Паркентлик Маржона Қиёмова анча-мунча йигитлардан шаҳдли, десак хато бўлмайди. У Халқ демократик партияси аъзоси, Паркент тумани ёшлар қаноти раиси.
Айни пайтда Тошкент тиббиёт академиясининг 1 босқич талабаси бўлган қаҳрамонимиз Чирчиқ тиббиёт коллежида ўқиётган кезлари “Ёшлар” радиоси фаолиятини йўлга қўйиб, 2 йил давомида ҳар куни катта танаффус вақтида 40 минут бошловчилик қилгани унинг ташаббускор ва иродали экани кўрсатади. Сўзамоллик, журналистик қобилият шаклланиб борар экан, Маржонада ўз-ўзидан танловларда иштирок этиш истаги кучаяди. 2018 йилда “Юксак маънавиятли авлод юрт келажаги” фестивалининг “Бадиий ижод” йўналишида ўзини синаб кўрди. Интилганга толе ёр, деганларидек, натижа Маржона кутганидан ҳам зиёда бўлди. 1 ўрин.
Шу йили декабрь ойида Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган “Конституция билимдони” танловида ҳам Чирчиқ шаҳрида биринчиликни қўлга киритди. Илк муваффақиятлар унга янада куч бағишлаб, ижодкорлик салоҳиятидан ташқари интеллектуал қобилиятини ҳам ўстириб боришга киришди. Бунинг исботи ўлароқ, 2019 йил Тошкент вилояти Касб-ҳунар коллежлари ва Академик лицейлари ўртасида ўтказилган она тили фан олимпиадасида 2 ўринни эгаллаган бўлса, 2020 йил Республика ОТМлари ўртасида ўтказилган олимпиадада ҳайвонлар биокимёси фанидан иштирок этиб, фахрли ўрин ва махсус сертификатга эга бўлди. Шунинг учунми, ёшгина қиз Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Тошкент филиалида қисқа муддат бўлса-да ишлашга ҳам улгурди.
Ўтган йили талабалик бахтига муяссар бўлган қаҳрамонимиз бу даврни ҳам муваффақиятлар билан бошлади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда "Улуғбек" жамғармаси томонидан ўтказилаётган "Мирзо Улуғбек ворислари" Республика кўрик-танловининг 1, 2 босқичларидан муваффақиятли ўтди. "Стационар ва портатив ультратовуш қурилмаларини ишлаб чиқариш ва такомиллаштириш" лойиҳаси ҳам танловда муваффақият қозонди. Шунингдек, “Мутахассислик бўйича энг яхши талаба” номинациясида 1 ўринни, “Энг ёш кашфиётчи талаба” номинацияларига муносиблик ҳам унга ҳам илҳом, ҳам куч бераверди. Шу маънода Маржона Тиббиёт академиясида ҳам у дарров кўзга ташланди, қолди. Олийгоҳ уни янада шакллантириб, янги-янги қирраларини кашф этди, дейишга асос бор. Чунончи, Академияда таъсис этилган “Зулфия” стипендиясига сазовор бўлган тиришқоқ талаба халқаро талабалар конференциялари, илмий анжуманларда фахрли ўринларни қўлдан бермай келяпти. Халқаро ва Республика журналларида 10 дан ортиқ илмий мақола, кўплаб шеьрлари, 1 та ўқув методик қўлланмаси чоп этилган.
Маржона ўзининг тенгдошлари, умуман, барча ёшларнинг муваффақиятларга эришиши, бунинг учун кўпроқ мутолаа қилишини истайди. Эътиборлиси, у ўз маҳалласидаги болаларнинг ўқимишли, зиёли бўлиши учун нималар қила олиши ҳақида кўп ўйланади. Академияда ўтказилган “Маҳаллам — менинг фахрим” танловида ҳам 1 ўрин соҳибаси бўлгани унинг маҳалласига не чоғли муҳаббатли эканини ҳам англатади.
Шу маънода Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кичик лойиҳалар учун грантлар танловини эълон қилганда, Маржона ўйланиб ўтирмай қадрдон маҳалласи "Кумушкон"да кутубхона очиш лойиҳаси билан иштирок этди. Юртимиздан 200 нафарга яқин иштирокчи қатнашган мазкур танловда Германия элчихонаси унинг лойиҳасини “Энг яхши лойиҳа” деб топди. Шу боис, элчихона дастлаб лойиҳани амалга оширишга 50 млн. сўм миқдорда маблағ ажратишга қарор қилган бўлса, Паркентга келиб, лойиҳа доирасидаги ишлар билан танишишгач, элчихона вакиллари 100 млн сўм ажратишга қарор қилишди. Қолган ҳаражатлар Паркент туман Ахборот ресурс маркази томонидан қопланиши режалаштирилган.
Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан учрашувида иштирок этдим. “Минг афсуски, соғлиқни сақлаш муассасаларида айрим шифокорларнинг аҳоли билан қўпол муомалада бўлиши, одамларни менсимаслик, ўз вазифасини суиистеъмол қилиши каби салбий ҳолатлар ҳамон учраб турибди. Бундай вазиятни ўзгартириш учун, аввало, тиббиёт ходимларининг маънавий дунёсини, беморлар билан мулоқот маданиятини юксалтириш зарур”, дея куйиниб гапирди Президент. Бу бежиз эмас, шифокорларнинг маънавияти, муомала маданияти юксалиши учун ҳам мутолаа керак. Шу маънода давлатимиз раҳбари соҳада дастуриламал бўладиган истиқболли вазифаларни белгилаш баробарида ҳар бир маҳаллада кутубхона бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади. Қолаверса, кўрик-танловларда кўп иштирок этганим учун китоб мутолааси инсон ҳаётида муҳим омил бўлишини чуқур ҳис қиламан, — дейди Маржона. Зеро, бадиий адабиёт ўқиган инсон бошқалардан ажралиб туришини англаб етдим. Шунинг учун ҳамма инсонлар мутолаа маданиятига эга бўлса дейман. Маҳалламда кутубхона очиш ғоясига шу истагим туртки бўлди. Германия элчихонаси лойиҳамга долзарб масала сифатида қараганидан жуда ҳурсанд бўлдим. Маҳалла фуқаролар йиғини биносининг бўш турган зали энди орзуимни рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган бўлди. Кутубхонамиз ҳам электрон, ҳам анъанавий тарзда фаолият олиб боради. Кумушконда 3 мингга яқин киши яшаса, шунинг 1,5 мингга яқини ёшлар. Шундан келиб чиқиб, туман АРМга дастлаб 1,5 мингга яқин китобларга буюртма бердик. Кумушкон туристик ҳудуд бўлгани учун сайёҳларга чет тилларидаги китобларга ҳам алоҳида ўрин ажратамиз. Мактабимизда немис тили ўргатилиши боис, айниқса, немис тилидаги китоблар кўпроқ бўлиши кўзда тутилган лойиҳада. Кутубхонамизда 2 нафар иш ўрни яратилади. Элчихонага барча ҳужжатларни юбордик, насиб қилса, шу ойда маблағ ажратиб беришса, мўъжазгина кутубхонамиз иш бошлайди. Бу ерда нафақат мутолаа қилинади, балки турли танловлар ўтказиш, тўгараклар очишни ҳам мақсад қилганмиз. Умуман олганда, “Китобхон ўқувчи”, “Китобхон талаба” даражасини маҳалламизга нисбатан ўзлаштириб, “Китобхон маҳалла” бўлмоқчимиз.
Хулоса ўрнида шуни айтишни истар эдикки, талабаликнинг илк босқичида шунча шижоати бўлган Маржона насиб қилса, олийгоҳни тамомлагунига қадар янги-янги ғоялари билан кўплаб ёшларнинг нурли келажакка интилишини оширишга муносиб ҳисса қўшади.
Муножат Мўминова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири