Бу жараёнда ишчи гуруҳ томонидан истеъмолчиларга ёнилғи-энергетика ресурслари ва кўмир маҳсулотларининг ўз вақтида етказиб берилиши, шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, таълим муассасалари, маданият ва спорт объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги билан боғлиқ тадбирларни назорат қилиш кўзда тутилган. Бу борада турли вилоят ва чекка ҳудудларда ҳам бу каби ишлар сезиларли даражада олиб борилмоқда.

Хусуcан, федерациянинг Бухоро вилояти ҳудудий бирлашмаси раиси раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан Ғиждувон тумани Додарак МФЙда жойлашган 36-умумий ўрта таълим мактабида ўрганиш ишлари олиб борилганида, ушбу мактабда хоналарни иситиш мақсадида табиий газга мўлжалланган печь ўрнатилгани, бироқ табиий газ анчадан бери келмаётгани маълум бўлди. Ҳозир эса ушбу мактабни иситиш учун ҳар йили мажбурий тарзда 43 минг 364 кг кўмир берилади.

Аммо ҳеч ким унинг зарарли томонларига эътибор қаратмаган. Хўжалик ишлари мудирининг сўзларига кўра, иситиш мақсадида (газ бўлмагани сабабли) ҳар йили қўлбола печлар ўрнатилади. Бундан келиб чиқадики, бу ерда ис газидан заҳарланиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас.

Танганинг икки томони бўлгани каби, масаланинг ҳам иккинчи томони бор, яъни бу мактаб аслида «снос» рўйхатига тушган, лекин унинг қачон таъмирланишини ҳеч ким билмайди. Мактаб омборхонаси кўздан кечирилганда бу ерда кўмир сақлаш учун етарли шароит яратилмагани, берилган кўмир эса талабга жавоб бермаслиги маълум бўлди. Бундан ташқари, спорт залининг том қисми талабга жавоб бермайди.

Шунингдек, синфхоналардаги шароит умуман қониқарсиз аҳволда... Ўқув партаси синиқ, пол қисми бетонлаштирилган, ленолиумлар эса абгор аҳволда. Эшик ва дераза ромлари цинган, қишда дераза тирқишидан совуқ кирмаслиги учун целлофандан фойдаланилади. Бундан ташқари, ёнғин хавфсизлиги чоралари кўрилмаган, ўт ўчириш мосламалари билан тўлиқ жиҳозланмаган. 

Хулоса шундайки, соҳада муаммоли масалалар ҳалигача ечимини кутмоқда. Уни бартараф этишга ҳаракат қилиняпти, албатта. Муаммо борлигини кўрсатиш билан иш битмайди. Уни бартараф этиш учун эса аниқ таклифлар зарур. Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан умумлаштирилган маълумотнома тайёрланиб, уларни зудлик билан бартараф этиш кўзда тутилган.

Шаҳбоз АБДУСАТТОРОВ, 
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини 
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати мутахассиси