Мурожаат назоратга олиниб, вазиятни ўрганиш ва тегишли чоралар кўриш учун омбудсманнинг ҳудудий вакили Женисбай Шлимбетовга юборилди.
Омбудсманнинг ҳудудий вакили кўрган чоралар натижасида маҳкума Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиалига даволаниш учун юборилди. Маҳкума 2 ойдан ортиқ вақт давомида ушбу муассасада керакли муолажаларни олган.
Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги ҳудудий вакили Муродилла Нормуродов Косон туманидаги 10-жазони ижро этиш муассасасида сайёр қабул ўтказганида маҳкум Қ.Х. оиласи ижтимоий ёрдамга муҳтожлигини маълум қилди. У вояга етмаган фарзандлари борлиги, турмуш ўртоғининг ишлаб топган пули оилани тебратишга етмаслиги сабабли у бола пули олишга ҳаракат қилаётганини айтган. Аммо маҳкумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини янгилаш муддати ўтиб кетгани сабабли ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммолар юзага келганини билдирган.
Маҳкум оиласининг ижтимоий ҳолати инобатга олиниб, аризаси бўйича тегишли органларга мурожаат қилинди ва унга шахсни тасдиқловчи ҳужжат ID карта расмийлаштирилди.
Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги ҳудудий вакилига 36-манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган бухоролик маҳкум Т.И. оиласига моддий ёрдам кўрсатилишида ёрдам сўраб мурожаат қилган. Аниқланишича, 2020 йилда табиий офат сабабли маҳкумнинг оиласи яшаб келаётган Қоракўл туманидаги уйга зарар етган. Табиий офат натижасида зарар кўрган оилаларга ҳокимлик томонидан қурилиш материаллари олиб берилган. Маҳкум мурожаатида уйни капитал таъмирлашни исташи, бунинг учун яна қўшимча қурилиш маҳсулотларини сотиб олиш кераклиги, лекин моддий имконияти йўқлиги сабабли ёрдам сўраган.
Мурожаат Омбудсманнинг Навоий ва Бухородаги ҳудудий вакиллари ҳамкорлигида кўриб чиқилди. Омбудсманнинг Бухородаги ҳудудий вакили Абира Хусейнова мурожаатни жойига чиқиб ўрганиш мақсадида маҳкум оиласи яшаётган манзилга борди. Ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам маҳкум оиласи оғир шароитда яшаши маълум бўлди. Уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича туман ҳокимликка мурожаат қилиниб, керакли қурилиш материаллари олиб берилди.