— Ўша машҳур ҳунарманд-тадбиркор Фотима Қурбонова сиз экансиз-да?!
— Ҳа, Фотима Қурбонова мен бўламан, аммо машҳурлигимни билмас эканман!
— Ҳозир сиздек ўз ҳунари ортидан юзлаб ишсиз, уйда ўтирган аёллар бандлигини таъминлаб, камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшаётган, биргина имтиёзли кредит олиш ортидан ишини яхшигина кенгайтириб, миллий бренд остидаги маҳсулотларни хорижда ҳам оммалаштираётган юртдошларимиз нафақат машҳур, балки доимий эътиборда, ҳурматда, ахир.
* * *
Биз излаб борган қаҳрамонимиз билан суҳбатимиз шундай бошланди. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида истиқомат қиладиган бу аёл кейинги йилларда ҳунармандчиликнинг ўзига хос йўналиши — қолдиқ матолардан ип ўраб, ундан замонавий каштачилик ва эсдалик буюмлар тўқишни оммалаштирган тадбиркорлардан бири. Ҳозирги кунда урфга кирган тўқилган пойабзаллар, беланчак ва сумкалар ўзининг дизайнерлик ишлари асосида тайёрланади. Аёл бу ишни бошлаган вақтлари ипдан тўқилган маҳсулотлар хорижда оммалашаётган эди. Фотима опа эса айни карантин даврида юртимизда биринчилардан бўлиб ипдан пойабзал тўқий бошлаган. Кейинчалик асосий хомашё — ипни ҳам ўзи тайёрлашни йўлга қўйди. Ҳозиргача аёлнинг фаолиятида барча ишлар қўл меҳнатига асосланади. Айниқса, ип ўраш кўп ишчи кучи талаб қилади. Фотима опа эса бунга асосан уйда ўтирган, кам таъминланган ва ишсиз хотин-қизларни жалб қилади. Улар мато қийқимларидан ип ўрайди ва ҳар бир ўрам ип учун 2 минг сўмдан олади. Аёл биргина ана шу ҳунари ортидан нафақат Тошкент шаҳри, балки юртимизнинг барча ҳудудларидаги юзлаб талабгорларни иш ва даромад билан таъминлаяпти.
Ипдан тўқилган маҳсулотлари бозорда жуда талабгир. Экологик тоза ипдан фақат қўл ишида тайёрлангани боис, чет элдан буюртмалар сони ҳам ошиб боряпти. Яқинда Нью-Йоркда ўтган нуфузли мода кўргазмаси учун буюртма асосида 20 та аёллар сумкаси тайёрлаб берди. Ўша мода кўргазмаси акс этган хорижий журнални варақлаганимда, суратларда айнан Фотима опанинг замонавий кўриниш ва бичимда тўқилган сумкаларини кўриб, қойил қолдим. Уларнинг намуналари Чилонзор туманидаги Ботирма маҳалласидан тадбиркорга ажратилган бинога ҳам тахлаб қўйилганди. Буларни кўргач, ушбу ҳунарга қизиқишим янада ошиб, саволларим кўпайди. Бу ишнинг бошланиш тарихи ҳам мен учун қизиқ бўлди.
— Асли касбим ўқитувчилик. Бир неча йил таълим муассасаларида кимё фанидан дарс берганман, — дейди “Yarntextile Fotima Kurbanova” корхонаси раҳбари Ф.Қурбонова. — 2013 йилда салкам ўн йил кутилган фарзандимни дунёга келтирганимдан сўнг бола парваришига чиқдим. Бу таътил кейинги фарзандимникига уланиб кетди. Уйда бекор ўтиришни истамаганим боис, бирор машғулот билан шуғулланиш ўйига тушдим. Шунда бувимдан мерос, қолган тикувчилик ҳунарини такомиллаштиришга қарор қилдим. Интернет тармоқлари орқали пойабзал тўқишни ўрганиб, шу ишга киришдим. Пойабзални шундай сифатли тўқишим керак эдики, косиблардан ўтмасам ҳисоб эмасди. Ва бу мақсадимга эришдим. Ҳозиргача қанчалик тез ишламай, асосий эътиборим доим маҳсулот сифатида бўлади. Чунки харидор сизни ана шу сифат билан таниб қолади ва бу унинг қайта буюртма беришига асос бўлади.
Пандемия даврида шу иш ортидан оила тебратишимга тўғри келди. Турмуш ўртоғим футбол мураббийи бўлгани боис, бир муддат ишсиз қолди. Менга эса тўқилган пойабзаллар учун буюртмалар бера бошлашди. Айниқса, хорижликлар ҳар ҳафта ўнлаб пойабзал буюртма қилишарди. Ўша кезлари шунчалик тез ишлардимки, бир кунда 2 та пойабзал тўқирдим. Чунки бир ўзим бўлганим учун буюртмаларни тезроқ бажаришга интилардим. Кейинчалик бу ишга қизиқувчилар кўпайиб, шогирдларга ўргата бошладим. Уйимиз тор бўлишига қарамасдан ўнлаб ўқувчиларни сиғдириб дарс ўтганман. Яқингача талабгорларга ҳунаримни бепул ўргатиб келдим. Касбим ўқитувчилик бўлгани учунми дарс ўтишни шараф деб билганман. Буюртмаларим кўпайган вақтда шогирдларим кўмаклашган. Аммо уларнинг ҳар бир ишига ҳақ тўлаганман. Ҳам ҳунар ўрганиб, ҳам даромад топган кўпчилик.
Карантин вақтида онлайн дарслар ташкил қилиб, видеоқўлланмалар чиқара бошладим. Бугунги кунгача 5 мингга яқин киши ана шу онлайн курсларда ўқиди. Кейинги бир йилдагина пуллик курслар ташкил этдик. Очиғи, баъзилар ҳунарни дарров кўп пул топиш мақсадида ўрганади. Аммо бу нотўғри. Биринчи навбатда, инсон ишини яхши кўриб бажариши ва ўз устида кўпроқ ишлаши керак. Қолаверса, сифат доим биринчи ўринда турсагина харидор ҳам, даромад ҳам ўз-ўзидан ошиб бораверади.
Пандемиядан кейин харидорларим сони янада ошди. Энди пойабзалдан ташқари бошқа маҳсулотлар ҳам тўқиш устида ишлай бошладим. Ҳозир энг кўп харид қилинаётган чақалоқлар беланчаги, аёллар сумкалари ва бошқа талабгир маҳсулотларга ўтдим. Уларнинг дизайни устида ўзим ишлайман ва доим янгилик қилишга интиламан. Айрим маҳсулотларимиз патентланган, аммо ҳали патент олиниши керак бўлган дизайнларим кўп. Шунинг учун уларни ҳозирча бозор расталарига оммавий сотишга чиқармайман. Асосан маҳаллий ва хорижий кўргазмалардан буюртмалар оламиз.
* * *
Аввалига тўқилган маҳсулотлар ҳақида гап борганида, биз билган анъанавий тўқиш усули бўлса керак деган хаёлга бордим. Тўқилган пойабзалларни тасаввур қилишим ҳам қийин бўлди. Аммо Фотима опа тайёрлаган маҳсулотларни кўргач, тушундим. Гап одатдаги кийим тўқиш ҳақида эмас экан. Бунда матоли қалин ипдан пойабзал, сумка ва бошқа маҳсулотлар қўлда бир-бирига уланиб тикилади.
Қизиғи, уларни тўқишда фойдаланиладиган ип ҳам ғаройиб бўлар экан. Бир қарашда бурама бўлиб қолган мато шунчаки ип сифатида ўраб чиқилгандек. Аслида ҳам шундай. Фотима опанинг айтишича, айнан мана шу бурама шакл тўқиладиган маҳсулотнинг чиройли чиқиши учун зарур. Аёл бу ипларнинг ўралишини илк бор интернет тармоқларида кўрган, кейинроқ уни ўзимизда тайёрлашни йўлга қўйди. Ип қўлда ўралади ва бунга қизиқувчилар ҳам кўп. Уйда ўтирган исталган аёл бу иш билан шуғулланиб, даромад топиши мумкин. Мени, айниқса, ип хомашёси қолдиққа чиқариладиган қийқим матолардан ўралиши ҳайрон қолдирди.
— Буни кўрмаган одам тасаввур қилиши қийин, — деди Фотима опа тушунтиришга уриниб. — Болалигимдан ота-онамнинг касби сабаб кўпроқ бувимникида катта бўлганим боис, тикувчиликни яхши ўзлаштирганман. Шу сабабли, тикиш жараёнида матонинг чети кесиб ташланиб, қийқими қолдиққа чиқарилишини билардим. Одатда бу қолдиқ ташлаб юборилади. Бир видеода ана шу қийқимни ипга айлантириш мумкинлигини кўриб қолганман ва буни ўрганиб олиб, синаб кўра бошладим. Аввалига қийқимларни ип ўраш учун қўшни аёлларга тарқатдим. Кейинчалик ипга талаб ошиб боргач, юртимизнинг барча ҳудудларидаги ателье, тикув цехлари билан шартномалар туза бошладик. Харажатларни тежаш мақсадида ўша ернинг ўзидаги хотин-қизларга видео тарзида иш ўргатилиб, ип ўрашга жалб қилинади. Улар ўралган тайёр ипни жўнатади ва ҳар бир ўрам учун 2 минг сўмдан тўлаймиз. Битта ипни ўрашга 3 дақиқадан кетганда ҳам, тасаввур қилинг, 3 соатда қанча маҳсулот тайёрлаш мумкин. Бу уйда ўтирадиган аёллар учун жуда қулай иш. Улар орасида ҳар уч кунда 500 та ўралган ип олиб келиб топширадиганлари ҳам бор. Меҳнат ҳақи жойида тўланади.
Қолаверса, бу тикув цехлари учун ҳам қўшимча даромад келтиради. Чунки улар чиқиндига чиқариб юборадиган мато қийқимини биз сотиб олиб, қайта ишлаймиз. Цехда мато қийқимлари кесиб олиниб, қопларга жойланади. Маълум тоннага етгач, олиб кетамиз. Қийқим узунлиги оддий ательеда ҳам энг кичиги 5 метр бўлади, цехларда эса бу янада узунроқ. Матолар қават-қават тахлангани боис, улоқ қисми битта рулон тугагандагина бўлади. Шу боис, ипларни ўраганда деярли улоқ тушмайди.
Иплар экологик тоза маҳсулот экани билан ажралиб туради. Ҳатто хорижликлар намуна олиб кетиб текширганида ҳам бу исботланган. Шу боис, чет давлатлардан буюртмалар анча кўп. Фотима опа эса даромад топишдан кўра, кўпроқ аёллар бандлигини таъминлаш ҳақида ўйлайди. Ҳозир унинг ҳунарини ўрганганлар ҳам, уйда ўтириб ип ўраётганлар ҳам шу иш ортидан даромад топиб, оиласи рўзғорига кўмаклашяпти. Биргина корхонанинг ўзида 50 га яқин хотин-қизнинг доимий бандлиги таъминланган. Юзлаб аёллар ип ўраб топширади.
Аёл чет давлатдан 2 та ип ўраш аппаратини ҳам олиб келган. Аммо барибир қўл меҳнатига урғу беради. Шунинг ортидан кўпроқ хотин-қиз ишли бўлсин дейди. Ана шу ташаббусига жавобан Чилонзор туман ҳокимлиги ҳам тадбиркор аёлни доимий қўллаб-қувватлаб келмоқда. Аввалига тадбиркорга Гулистон маҳалласидан, кейинроқ Ботирма маҳалласидан бино ажратилди. Фотима опа шу биноларда ҳам ўқувчиларга дарс ўтиб, ҳам амалий ишларни олиб боради. Бино ичи ўзлари тайёрлаган тўқилган маҳсулотлар билан тўла. Ҳар бири санъат асари гўё. Айниқса, аёллар сумкаларининг бежирим дизайни ҳар қандай нозик дид соҳибасига маъқул келиши турган гап.
Иш аввалида ҳунармандга 100 миллион сўм имтиёзли кредит ҳам ажратилган. Бу пулларни аёл тўғри ишлата олди ва ҳозир каттагина айланма маблағга эга. Фотима опа шуларнинг бари учун юртимиздаги ҳар бир инсонни қўллаб-қувватлашга қаратилган тизим — “маҳалла еттилиги”, туман ҳокимлиги кўмагидан мамнун: “Маҳаллага чиққанимда, улар менга йўл-йўриқ кўрсатишди. Агар шундай қўллаб-қувватлов бўлмаганида бунчалик натижаларга эриша олмаган бўлардим. Ўтган йили давлатимиз раҳбарининг Юнусобод туманига ташрифи чоғида Президентимиз билан суҳбатда ҳам шулар ҳақида гапирдим. Маҳалламиз аҳли доим ёнимда туриб, ҳар томонлама кўмак бераётганларидан миннатдорман”.
Камбағалликдан чиқаришда янги ёндашувлар
Бугун мамлакатимизда маҳалла шунчаки мақомга эга манзил эмас, балки ҳар бир юртдошимизнинг фаровон ҳаёт кечириши, ҳаётидан рози бўлиб яшаши, ишлаб даромад топишига масъул катта бир тизимга айлангани рост. Дунёда муқобили йўқ бу тизим ўтган йиллар давомида янада такомиллашиб бораётгани, самарадорлик аниқ натижаларда кўринаётганига мисолларимиз талайгина. Одамлар бугун ҳақиқатан барча масалада маҳаллага ишоняпти, суяняпти. Бирор муаммо ёки масаласи бўлса, қайсидир ташкилотга югуриш ҳақида эмас, маҳаллага чиқишни ўйлаяпти.
Жорий йилнинг юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номлангани ана шу тизимни такомиллаштириб боришга қаратилаётган эътиборнинг яна бир ифодаси бўлди. Йил бошиданоқ мамлакатимиздаги ҳар бир маҳалла олдига аниқ вазифалар қўйилгани боиси шунда. Асосий вазифа эса аҳоли бандлигини таъминлаб, камбағалликни бартараф этишга қаратилган.
Кеча давлатимиз раҳбари раислигида ўтган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борадаги вазифалар бевосита маҳалла билан боғланиши, айни шу жой ислоҳотларнинг қанчалик ишлаётганини кўрсатиб бериши ҳақида гапирилди. Ана шу ислоҳотлар орқали жорий йилда юртимизда
1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингга етказиш, ишсизлик ва камбағалликни 4,5 фоизга тушириш вазифаси белгилаб олинган.
Мирзоҳид АБДУҚОДИРОВ,
Чилонзор тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари:
— Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини бажариш мақсадида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришда ягона ва қолипга солинган ёндашувлардан воз кечилиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларига асосланган “индивидуал ривожланиш моделлари” ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бундай тажрибалар ҳозир ҳамма жойда бор ва улар оммалашиб боряпти. Биргина, “Сайхунобод тажрибаси” нафақат қишлоқ хўжалигида, балки бутун мамлакат миқёсида ички имкониятларни сафарбар этишнинг намунавий тизимига айланди.
Масалан, пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ер ресурслари чеклангани инобатга олиниб, “ер устида эмас, бино ичида” тамойили асосида янги бизнес экотизими яратилмоқда. Турар жойларнинг ертўлаларидан оқилона фойдаланиш, биринчи қаватларни нотурар жойга айлантириш орқали сервис ва хизмат кўрсатиш нуқталарини шакллантириш шаҳар иқтисодиётини маҳалла ичига олиб киришнинг энг самарали йўли бўлди.
Шунингдек, камбағалликни қисқартиришда раҳбарларнинг масъулияти ва халқ билан юзма-юз ишлаш тизими мутлақо янги босқичга кўтарилди. Ўтган йили Чилонзор туманида шаҳар ва туман даражасидаги 92 та раҳбар ва уларнинг ўринбосарларига эҳтиёжманд оилаларнинг бириктирилиши шунчаки маъмурий топшириқ эмас, балки “инсон тақдири учун шахсий жавобгарлик” тизимидир. Хусусан, Чилонзор тумани мисолида кўрадиган бўлсак, раҳбарлар ўзларига бириктирилган ҳар бир оила аъзоларининг ойлик даромадини камида 1,5 миллион сўмга етказишни стратегик мақсад қилиб олди.
Маҳалла иқтисодиётини юксалтиришда микролойиҳалар энг тезкор ва самарали воситадир. 2025 йилда Чилонзор туманидаги 55 та маҳалланинг ҳар бирида 50 тадан микролойиҳа ишга туширилиши натижасида ҳудудда
2700 дан зиёд янги тадбиркорлик субъекти пайдо бўлди. Тўғри, улар ҳозирча кичик бизнес. Аммо бугунги кичик бизнес эртанги йирик ишлаб чиқаришнинг дебочасидир. Муҳими, ана шу кичик ва ўрта бизнесдан ҳам одамлар яхшигина даромад топиб, ўзи ва атрофдагилар бандлигини таъминламоқда.
Жараёнда “ҳоким ёрдамчиси — банк — тадбиркор” занжирининг узлуксиз ишлаши натижасида Чилонзор туманида 2025 йил давомида 114 мингга яқин аҳоли бандлиги таъминланишга эришилди. Йил давомида “Сайхунобод тажрибаси” асосида амалга оширилган уч мингга яқин микролойиҳалар ҳисобига 5800 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш мақсадида 124 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилди.
Биз учун камбағалликни қисқартириш шунчаки моддий кўмак эмас, балки инсон капиталига йўналтирилган стратегик инвестициядир. 2025 йил давомида эҳтиёжманд оилаларнинг 1434 нафар аъзоси бандлиги таъминлангани, 1890 нафари кафолатланган тиббий хизмат ва 3885 дан зиёд ижтимоий хизматлар билан қамраб олингани, шунингдек, 1142 нафар фарзанднинг таълим ва касб-ҳунарга йўналтирилиши ҳамда 36 та оиланинг яшаш шароити яхшилангани “Инсон қадри учун” тамойилининг маҳаллабай тизимдаги яққол амалий ифодаси бўлди.
2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да олдимизда янада юксак марралар турибди. Мақсадимиз аниқ — ҳар бир маҳаллани камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш ҳамда ҳар бир хонадонга фаровонлик олиб киришга қаратилган ҳаракатларни фаол олиб бориш. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқимиз биздан баландпарвоз гапларни эмас, балки рўзғорида сезиладиган натижани кутмоқда.
Кўпроқ лойиҳа, кўпроқ иш ўрни
Савдо ва хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш соҳалари Тошкент шаҳрининг драйвер йўналишларидан саналади. Шаҳар шароитида шундай манзилларга талаб кўпроқ. Айниқса, кейинги йиллардаги ривожланишлар, одамлар турмуш фаровонлиги ва даромадининг ошиши, пойтахтимизда аҳоли ҳамда сайёҳлар сонининг ортиши мазкур талабни бир неча баробарга кўпайтиряпти.
Охирги йилларда пойтахт шароитида 24/7, яъни туну кун ишлайдиган гастрономик кўчалар ҳам ташкил этилаётгани боиси шунда. Бундай кўчалардаги объектлар кечаси билан ишлаб, одамларга хизмат кўрсатади. Асосан савдо ва овқатланиш нуқталари, турли сервис манзиллари жойлашади. Атрофида ҳордиқ чиқариш учун яшил зоналар, дам олиш масканлари ташкил этилади. Турли хилдаги чироқлар билан ёритилиб, кўча бўйлаб ноодатий дизайндаги ҳайкаллар, фавворалар ўрнатилади.
Бу одамларга қулайлик яратиш баробарида тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қиляпти. Гап шундаки, гастрономик кўча масофаси белгилангач, унинг икки четида сервис объектлари ташкил этилади. Бунинг учун турар жойларнинг биринчи қаватлари нотурар объектларга айлантирилиб, фойдаланишга топшириляпти. Сўнг уларда турли хилдаги хизмат кўрсатиш масканлари ишга туширилиб, бир кўчанинг ўзида ўнлаб янги тадбиркорлик субъектлари пайдо бўлмоқда. Бунинг ортидан юзлаб, минглаб одамлар бандлиги таъминланяпти.
Чилонзор туманидаги Ал-Хоразмий кўчаси географик жиҳатдан қулай бўлишига қарамасдан, авваллари анча кўримсиз жой бўлган. Одамлар фақат ўтиш йўли сифатида фойдаланган. Кўчанинг 1,5 километр қисми ўтган йили гастрономик ҳудудга айлантирилгач, бу ерда ҳаракатланадиган инсонлар оқими бир неча баробарга ошди. Кўчада 74 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 28 тасининг фаолияти кенгайтирилиши натижасида 318 та иш ўрни яратилди. 130 та тадбиркорлик субъекти фаолияти 24/7 иш режимига ўтказилди.
— Шу кўчадаги бир бинони ижарага олиб, “Зўр жой” номи билан овқатланиш маскани ташкил этдим, — дейди тадбиркор Маҳмуджон Абдурашидов. — Бу ерда тез пишадиган таомлар тайёрланади. Иш бошлаганимизга бир ой бўлди. Бинони ижарага олиш, рухсатнома ишларининг барида туман ҳокимлиги, маҳалла вакиллари ёнимда туриб, йўл-йўриқ кўрсатди. Бинонинг ташқари қисмидаги 70 квадрат метр жойдан фойдаланишимга ҳам рухсат берилган. У ерда ҳозирда урфга кирган капсулаларни ўрнатганмиз. Бу кўпроқ одамга хизмат қилишни таъминлайди. Ҳозир 6 та катта капсула бор. Уларда ҳар қандай об-ҳаво шароитида ўтириб овқатланиш учун барча шароитлар қилинган. Ёруғ, шинам, иссиқ капсулада ҳатто минус даража совуқда ҳам одамлар енгил кийимда ўтириб таомланяпти. Атрофимизда ўнлаб овқатланиш масканлари бор, шунга қарамай ҳар бирига талаб юқори. Чунки одамлар кўп, даромад ҳам ёмон эмас. Ҳозирча кунига 200 та одамга хизмат кўрсатяпмиз. Қисқа вақтда буни 400–500 тага етказишни мўлжаллаганмиз.
Боғчада Финляндия тажрибаси
Шароит яратиб берилса, қўрқув бўлмаса, тадбиркорлар сони кўпаявераркан. Буни мамлакатимиз амалиётида кўряпмиз. Ҳар бир маҳаллада 50 тадан микролойиҳа яратиш ҳаракати айтишгагина осон. Аммо унинг кўлами тасаввур қилинса, ақл шошиб қолади.
Таклифга яраша талабнинг ҳам борлиги асосий жиҳатлардан бири. Фарзандли одамлар яхши билади, кейинги йилларда юртимиз бўйлаб қанчадан қанча хусусий таълим масканлари очиляпти. Бу ҳам бўлса, барча соҳалар қатори илмга, таълимга бўлган эътибор каррасига ошгани мисоли. Тадбиркорлик жиҳатидан ҳам бу яхши йўналишга айланди. Хусусий боғча ва мактаблар сони ортгани сари ота-оналарда ҳам танлов имконияти кенгайиб, бу тадбиркорларнинг янада ўз устида ишлаши, билим беришда соғлом рақобатга кириша олишига туртки беряпти.
Чилонзор туманининг Шараф маҳалласида ўтган йилнинг охирида ишга тушган яна бир тадбиркорлик лойиҳаси — “Fairy tail” номли хусусий боғча ҳам болаларни Финляндия тажрибаси асосида ўқитиш ҳамда муассасада барча қулайликларни яратиш орқали замонавий ёндашувларни қўлламоқда. Бу ерда бир қаватли савдо-сервис объектини “ўстириш” ҳисобига тўрт қаватли болалар боғчасига айлантирилди. Лойиҳа ишга тушиши ортидан 45 кишининг бандлиги таъминланди, уларнинг аксари ҳудуддаги кам таъминланган оилалар аъзолари.
— Боғча тўрт қават ҳамда том қисмидаги ўйин майдончасидан иборат бўлиб, 200 дан ортиқ бола ўрнига эга, — дейди иш юритувчи Мадина Дадабоева. — Бизда болаларга Финляндия тажрибаси асосида таълим берилади. Гап шундаки, бу тажриба дунёда етакчи бўлиб, болаларга ўйинлар орқали билим бериш методикаси ҳисобланади. Бу тажрибани чуқурроқ ўрганиб, амалиётга татбиқ этиш мақсадида аввал ўзим, кейин тарбиячиларимиз махсус хорижлик мутахассис ёрдамида ўқиб, халқаро дипломни олдик. Чунки ҳозирги кунда ота-оналар қўядиган асосий талаблардан бири бу — сифатли билим, тоза, шинам шароит, сифатли овқатланиш ҳисобланади. Бизда ана шуларнинг барига жиддий эътибор қаратилган. Боғчада робототехника, мусиқа, актёрлик маҳорати каби кўплаб тўгараклар бор. Болалар учун соғломлаштирувчи массаж, сузиш, спорт машғулотлари йўлга қўйилган. Ҳар ҳафта тиббий кўрикдан ўтказилади.
Боғчадаги ҳар бир хона эшиги ва деворлар ранглари болаларнинг ёши, психологиясига кўра танланган. Ўйинчоқ, идиш-товоқлардан тортиб, замонавий жиҳозларнинг бари экологик маҳсулотдан. Ҳар бир хонага ҳаво тозалагичлар, электрон интерактив доскалар ўрнатилган. Айниқса, хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилган. Ҳеч қаерда бурчак йўқ, кароватлар ҳам фақат бир қаватли. Томдаги болалар майдончасида эса хориждан олиб келинган махсус тўшама ётқизилган бўлиб, бола йиқилса ҳам лат емас экан. Боғча бўйлаб ўрнатилган 200 дан ошиқ кузатув камералари хотираларини эса ота-оналар ҳам бемалол, шаффоф тарзда кўриши мумкин.
Шараф маҳалласи ҳоким ёрдамчисининг айтишича, ўтган йили бу ерда ҳам 50 та микролойиҳа ишга туширилган. Жойларни ажратишда асосан кўп қаватли уйлар ертўласи, биринчи қаватларидан фойдаланиляпти. Тадбиркорлар иш бошлаши учун имтиёзли кредитлар, субсидиялар ажратиб берилмоқда. Мақсад эса юртимизда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва ҳар бир оила даромади ҳамда фаровонлигини оширишга қаратилган.
Юртимиздаги ҳар бир маҳалла ушбу хайрли ишларга бош-қош бўлмоқда. Маҳалла чин маънода бирлаштирувчи, йўналтирувчи тизимга айланди. Бу ҳаракатлар натижалари эса жамият юксалиши, одамлар турмуш фаровонлиги, юрт тараққиётига хизмат қилаётгани барчамизни қувонтиради.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири