Бугунги кунга қадар вазирлик томонидан юқорида айтилган 7 та маҳалладаги уйларнинг атрофлари ободонлаштиришга 98 та ҳашарчилар жалб қилинди, 19 тонна ҳажмда ахлат чиқиндилари, шох- шаббалар чиқариб ташланди, 16 та махсус техникани жалб қилинди. Шу билан бирга мазкур маҳаллалардаги 62 дан зиёд дарахтларга шакл берилди ва оқланди.

Ракат маҳалласи маъмурий биносида «Инновация техномаркази»ни ташкил этиш мақсадида компьютер ва мебеллар билан жиҳозланди.

Муқимий маҳалласида жойлашган 144-сонли умумий ўрта таълим мактабига мактабда мавжуд бўлмаган ва ёшлар учун зарур бўлган спорт анжомлари (волейбол, баскетбол коптоклари, стол тенниси анжомлари ва бошқалар) 500 та китоб ҳамда дивайзерлар тақдим этилди.

«Темир дафтар»га киритилган 8 та фуқарога, «Аёллар дафтари»га киритилган 3 та фуқарога ва «Ёшлар дафтари»га киритилган 2 та фуқарога моддий ёрдам кўрсатилди.Шунингдек, 2 нафар «Аёллар дафтари»га киритилган фуқароларга жами 58 млн.сўмлик кредит ажратилишига амалий ёрдам кўрсатилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан аҳолини касб ҳунарга ўқитиш бўйича 2 нафар «Темир дафтар»га, 2 нафар «Ёшлар дафтари»га ва 1 нафар «Аёллар дафтари»га киритилган фуқаролар ўқишга юборилишига эришилди.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг ишчи гуруҳи томонидан 2021 йил 10 апрель кунига қадар Тошкент шаҳар Яккасарой туманининг 7 та маҳаллаларида 7 та кичик ишчи гуруҳлар ташкил этилган ҳолда уйма-уй юриш орқали 2001 та хонадонлар ўрганилиб, 56 та муаммоли масалалар аниқланди ва 31 таси ҳал этилди.

Ижтимоий соҳа ва бошқа объектларда 32 та ўрганишлар ўтказилиб, 32 тасида муаммоли масалалар аниқланди ва муаммоларнинг 29 таси ижобий ҳал этилди.

5 та ташаббус ҳамда «Ёшлар билан 100 кун» лойиҳаси доирасида умумий ўрта таълим мактабининг битирувчи ёшлари билан «Вазир соати»ни ўтказиб, тадбирда фаол иштирок этган ёшларга интерактив карталар, дивайзерлар ва китоблар тақдим этилди.

Вазирлик томонидан «Технобус» технологик мобил таълим платформаси Муқимий МФЙда жойлашган 144-сонли, Мерос МФЙда жойлашган 100-сонли ҳамда Ракатбоши МФЙда жойлашган 73-сонли умумий ўрта таълим мактабларига олиб борилди ва 200 нафар мактаб ўқувчилари платформа билан яқиндан танишди ҳамда вазирликнинг масъул ходимлари томонидан ўқувчиларга робототехника, юқори технологиялар ҳамда инновацион фаолиятга бўлган қизиқишларини оширишга қаратилган тарғибот ишлари олиб борилди.

Бундан ташқари, вазир томонидан «Конституция» ва «Тепа» маҳаллалари бўйлаб бевосита танқидий руҳда ўрганиш ўтказилди ва аниқланган камчиликлар бўйича аниқ ва мақсадли топшириқлар белгилаб берилди. Жумладан, Конституция маҳалласи Тафаккур кўчасидаги 29 ва 30-уйлар атрофида симёғоч устунлари ва кўп қаватли уйлар кириш йўлагидаги тартибсиз ёпиштирилган эълонлар, уйлар ёнидаги темир панжаралар аҳволи, ерлардаги тартибсиз ўсиб ётган ўсимликлар, чиқиндиларни бартараф этиш, кенг кўламда ҳашар ишларини ташкил этиш ва аҳоли учун уйлар ёнида ўтириш ўриндиқларини қуриб бериш, аҳоли учун эълонлар бурчагини тайёрлаб бериш бўйича топшириқлар берилди.

Яккасарой туманида Яшнабод технопаркининг филиалини ташкил этиш ва маҳалла фуқаролари учун янги иш ўринларини яратиш бўйича ҳам алоҳида топшириқлар берилди. Инновацион ривожланиш вазири «Тепа» МФЙ биносига ҳам ташриф буюриб, бинодаги мавжуд камчиликларни бартараф этишда вазирлик томонидан кўрсатиладиган ёрдамлар, жумладан мебель ва жиҳозлар билан таъминлаш бўйича вазирликнинг масъул ходимларга топшириқлар берилди.