Болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган Маъмурий регламентга мувофиқ амалга оширилади. Унга кўра, навбатга қўйиш жараёнида қуйидаги тоифадаги болалар имтиёзли рўйхатга киритилади.
Жумладан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари, кўп болали оилалар фарзандлари, етим ёки ота-она қарамоғисиз қолган болалар имтиёзга эга ҳисобланади.
Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларнинг болалари, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ҳамда “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилалар фарзандлари ҳам ушбу рўйхатдан жой олган.
Бундан ташқари, “Аёллар дафтари”га киритилган ёлғиз аёлларнинг болалари, шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбийлар, ички ишлар ва божхона органлари ходимларининг фарзандлари, талабалар ва педагогларнинг болалари ҳам имтиёзли тоифага киради.
Ака-опа ёки сингил-укалари айни шу мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган болалар, шунингдек, ихтисослаштирилган МТТдан соғайиб, умумий турдаги боғчага ўтказилаётган болалар учун ҳам устуворлик берилади.
Муҳим жиҳат шундаки, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат мактабгача таълим ташкилотларига навбатга қўйилмасдан жойлаштирилади. Бунда жойлаштириш “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ижтимоий ходимлари ёки боланинг қонуний вакиллари орқали бевосита амалга оширилади.
Мазкур имтиёзлар ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни биринчи навбатда қамраб олиш, оила шароити оғир бўлган фарзандлар учун тенг имконият яратиш ҳамда давлат қўлловини аниқ эҳтиёжманд тоифаларга йўналтиришни мақсад қилган.