Қарорга кўра, 2021–2022 ўқув йилидан республиканинг барча ҳудудларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) мобиль гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш тизими жорий этилади. 

Қарор билан Мактабгача таълим мобиль гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Мобиль гуруҳлар замонавий талабларга жавоб берадиган ва белгиланган нормативларга мувофиқ қайта жиҳозланган махсус автотранспортлар – автобуслар базасида ташкил этилади.

Бир мобиль гуруҳдаги болалар сони камида 16 нафар, кўпи билан 30 нафар бўлиши лозим. 

Мобиль гуруҳларга болалар қуйидагилар асосида қабул қилинади:

боланинг қонуний вакиллари аризаси;
туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари томонидан бериладиган йўлланма;
бола соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотнома.

Мобиль гуруҳларда ўқув йили ҳар йили 2 сентябрдан келгуси йилнинг 31 майигача ҳамда ёзги соғломлаштириш даври 1 июндан 31 августгача ҳисобланади.

1 сменадаги машғулотлар давомийлиги 3 соатгача бўлиши лозим. 

Мобиль гуруҳларда давлат мактабгача таълим хизматлари бепул кўрсатилади. 

Мобиль гуруҳларнинг иш тартиби 1 кунда 3 сменагача, ҳафта давомида 6 кунгача амалга оширилиши мумкин.