Тадбирда дастлаб, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўз олиб, халқимизнинг замонавий тиббий хизматларга бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш, тиббиёт ютуқларидан инсон саломатлиги йўлида оқилона фойдаланиш, тиббиёт тармоғидаги ишларни янги босқичга кўтариш борасида «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда уюшма ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтди.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар уюшмаси раиси Отабек Жиянбаев уюшма фаолияти ва амалга оширилган ишларга тўхталиб, Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда 2164 та тиббий асбоб-ускуналар ва 1507 та тиббиёт буюмлари рўйхатга олингани, 2020 йилгача Ўзбекистонда тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи 20 та корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 34 тага етганлигини маълум қилди.

Айни кунда ушбу корхоналарда 100 турдаги тиббий асбоб-ускуналар, 299 номдаги тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарилмоқда. Шу билан бирга, хорижий компанияларнинг 224 та тиббий асбоб-ускуналари рўйхатга олинган. Шу билан бирга, тиббий асбоб-ускуналарни рўйхатдан ўтказиш жараёни анча соддалаштиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилган.

Очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтган тадбир давомида соҳа мутахассислари ва экспертлар томонидан тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлаш ва аҳоли талаб-эҳтиёжидан келиб чиқиб, маҳсулотлар турини ошириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича ҳам фикр ва таклифлар муҳокама қилинди.

Тадбир якунида Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар уюшмаси билан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Тошкент шаҳар бўлинмаси ва Самарқанд давлат тиббиёт институти ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Шунингдек, соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган тиббиёт фанлари доктори, профессор Акрам Фазилов, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Тошкент шаҳар бўлинмаси раҳбари Дилшод Шоумаров ҳамда Асқар Тўхтаев Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш ва етказиб берувчилар уюшмаси томонидан жорий этилган “Ўзбекистон Республикасида тиббиёт техника соҳасидаги кўп йиллик хизмати ва соҳа ривожига қўшган ҳиссаси учун” эсдалик нишони билан тақдирланди.