Давлат раҳбарининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Яшнобод туманидаги Технопарк ўз фаолиятини бошлаган эди. Ўтган қисқа вақтда бу ерда замонавий саноат тармоғи йўлга қўйилди. Бу ерда ҳозирги кунда умумий қиймати 365 миллион доллардан зиёд 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Камолиддин АҲМЕДОВ,
Алюмин композит панеллар ишлаб чиқариш заводи директори:
— Президентимиз 23 апрель куни Технопаркка ташрифлари давомида бизнинг алюмин композит панеллар ва металл конструкциялар ишлаб чиқарувчи корхонамиз фаолияти билан ҳам танишди. Заводимиз жорий йилда ишга туширилган 4 та лойиҳанинг бири бўлиб, ҳозирги кунда 4 турдаги алюмин композитлар ишлаб чиқармоқда. Буларнинг орасида энг асосийларидан бири — алюком композит панели ҳисобланади. Бу қурилиш хомашёси умуман ёнмайди. Шу боис, дунё бозорларида унга талаб ортиб бормоқда.
Яна бир маҳсулотимиз — тўлиқ алюминдан иборат, 3Д форматдаги композит панели ҳам юртимиз учун янгилик ҳисобланади. У жуда енгил бўлгани боис, фойдаланишда қурувчиларга ишлашда енгиллик туғдиради. Бу каби юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхонамизнинг асосий мақсадига айланган. Бунинг учун фақат сараланган хомашёдан фойдаланамиз. Иш жараёнининг катта қисми автоматлаштирилган. Ишлаб чиқариш 2 миллион доллар эвазига харид қилинган илғор хитой технологияси асосида амалга оширилади. Заводда 80 нафар иш ўрни ҳам яратилган. Битта линиянинг ўзини 7 та оператор бошқаради.
Замонавий қувватлар ёрдамида ишлаб чиқариладиган 432 минг дона маҳсулот 10 миллион долларлик импорт, 3 миллион долларлик экспорт ўрнини тўлдириш имконини бермоқда. Юқори сифатли, ёнғинга бардошли, заҳарли моддалардан ҳоли ҳамда юқори даражада ҳимоялаш хусусиятига эга ушбу маҳсулотларга ички ва ташқи бозорда харидорлар сони ортиб боряпти.
Маҳсулотларимизга қурилишдан ташқари, машинасозлик соҳасида ҳам талаб бор. Автобус ва юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар — “SamAuto” ҳамда “ManAuto” билан ҳамкорлик келишувларимиз йўлга қўйилган. Унга кўра, автобусларга алюмин композит панеллар етказиб берамиз.
Металл конструкциялар ишлаб чиқариш лойиҳасининг қиймати 29 миллион долларга тенг. Шунга яраша, импорт ўрнини босиш даражаси ҳам нисбатан юқори — 16 миллион доллар. 1,5 миллион долларлик экспорт ҳам режалаштирилган. Маҳаллийлаштириш даражаси 35-40 фоизни ташкил этмоқда. Барча лойиҳаларимиз доирасида 350 киши иш билан банд бўлади.
Бугунги кунда корхонанинг асосий хомашёларидан бири бўлган алюмин фалгасини хориждан импорт қиляпмиз. Президентимизнинг топшириқлари асосида четдан олиб келинадиган хомашёни ҳам ўзимизда ишлаб чиқариб, маҳаллийлаштириш кўрсаткичини оширишни мақсад қилдик. Бу товар таннархининг тушиши ҳамда ички бозорларимизга арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб беришимизга хизмат қилади. Қўшилган қиймат яратадиган маҳсулотлар тайёрлаш эса, экспорт имкониятимизни кенгайтиради.