«Ko’zgu film» студияси томонидан суратга олинган мазкур фильмнинг намойиши 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Киномедиаклуб» даврасида ОАВ вакиллари, мутахассислар, киноижодкорлар ҳамда блогерлар учун Агентлик буюртмасига биноан ташкил этилди.

Намойишга фильм ижодкорлари ҳам ташриф буюришди.

Тадбир аввалида Агентлик Бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев ҳамда Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов Агентлик томонидан суратга олинаётган янги лойиҳалар, турли жанрдаги фильмлар ҳақида сўзлади.

Мазкур кинокартинада ижтимоий муаммолар акс эттирилган бўлиб, ўқитувчилар ва ўқувчилар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, картина воқеаларида турли характердаги ўқитувчиларнинг касбий фаолиятидаги зиддиятлар ва кескин тасодифий вазиятлар ўрин олган.

«Мактаб–ҳаётим» кинокартинасида ролларни Равшан Жўраев, Тамара Мирмақсудова, Абдулазиз Рашидхўжаев, Аброр Йўлдошев, Беҳзод Ҳамроев ва бошқалар ижро этишган. Сценарий муаллифи Нурилло Аббосхон, постановкачи режиссёр Илҳом Муҳаммадиброҳимов, оператор Музаффар Юсупов, бадиий раҳбар Рашид Маликов, продюсер Қудратилла Файзуллаев.

Намойишдан сўнг, фильм муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда мутахассислар ва киноижодкорлар томонидан ютуқ ва камчиликлар айтиб ўтилди. Тез кунда фильмнинг катта премьераси бўлиб ўтади, деб хабар беради Кинематография агентлиги матбуот хизмати.