Президентимизнинг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”га Қарорига асосан Тошкент вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасида Ахборот хизмати фаолияти йўлга қўйилган.

Бугун ахборот маконида тўғри фаолият олиб бориш соҳа ходимларидан катта тажриба ва малака талаб этилади. Сабаби, замонавий коммуникациялар воситасида ахборот ҳажми кескин ортди, ахборотни узатиш эса тезлашди.   Турли ижтимоий тармоқлар ва ОАВлардаги материалларга ўз вақтида муносабат билдирилмаса, изоҳ берилмаса, турли миш-мишлар, тушунмовчиликларга сабаб бўлади. Шу боис, бугунги матбуот котиблари тезкор, билимли ва замонавий технологияларни пухта эгаллаган бўлиши лозим.

Ана шу мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, Тошкент вилоятидаги туман, шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида жамоатчилик асосида Ахборот хизматлари фаолияти жорий этилди.

Ҳудудлардаги матбуот котиблари учун ўқув-семинар ҳам ташкил этилди. Унда матбуот котибларининг ахборот билан ишлаш кўникмасини такомиллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот хуружлари ҳамда зиддиятли вазиятларга тайёргарлик, медиасаводхонлик, очиқликни таъминлаш, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш маданиятини ривожлантириш, ижтимоий тармоқлар билан тизимли ишлашни йўлга қўйиш, ахборот муҳитида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ижобий имижини яратиш каби йўналишларда билимларни оширишга қаратилган амалий машғулотлар олиб борилди.

— Бугунги ўқув-семинар давомида келгуси фаолиятимиз учун муҳим кўникмаларга эга бўлдик, тажриба тўпладик, — дейди Ангрен шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими матбуот котиби Гулбаҳор Турдалиева. — Айниқса, устоз журналистларнинг бугунги кунда ОАВ ходимларининг, айниқса, матбуот котибларининг холис ахборот тарқатишдаги муҳим ўрни мавзусида жонли мулоқоти барчамизга маъқул бўлди. Ўзимиз учун ниҳоятда фойдали ва қизиқарли маълумотларни олдик. Фаолиятимиз давомида матбуот анжуманлари, брифинглар, пресс-турлар ташкил этиш ва журналистлар билан  ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги кенг тушунчаларга эга бўлдик. Билмаганларимизни билдик, ўргандик, тажриба тўпладик. Ушбу ўқув-семинар келгуси фаолиятимизда асқатади.

  Ўқув-семинар якунида барча тингловчиларга махсус сертификатлар топширилди, дея хабар беради Тошкент вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси Ахборот хизмати.