Мактабгача таълим тизими узоқ йиллар давомида етарли назорат қилинмаганлиги оқибатида тизимда қонунбузарлик ва суиистеъмолликлар авж олган, деб хабар беради Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати. Бу каби нохуш вазиятларга қарши курашиш мақсадида 2017 йилнинг 30 сентябрида тўғридан-тўғри вазирга бўйсунувчи Ички аудит хизмати ташкил этилди.
2020 йилнинг бошида вазирлик 2018-2019 йилларда аниқланган қонунбузарликларни таҳлил қилиб, ҳукуматга қатор таклифларни киритди. Вазирлик ташаббуси билан Ҳисоб палатаси ҳамкорлигида бошқа вазирлик ва идораларнинг мутахассислари жалб қилинган ҳолда бюджет маблағларининг самарали ишлатилиши юзасидан чуқур таҳлилий ўрганишлар ўтказилди. Ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасида 48,3 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди.
Айбдор деб топилган шахслардан бюджет ҳисобига 2019 йилда 9,5 миллиард сўм, 2020 йилнинг биринчи ярмида эса 4,1 миллиард сўм, жами 13,6 миллиард сўм маблағ ундириб олинди.
МТВнинг Ички аудит хизмати бошлиғи Дилшод Норматовнинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжатлар асосида прокуратура томонидан бир қатор жиноий ва маъмурий ишлар қўзғатилган, вазирлик эса молиявий қонунбузарликларга йўл қўйган мудира ва ҳисобчиларни ишдан бўшатган.
«Камомад ва коррупция ҳолатларини аниқланганда МТВ масъул жавобгар шахсларни ишдан бўшатиб, аниқланган қонунбузарликлар юзасидан ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборади. Аммо ушбу шахслар ижтимоий тармоқларда ёлғон хабарлар тарқатиб, жамоат фикрини манипуляция қилишгача бормоқдалар. Баъзи блогерлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари уларга ишониб, мудираларнинг «ноқонуний» ишдан бўшатилганликлари ҳақидаги маълумотларни ёзмоқдалар. Масалан, яқинда Андижон вилоятидаги мудираларнинг «ноқонуний» ишдан бўшатилиши ҳақидаги хабарлар тарқатилганди. Ушбу хабарларда мудиралар «қийин аҳволда юрганликлари»,«ўта оғир руҳий сиқилишларга дуч келганлари» қайд этилган. Уларнинг талқинида гўёки ноқонуний тарзда ишдан бўшатилганлар орасида Қўрғонтепа туманининг 2-сон МТМ мудираси (ноқонуний харажат миқдори 39,9 миллион сўм), Андижон шаҳридаги 25-сон МТМ мудираси (ноқонуний харажат миқдори 32,7 миллион сўм) бор. Прокуратура уларга нисбатан жиноий иш қўзғатган, аммо мудираларнинг ўз айбини тан олганлиги ва етказилган зарарни бартараф этганлиги сабабли жиноят иши тугатилган. Бу каби собиқ мудиралар астойдил МТТларга қайтишга ҳаракат қилмоқдалар, аммо МТВ ташаббуси билан қонунбузарларнинг мактабгача таълим тизимига раҳбар лавозимига қайта олинмаслиги қонун билан чегараланган», - деб, таъкидлади Ички аудит хизмати бошлиғи Дилшод Норматов.
2019 йил ва 2020 йилнинг биринчи ярмида аниқланган йирик молиявий қонунбузарликлар:
- 900 миллион сўм — Каттақўрғон шаҳрининг 10-сон махсус МТМдаги ноқонуний харажатлар (Самарқанд вилояти);
- 301 миллион сўм — Олмазор туманининг 509–сон МТТдаги молиявий қонунбузарликлар (Тошкент ш.);
- 202 миллион сўм — Пешку туманининг 22-сон МТТдаги камомад ва ойлик иш ҳақи тўлов қайдномаларининг қалбакилаштирилиши (Бухоро вилояти);
- 150 миллион сўм — Миришкор туманининг 8-сон МТТдаги озиқ-овқат ва моддий бойликларнинг камомади, «ўлик жонлар» ва тўлов қайдномасидаги имзоларнинг қалбакилаштирилиши (Қашқадарё вилояти);
- 101 миллион сўм— Гулистон туманининг 11-сон МТТдаги иш ҳақи тўловларнинг ортиқча сарфланиши (Сирдарё вилояти).
Мактабгача таълим вазирлиги Ҳисоб палатаси билан биргаликда молиявий қонунбузарликларни аниқлаш, профилактикасини таъминлаш ва олдини олиш бўйича Йўл харитасини ишлаб чиқди ва ушбу ҳужжат 14та вазирлик ва идоралар билан келишилди. Шунингдек, Бош прокуратура билан ҳам мактабгача таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича Йўл харитаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Шуни таъкидлаш жоизки, Бугунги кунда 6 мингга яқин давлат МТТларида 223 минг ходим фаолият юритади. МТВ мактабгача таълим тизими Ички аудит хизмати бола ҳаққига хиёнат қиладиган виждонсиз инсонлардан халос этиш борасида ўз ишини давом эттиради.