Бу, ўз навбатида, маҳаллий Кенгашлардан катта масъулият, тажриба ва ташаббус ҳам талаб қилади. Шу маънода Олий Мажлис Сенати томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш, уларга методик кўмаклашиш, депутатларнинг амалий кўникма ва малакаларини ошириб бориш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда бугун, 14 февралда Олий Мажлис Сенати Раиси Т. Нарбаева иштирокида семинар ташкил этилди. Унда Сенат Раиси 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мазмун-моҳиятини, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига доир чора-тадбирларни батафсил тушунтириб берди.
Семинар давомида Стратегиядаги 2-мақсад бевосита маҳаллий Кенгашлар фаолиятига дахлдорлиги, халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш, уларни ҳақиқий назорат органига айлантириш билан боғлиқ чора-тадбирлардан иборат эканлиги таъкидланди.
Бунда маҳаллий Кенгашларда доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини яратиш, уларнинг ваколатларини кенгайтириш ва аниқ белгилаш орқали ижро органлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш назарда тутилганлиги қайд этилди.
Сенат Раиси таъкидлаганидек, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларида айрим депутатларнинг доимий асосда ишлаш тартиби жорий этилиб, «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари регламенти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашларнинг назорат функцияларини кенгайтириш ва тизимлаштириш мақсадида «Халқ депутатлари Кенгашлари назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тайёрланади.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ахборот технологияларини ҳам кенг татбиқ этиш мақсадида «Рақамли халқ депутатлари Кенгаши» лойиҳасини амалга ошириш белгиланган бўлиб, бу борада халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши томонидан «Электрон Кенгаш» платформаси лойиҳаси яратилганлиги, мазкур амалиётни қолган ҳудудларга оммалаштириш мақсадида Бухоро шаҳрида амалий семинар ташкил этилиши таъкидланди.
Семинарда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг 2021 йил якунлари ҳам сарҳисоб қилинди, маҳаллий Кенгашларда сифат жиҳатдан ҳам муҳим натижаларга эришилганлиги қайд этилди.
Хусусан, 2021 йил давомида маҳаллий Кенгашлар томонидан ўтказилган 4,5 мингдан ортиқ сессияларда 34,4 мингга яқин масалалар кўриб чиқилган, маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг 18 минг мартадан зиёд ҳисобот ва ахборотлари эшитилган.
2021 йил 1 июлдан бошлаб маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига жорий этилган «E-qaror» электрон тизимида бугунги кунга қадар маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилинган 20 мингдан ортиқ қарорлар рўйхатдан ўтказилган.
2021 йил 1 декабрдан маҳаллий Кенгашлар сессияларининг тўғридан-тўғри ёритиб борилаётганлиги аҳолига сессияларни кузатиб бориш имкониятини берди.
Семинарда 2021 йил май ойида 14 та туман ва шаҳарда тажриба шаклида жорий этилган бюджет харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосидаги тадбирларга йўналтириш тартиби 2022 йил 1 январдан эътиборан барча туман ва шаҳарларда жорий этилганлиги, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 30 фоизга оширилганлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида учраётган камчиликлар, айрим депутатларнинг аҳоли муаммоларини ҳал этиш борасида фаол ишламаётганлиги, депутатлик ваколатидан четга чиқиш ҳолатлари учраётганлиги муҳокама этилди.
Шунингдек, семинарда Сенатнинг 23-ялпи мажлисида қабул қилинган ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари самарадорлиги устидан парламент назоратини амалга ошириш ҳақидаги қарори ижросини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Худди шу тартибда халқ депутатлари вилоят Кенгашлари туманларда, туман Кенгаши депутатлари эса маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар устидан доимий равишда назорат олиб боришлари мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича жорий этилган ҳоким ёрдамчиси билан муаммоларни ҳал этишда бирга ишлашлари зарурлиги, бу борадаги ишларни «оила – маҳалла – халқ депутатлари Кенгаши – парламент» тамойил асосида ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Семинарда маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари раислари, котибият мудирлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, вазифалар кўп бўлсада, мақсад битта эканлигини қайд этиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.