Қарорга асосан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Фан олимпиадалари маркази ташкил этилади.

Марказнинг асосий фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • иқтидорли ҳамда фанларни чуқур ўрганишга қизиқадиган ўқувчиларни аниқлаш ва селекция қилиш, улардаги истеъдодни янада ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
  • халқаро ва республика миқёсида мактаб фанлари бўйича ўтказиладиган олимпиада, мусобақа ва танловларни ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш;
  • олимпиадалар ўтказиш бўйича халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ушбу соҳадаги илғор хорижий тажрибаларни республика миқёсида оммалаштириш.

2025 йил 1-октабрга қадар:

  • Марказда фанлар бўйича амалий топшириқларни ўтказиш учун замонавий асбоб-ускуналар ва хомашё материаллари билан тўлиқ жиҳозланган лаборатория ташкил қилинади.

2025 йилдан бошлаб:

  • 5–8-синф ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган олимпиадаларда юқори натижаларни қайд этган иқтидорли ўқувчилар базаси шакллантирилади ва уларни халқаро олимпиадаларга мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилади;
  • асосий фан олимпиадаларининг ҳудудий босқичида муваффақиятли иштирок этган иқтидорли ёшлар учун «Intelлектуал оромгоҳлар» ташкил этилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб:

  • нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этадиган терма жамоалар раҳбарини жамоанинг натижасига қараб рағбатлантириш тартиби жорий этилади;
  • терма жамоалар раҳбари нуфузли халқаро олимпиадаларда эришилган ҳар бир олтин, кумуш, бронза медаллари учун тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 35, 25, 15 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади;
  • асосий олимпиадаларнинг ҳудудий ва республика босқичларида ҳамда халқаро олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар, уларнинг ўқитувчилари ва терма жамоа раҳбарларига тўланадиган пул мукофотлари ва бериладиган совғалар даромад солиғидан озод этилади;
  • халқаро олимпиадаларда қатнашиш учун жалб этиладиган номзодлар ўқув йиғинлари даврида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул озиқ-овқат ва ётоқхона билан таъминланади.

2025 йил 1 майга қадар:

  • асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларига медаль бериш тизими жорий этилади.

Шунингдек, ушбу қарорга мувофиқ:

  • миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик ҳиссини шакллантириш, маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш йўналишида — Буюк Шарқ Ренессанси халқаро олимпиадаси;
  • математика ва информатика йўналишида — Ал Хоразмий номидаги ёшлар туркий олимпиадаси;
  • кимё йўналишида — Абу Райҳон Беруний номидаги Халқаро кимё олимпиадаси;
  • физика йўналишида — Аҳмад ал-Фарғоний номидаги Халқаро физика олимпиадаси;
  • биология йўналишида — Абу Али Ибн Сино номидаги Халқаро биология олимпиадаси ўтказиб борилиши белгиланди.