Ўзбекистонда маҳаллаларнинг номларини белгилаш, чегараларини аниқлаш ва уларни электрон тизимга киритиш ишлари қатъий қонуний асосда амалга оширилмоқда. Давлат кадастрлари палатаси Республика топонимика бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Жасановнинг таъкидлашича, бу жараён маҳаллалар фаолиятини тартибга солиш ва бошқарувда шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Амалдаги тартибга кўра, маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш ёки тугатиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ҳамда фуқаролар йиғинлари таклифлари асосида, Халқ депутатлари кенгашлари қарорлари билан ҳаётга татбиқ этилади. Маҳалла номларини танлашда фуқаролар ташаббуси ва маҳаллий муассасаларнинг илтимослари асосий омил ҳисобланади. Кадастр агентлиги эса ушбу номларнинг қонунчилик талабларига мослигини давлат экспертизасидан ўтказади.

Жараённинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида туман ва шаҳар ҳокимликлари қошидаги идоралараро доимий комиссиялар ҳар бир таклифни жойига чиқиб ўрганади. Фақат асосли деб топилган хулосаларгина юқори кенгашларга тақдим этилади.

Ҳозирга келиб, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва Кадастр агентлиги ҳамкорлигида 9 008 та маҳалланинг чегаралари хатловдан ўтказилиб, уларнинг ягона геоахборот базаси шакллантирилди. Шунингдек, 1 974 та маҳалланинг номи давлат экспертизасидан ўтказилиб, расман ўзгартирилди. Маълумотларнинг рақамлаштирилиши келажакда ҳудудларни бошқариш ва аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилади.