Тадбирни ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа очиб берди. Шундан сўнг Инновацион ривожланиш вазири сўзга чиқиб, жадидчиликка оид махсус платформа яратиш устида иш олиб борилаётганини айтиб ўтди. Конференцияда Европа, Россия ва Евроосиё таълим маркази директори ўринбосари, АҚШ Мичиган давлат университети, Россия Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қошидаги Россия Давлат Ҳуқуқшунослик университети, Туркиянинг Ege Üniversitesi, Бобожон Ғафуров номидаги Хўжанд давлат университети ҳамда Озарбайжон Миллий илмлар Академияси, Низомий Ганжавий номидаги адабиёт институтидан мутахассис-олимлар маърузалар билан иштирок этишди.

— Конференцияни ташкил этишдан асосий мақсад, мамлакатимизда журналистика ва коммуникациялар соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг меросини ўрганишда маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида илмий алоқаларни ўрнатиш, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир, — деди ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа. — Агар жадидлар фаолиятига тўлиқ йўл берилганида эди, биз бугун иккинчи эмас, учинчи Ренессанс даврида ривожланаётган бўлар эдик. Шундай экан, бугунги тинч ва илмга кенг имкониятлар яратилаётган даврда жадидлар тарихи, адабий-бадиий мероси, уларнинг илм-маърифатни йўлга қўйишдаги машаққатларини нафақат ўрганиш, балки чин дилдан ҳис қилиш ҳам муҳимдир.

Онлайн мулоқотда жадидлар фаолиятининг турли қирралари, уларнинг таълим-тарбия борасилаги фикрлари ва ҳаракатлари, журналистик фаолиятидаги очилмаган жиҳатлар, адибларни илҳомлантирган шахслар ҳамда улар яшаган давр муҳитига оид қизиқарли фактлар ёш тадқиқотчилар ҳамда илм аҳли учун фойдали бўлди.

Эътиборлиси, конференция тўпламида нашр этилган илмий тезислар GOOGLE SCHOLAR халқаро базасида индекцияланади. Ҳар бирига DOI (Digital Object Identifier) рақами берилади.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Медиа назарияси ва амалиёти кафедраси ташаббуси билан ўтказилган конференция ҳақиқий маънода ўзаро фикр алмашиш, янги билимларни ўзлаштириш майдонига айланди.

Тадбир сўнггида миллатни уйғонишга, маърифатли бўлишга чорлаган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёт йўллари, ижод олами ҳали асрлар давомида келажак авлодга катта ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.