Президентимиз барча даражадаги раҳбарларга фаолияти давомида маҳалладаги мавжуд ҳолатни ўрганиш, ҳар бир ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, унинг “ўсиш нуқта”ларини аниқлашни бугунги куннинг муҳим вазифаси сифатида белгилаб бераётгани бежиз эмас.

“Маҳаллабай” тизимида ишлаш аҳоли муаммоларини тўлақонли ўрганиш, амалий ёрдам кўрсатиш, тадбиркорлик ва касбга ўқитиш, имтиёзли кредитлар орқали бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш имконини бермоқда. 

Бувайда туманидаги “Найман“ маҳалла фуқаролар йиғинини “кўклам кетмайдиган қишлоқ” дея таърифлашади. Ташқарида қиш забтига олиб турган бўлса-да, найманлик томорқачилар баҳор тафтига монанд ишлаш ҳадисини олган. Азалдан деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келган маҳалла аҳли ҳар қарич ернинг қадрига етади, меҳнатига яраша ҳосил олади. Маҳаллада ерга меҳр берган 5 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. 

Ҳар бир хонадон иситиш тизими, электр энергияси талаб қилмайдиган кам харажатли қўлбола иссиқхонада бодринг, булғор қалампири, бақлажон, помидор кўчатлари етиштиради. Улар ички эҳтиёждан ортиб, қўшни Андижон, Наманган вилоятларига ҳам етказиб берилади.

Мавлуда Холмирзаева “Темир дафтар”га киритилган оила бекаси. Хўжалигида томорқа экин майдони бор, лекин топгани рўзғордан ортмайди. Мутасаддилар бу оилага субсидия асосида иссиқхона қуришга ёрдам берди. Бугун оила аъзолари фойдали меҳнат билан машғул. Иссиқхонада сара сабзавот кўчатларининг ривожи авжида. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, биринчи ҳосилдан 10 миллион сўмдан ортиқ даромад олишни кўзлаб турибди.

Дилором Қодирова якка-ёлғиз, меҳнат қилишдан қочмайди. Аммо томорқасини суғориш учун сув таъминотида ўзига хос муаммолар бор эди. Бандликка кўмаклашиш маркази хонадонга сув насоси олиш учун амалий ёрдам берди.

Узоқ йиллар чорвачилик хўжалигида ишлаб нафақага чиққан Абдурашид Акромов уста томорқачи. Кексалик бекорчилик эмас. Оила раҳбари томорқа юмушларини бажаришда фарзанд ва набираларига бош-қош. Хонадон томорқасининг ҳар қаричи ҳисоб-китобли. Етти сотих иссиқхонадаги сабзавот экинлари ҳосил чўғидан далолат бериб турибди. Томорқачи ўз иш тажрибасини маҳалла, қўни-қўшнилар билан баҳам кўради, маслаҳат, йўл-йўриқ беришни канда қилмайди.

— Бу — биринчи  ҳосилимиз, — дейди Абдурашид ака плёнка остида бўй чўзиб турган бодринг кўчатларини кўрсатиб. — Ўтган йили 40 миллион сўмдан ортиқ соф даромад олдик. Машина, уй-жой, тўй-ҳашам мана шу меҳнат ва изланишларимиз маҳсули. Бир дона бодринг кўчатининг бугунги баҳоси 1000 сўм. Бошқа сабзавот кўчатларининг ҳам бозори чаққон. Ҳар бир ютуқнинг ўз заҳмати бор. Ерни тайёрлаш, уруғ қадаш, совуқ кунларда тунларни бедор ўтказиш талаб этилади. Томорқачиликнинг бу олтин қоидасига амал қилмай туриб, бирор ижобий натижага эришиб бўлмайди.

— Ҳудудимизда йирик ишлаб чиқариш тармоқлари йўқ, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Ашурой Исломова. — Лекин бу ишсизлик келиб чиқиши учун асос бўлаётгани йўқ. Икки сотих экин майдони бор одам камбағал, бекорчи бўлмайди. Шу боис, ҳар бир масалага уйма-уй, “маҳаллабай” асосида ечим топишга ҳаракат қиляпмиз. Бекор юрган одам, бўш қолган томорқа майдони йўқ. Йилнинг тўрт фаслида кафтдек ердан унумли фойдаланаётган томорқачилар сафи кундан-кунга ортиб бормоқда. Шу кунга қадар кам таъминланган 33 оила муқим даромад манбаига эга бўлгани боис, “Темир дафтар”дан чиқарилди. Айни кунда ишсиз 22 нафар хотин-қизнинг 11 нафарига субсидия орқали иссиқхона қуриб бериш, бир нафарига тадбиркорлик фаолияти учун кредит ажратиш режа қилинди, яна бири қайта касбга ўқитиш учун йўналтирилди, қолганларга ҳуқуқий, психологик маслаҳатлар берилди.

 Маҳалладаги 864 та хонадондаги 40 гектардан ортиқ томорқа эгалари йилига тўрт мартагача ҳосил олмоқда. Натижада камбағал, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар кундан-кунга камайиб боряпти. Ёлғиз, боқувчиси йўқ, имконияти чекланган оилалар саховатпеша кишилар ҳимоясида.

“Маҳаллабай” ўрганишлар чоғида ишчи гуруҳ туманда 37 минг 148 нафар томорқа ер эгаси борлигини аниқлади. Аҳолининг кам таъминланган қисмини камбағалликдан чиқариш мақсадида 2 та кооперация ташкил этилиб, “Узумзор” маҳалласида 64 фуқарога 32 гектар ер майдони ва Қўштепа ҳудудидан 68 кишига 34 гектар майдон ажратилди. 114 нафарига имтиёзли кредит, 108 нафар ер эгасига субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилди.

— Ишчи гуруҳ тузилиб, хонадонма-хонадон юриб, томорқадан тўғри фойдаланиш назорат қилиняпти, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Бувайда тумани бўлими раиси Олияхон Асқарова. — Шу кунга қадар 36 та маҳалла фуқаролар йиғинида “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойилига асосланиб, томорқачилик анъаналарини ривожлантириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратяпмиз. Жумладан, “Найман” маҳалласида помидор, бодринг кўчатлари, “Оққўрғон” маҳалласида шолғом, редиска, “Юқори Манғит” маҳалласида қулупнай, “Беклар”да лимон етиштириш бўйича тажрибалар оммалаштирилмоқда.

Туманда 450 дан ортиқ янги иссиқхона қурилиб, улар сони 1 минг 183 тага етди. Ташаббус билан чиққан 389 та фермер хўжалиги томорқа майдонларини ҳайдаш, мевали дарахтлар, сабзавот уруғларини етказиб беришда 3 минг  377 та хонадонга кўмаклашмоқда. Барча ҳудудда кичик ҳажмли музлаткичлар, экодўконлар ташкил этилди.

Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, ундан доимо унумли фойдаланиш лозим. Дунёда саъй-ҳаракату заҳматсиз бой бўлган давлат ҳам, хонадон ҳам йўқ. Ҳамма нарса меҳнат, изланишга боғлиқ. Ким меҳнат қилса, роҳат кўради.

Расулжон КАМОЛОВ,

журналист