Анжуманда фонднинг вилоят бўлими бошқаруви ходимлари, туман ва шаҳар бўлими раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар қатнашди.

Йил якунига бағишланган анжуман танқидий-таҳлилий руҳда ўтди. Унда  фонднинг Хоразм вилоят бошқаруви раиси И.Матчанов сўз олиб,  аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами вакилларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар, бухгалтерия ҳолати, ижро интизоми, Президент виртуал ва Халқ қабулхоналаридан келиб тушга мурожаатларнинг ижроси, фонд ҳузурида очилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, яъни “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизлар ва фуқароларга кўрсатилган ёрдам ва бошқа масалалар тўғрисида  оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерларга ахборот берди.

Тадбирда қайд этилганидек,  ўтган 2021 йилда “Умумхалқ хайрия ҳашари”дан фонд ҳисоб рақамига келиб тушган хайрия маблағлари ҳисобидан  Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 февралдаги 46-сон қарорига мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мажмуаларини мебель, техника, бошқа ускуна ва жиҳозларга бўлган эҳтиёжини қоплаш ва  таъминлаш мақсадида  415 миллион 700 минг сўм пул маблағи ҳисобига 26 та маҳалла фуқаролар йиғинига компьютерлар жамланмаси, 47 та маҳалла фуқаролар йиғинига мебеллар жамланмаси олиб берилган.

Байрам ва шонли саналарда ижтимоий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш учун 102 миллион 100 минг сўм пул маблағлари сарфланган. Бундан ташқари, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 75 миллион 300 минг сўмлик пул маблағлари ўтказиб берилган.

Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, етим болалар, ота-она қармоғидан маҳрум бўлган, оғир шароитда бўлган болалар, якка ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар, табиий офатдан жабр кўрганларни қўллаб-қувватлаш, соғлигини тиклаш учун фонднинг “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 130 миллион сўмлик, пул маблағлари ажратилган.

“Мурувват” ва “Саховат” уйидаги ҳамда маҳаллалардаги эҳтиёжманд фуқароларга  “Маҳалла муруввати” МЧЖда  ишлаб чиқарилган  45 миллион сўмлик  кийим-кечак маҳсулотлари етказиб берилган.

Бундан ташқари, "Маҳалла" фондининг ҳудудий тузилмаларини  моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун жами 100 миллион сўмдан зиёроқ, пул маблағлари йўналтирилган. Шундан фонднинг ҳудудий тузилмаларига мебель, оргтехника сотиб олиш учун 25 милион 500 минг сўм маблағ ўтказилган.

Фуқаролар йиғини фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқаролар ва “Маҳалла” фонди тизимида юқори кўрсатгичларга эришган ходимлар ҳамда эҳтиёжманд оилаларни “Navbahor” сиҳатгоҳида дам олиши ва соғлиғини тиклаш учун 140 миллион сўм ажратилган.

Шунингдек, анжуманда фонд ходимлари ва унинг қуйи тузилма раҳбарларининг идорада ўтириб ишни ташкил қилмасдан, ҳар бир маҳалла, ҳар бир оиланинг ҳолатини жойида ўрганиб, халққа сидқидилдан хизмат қилиш лозимлиги таъкидланди.

Тизимда, ўз хизмат вазифасини садоқат ва виждонан бажарган барча ходимларга алоҳида миннатдорчилик билдириб, намунали, фаол ходимларга фонд ҳисобидан    қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Йил якунига бағишланган анжуман якунида оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга  атрофлича жавоб олишди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди

Хоразм вилоят бўлими