Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони(ПФ–79-сон, 26.05.2023 й.)га кўра, 2023 йил 1 сентябрдан:

▫️мактаб директорига ўз ўринбосарларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, ажратилган умумий соатлар доирасида ўқув режаларига 15 фоизгача ўзгартириш киритиш масалаларини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади;

▫️туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг мактаб фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш бўйича ваколатлари бекор қилинади;

▫️ҳудудларда энг тажрибали мактаб директорларидан иборат Директорлар кенгашлари тузилади;

▫️мактаб директорлари Директорлар кенгаши тавсиясига асосан ҳудудий бошқармалар томонидан очиқ танлов асосида лавозимга тайинланади.

 2024 йил 1 январдан мактаб директорларини ҳар 5 йилда бир маротаба касбий сертификациялаш тизими жорий этилади. 

Бунда, сертификациядан ўта олмаган директорлар белгиланган тартибда лавозимидан озод этилади.

Фармонга мувофиқ, қуйидагилар бекор қилинади:

маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларини лавозимга тайинлашда туман (шаҳар) маънавият ва маърифат маркази томонидан тавсия бериш амалиёти;

жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини ишга қабул қилишда спорт соҳасидаги ваколатли давлат органининг ҳудудий бўлимлари ҳамда спорт мактаблари методистлари томонидан йўлланма бериш тартиби.

2024 йил 1 январдан:

▫️бола туғилганидан сўнг, доимий яшаш манзилидаги микроҳудудга бириктирилган мактабда онлайн ҳисобга қўйилади;

▫️мактабларнинг ҳар ўқув йили учун қабул режаси my.maktab.uz электрон платформасида шакллантирилади.

Шунингдек, 2023/2024 ўқув йилидан “Сирдарё тажрибаси” асосида ҳар битта ҳудудда биттадан замонавий “Баркамол авлод” болалар мактаблари ташкил қилинади.