Бир нечта китоблари чоп этилган, ёзган спектакллари саҳналаштирган ижодкор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси сифатида, қолаверса, инсонлик бурчим юзасидан китоблар ҳақида таъкидлашдан ҳеч толмайман. Чунки инсон камолоти, маънавияти, руҳий ўсишида китобнинг ўрни жуда катта. Бугунги шукуҳли кунларда ҳам дилимдан шундай ўйлар кечиб турибди.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги ҳамда билимлар куни муносабати билан 6 сентябрда Олмазор туманидаги биринчи мактабда «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик» шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди. Дилтортар куй-наволардан иборат даврани она тили ва адабиёт устози Малоҳат Содиқова олиб борди.

Китоб борасида гап бошланган экан, уни мухтасар қилсак. Бугун китоб ўқишликнинг иккита яхши тарафини айтмоқчиман. Бу ҳар бир инсон: ёшу қари учун бирдай муҳим. Китоб ўқиган инсоннинг мия ҳужайралари орасидаги кўприклар яъни боғланиш йўллари кўпаяди. Яна ким кўп китоб ўқиса, нутқи равон бўлади. Нутқи бенуқсон кишининг эса эл орасида обрўси баланд бўлади. Шунинг учун халқимиз «Иш билганга бир танга, гап билганга минг танга» деб топиб айтган. Китоб мутолаасининг ана шундай яхши хислатларини яна кўплаб санаш мумкин.

Ҳозирги ёшлар орасида билим беришни тарғиб қилиш билан бирга, улар орасида дўстликни, аҳил-иноқликни ҳам тарғиб қилиш муҳим. Бир стол атрофида оила аъзолари билан баҳамжиҳат ўтириб ўсиб вояга етган болаларда дўстлашиш хислати кучлироқ бўлади. Ҳозир мактабларда болалар орасида кўпайиб бораётган муштлашиш, пичоқбозлик, ҳуқуқбузарликлар боришини олдини олиш чораларини кўриш керак. Бунинг учун спорт мусобақалари, турли ижодий тадбирларни тизимли ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Синфда қизлар ва ўғил болалар алоҳида-алоҳида дўстлар гуруҳини ташкил этиши керак. Ажратмачилик қилиш, табақалаштириш, гуруҳбозликка чек қўйиш бурчимиз. Биз бир халқ сифатида, бир миллат сифатида бир синф бўлиб, бир мактаб бўлиб, бир оила, бир маҳалла бўлиб, бир дастурхон атрофида жипслашсак давлат сифатида фаровонликка, кўзлаган мақсадимизга етамиз. Чунки дўст дўстини алдамайди.

Бахтимиз шу маконда,

Ажиб гўзал замонда,

Кўришамиз ҳар онда,

Дўст бўлишга мажбурмиз.

Туташдир илдизимиз,

Бирдир ой, юлдузимиз,

Ўхшаш қош-кўз, сўзимиз,

Дўст бўлишга мажбурмиз.

Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонида Шопур ва Фарҳоднинг дўстлиги ибрат, намуна бўлгулик. Ишққа мубтало бўлган қаҳрамон Фарҳод айёр кампир тузоғига тушиб турли балоларга гирифтор бўлади. Ана шундай оғир вазиятларда Фарҳодга дўстлик таянч бўлади. Шопур дўсти унинг дардлардан фориғ бўлишида кўмак беради.

Тадбирда сўзга чиққан «Ўзгалар дарди», «Кўнгил» ва юздан ортиқ спектакль, киноларда бош ролларни ижро этган Ўзбекистон Халқ артисти Муқаддас Ҳолиқова ҳам мактабда ўзи бошдан кечирган хотиралари билан ўртоқлашди. Бошланғич ва катта синф ўқувчилари шеърлар айтиб, қўшиқ ва рақслар ижро этди. Шу билан бирга жамоатчилик ишларида ва таълим соҳасидаги хизматлари учун бир неча педагог, устозлар тақдирланди.

Сўзга чиққан мактаб директори Йўлдош Шорустамов ҳукуматимиз томонидан мактабларга ажратилаётган эътибор ҳақида ва янги ўқув йилида ўқувчилар ўқиб ўзлаштириши зарур бўлган билим, кўникмалар, вақтдан унумли фойдаланиш ва ҳар бир ўқувчининг мактабдаги мақсади бўлиши кераклигини таъкидлади. Дарҳақиқат, болалар мактабдаги мақсадлари нима эканлигини билишлари жуда муҳим. Улар ўз ҳаётларида мақсадларини топишида шу каби учрашувлар, адабий тадбирлар, устозлар ўгити ва албатта китоб катта кўмакчидир.

Ўзбектош Қиличев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.