали тус олган муаммолар танқидий муҳокама қилиниб, қатъий чоралар кўрилади.

Бундай уч босқичли тизим шуни англатадики, маҳалла даражасида кўтарилган муаммо токи ўз ечимини топмагунига қадар кун тартибидан тушмайди. Раҳбарларнинг ҳисоботлари шунчаки қуруқ рақамлар билан эмас, платформадаги реал кўрсаткичлар билан солиштирилади.

Янги молиявий манбалар

Маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этиш, аввало, тизимнинг молиявий мустақиллигига боғлиқ. Шу боис, янги тартибга мувофиқ, Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси маблағларини шакллантиришнинг мутлақо янги ва ­маҳалланинг ўзига боғлиқ бўлган қўшимча манбалари белгиланмоқда. Жамғарма маб­лағлари қуйидаги аниқ ва муқим манбалар ҳисобидан кенгайтирилади.

2026 йил 1 июлдан бошлаб маҳалла ҳудудида санитария қоидаларини бузганлик ва ноқонуний қурилиш бўйича ундирилган жарималарнинг 10 фоизи тўғридан тўғри маҳалла жамғармасига ўтказилади. Бу маҳалла ҳудуди тозалиги ва тартиби учун ички назоратни кучайтиришга хизмат қилади.

2027 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг (нотурар жойлар бўйича ундириладиган мол-мулк ва ер солиғи бундан мустасно) 15 фоизи ушбу жамғармага йўналтирилади. Бу аҳолининг солиқ тўлаш маданиятини ошириш билан бирга тўланган солиқлар айнан ўша маҳалланинг йўли, чироғи ёки бошқа эҳтиёжлари учун ишлатилишини англатади.

Маҳалладаги ҳудуди 5 минг метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектлари ҳоким ёрдамчисининг онлайн буюртманомасига асосан тўғридан тўғри электрон онлайн аукцион савдолар орқали сотилади. Ушбу савдолардан келадиган маблағлар (баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда) тўлиқ жамғармага тушади.

Маблағларни шакллантиришнинг бундай тизими “маҳалла еттилиги” ва фуқаролар йиғинига нафақат молиявий имконият беради, балки уларда ўз ҳудудидаги бўш турган ресурслардан самарали фойдаланиш, тартиб-интизомни сақлаш ва маҳаллий бюджетни тўлдиришга нисбатан тадбиркорлик ёндашувини шакллантиради. Энг муҳими, маҳалла ўз муаммосини юқори идоралардан маблағ кутмасдан, ўзида шаклланган молиявий куч билан ҳал этиш имкониятини янада кенгайтиради.

Умуман олганда, бугун маҳалла йирик иқтисодий лойиҳалар, тадбиркорлик ва инвестициялар генераторига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, ҳар бир маҳалланинг ўзига хос “драйвер” соҳалари, табиий, иқлим ва деҳқончилик шароитлари, шунингдек, аҳолининг анъанавий ҳунармандлик кўникмаларидан келиб чиқиб, тижорат банклари билан ҳамкорликда янгича тизим йўлга қў­йилмоқда. Эндиликда банклар маҳаллаларга шунчаки кредит берувчи ташкилот сифатида эмас, балки аҳолининг бизнес ташаббуслари ва истиқболли инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантирувчи асосий стратегик шерик сифатида кириб бормоқда.

Бундай ёндашув маҳалладаги ҳар бир қарич ерни, мавжуд инфратузилма ва имкониятларни аниқ иш ўрни ҳамда барқарор даромад манбаига айлантиришга хизмат қилади. Натижада ҳудудлардаги ишсизлик ва камбағаллик масалалари маҳалланинг ўзида ҳал этилади.

Алоҳида таъкидлаш керак, Президентимиз Маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармасига республика бюджетидан 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 200 миллиард сўм ажратилишини белгилади.

Инсон маҳаллада туғилиб, вояга етади, салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш имкония­тига эга бўлади, шахс сифатида камол топади, унинг орзу-умидлари бир бутунликда намоён бўлади. Янги тизим ва молиявий имкониятлар замирида фақатгина иқтисодий кўрсаткичлар эмас, балки адашган инсонни оиласи бағрига қайтариш, умидсизликка тушган хонадонга нур олиб кириш ва ҳар бир фуқарога давлатнинг меҳри ва адолатини кўрсатишдек олий мақсад мужассам.

Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ,

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси, сиёсий фанлар доктори, профессор