Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантриш агентлиги мутахассислари Россия Федерациясининг Ханти-Мансийск автоном округи бошқарув кадрлари учун маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, жумладан, "маҳаллабай" ишлаш тизими тажрибаси ҳақида амалий семинар ўтказди.

Семинар давомида агентлик масъул ходимлари томонидан "маҳаллабай" ишлаш тизими моҳияти, ҳоким ёрдамчилари фаолияти доирасида эришилган натижалар ва истиқболдаги режалар ҳақида муҳим маълумотлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси билан ҳамкорликда Ханти-Мансийск автоном округи — Югра ҳукумати буюртмаси асосида амалга оширилаётган “Югра ўзгаришлари лидерлари 3.0” махсус дастури доирасида ташкил этилган амалиёт тадбирида мамлакатимизда амалга оширилган маъмурий ислоҳотларнинг маҳаллалар даражасидаги аҳамияти ҳам ўрганилди.

Шу мақсадда тадбир иштирокчилари Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда бўлиб, бу ердаги секторлар фаолияти, янги тизим — "маҳалла еттилиги" иш жараёни билан яқиндан танишди.

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантриш агентлиги масъуллари эътирофича, Ўзбекистон маҳаллаларидаги амалий тизим — "маҳалла еттилиги", ижтимоий дафтарлар фаолияти, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар, аҳолини касбга ўргатиш жараёни, маънавий-маърифий ислоҳотлар россиялик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.