Дунё аҳли коронавирус инқирозини бошдан кечираётган ҳозирги мураккаб даврда мамлакатимиз таълим тизими ҳам жиддий синовга дуч келди. Бугунги қийин шароитга қарамай, давлатимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида бошланган эзгу ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, қисқа муддат ичида юртимизда “онлайн мактаб” лойиҳаси ва масофавий таълим жорий этилди. Бу жараёнда “Kundalik” тизимининг амалиётга татбиқ этилгани айни муддао бўлди.

— Ўқитувчилар ишини енгиллаштириш ва уларнинг салоҳиятидан оқилона фойдаланиш учун келгуси йилда таълимни рақамлаштириш ишларини якунлаб, “Онлайн мактаб”, “Рақамли ва хавфсиз мактаб”, “Электрон дарслик”, “Электрон кундалик” каби тизимлар жорий этилади, — дейди Халқ таълими вазирлигининг ўқув жараёнини методик жиҳатдан таъминлашни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Арслонбек Раҳмонқулов. — 2020 йил охиригача мактабларни кенг полосали интернет тармоғига улаш даражаси 70 фоизга етказилади. Келгусида барча мактаблар юз фоиз интернет билан таъминланади ва бунинг учун давлат бюджети маблағлари йўналтирилади.

Янги ўқув йилидан бошлаб республикамиз бўйлаб 1200 та мактаб қоғоз журнал ва кундаликларсиз, фақатгина “Kundalik” тизимидан фойдаланган ҳолда фаолият юритмоқда. Платформада ишлаш учун интернетга уланган ҳар қандай қурилмадан фойдаланиш мумкин. Компьютер, ноутбук, планшет, смартфон шулар жумласидандир. Kundalik.cом сайти ТAS-IX зонасида жойлашган бўлиб, тизим билан ишлаганда интернет трафиги сарфланмайди.

Шу ўринда Ўзбекистондаги мактаблар қачон янги тизимда ишлашга тайёр бўлади, деган савол туғилиши табиий. Албатта, бу республикамиздаги барча мактабда оптик толали юқори тезликдаги интернет бўлиши, информатика кабинетлари замонавий компьютер техникалари билан таъминланиши, ўқитувчи, ўқувчи ва ота-оналарда смартфон, ноутбук ёки планшетларнинг мавжудлиги каби омилларга боғлиқ.

Мазкур масалаларни ҳал этиш мақсадида Президентимиз томонидан Молия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тегишли топшириқлар берилди. Унга кўра, 2021 йилгача республикамиздаги барча мактаб 10 мегабит секунддан кам бўлмаган тезлик билан оптик толали интернетга уланиши, шунингдек, Wi-Fi ҳудудлар билан таъминлаши керак.

Халқ таълими вазирлиги ҳам, ўз навбатида, республика бўйича ўз тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг ўқитувчиларини электрон мосламалар билан таъминлаш мақсадида куни кеча “ALIF MOLIYA” МЧЖ билан меморандум имзолади. Томонлар халқ таълими тизими ўқитувчиларига электрон мосламаларни сотиб олиш учун муддатли тўловларни тақдим этиш борасида ҳамкорлик қилади. Энди республикамиз бўйича барча ўқитувчи бошланғич тўловсиз ноутбук ва планшетларни лизинг асосида сотиб олиши мумкин. Энг асосийси, ўқитувчиларга мазкур мосламалар аҳолига сотилаётган нархдан беш-етти фоиз арзон нархда етказиб берилади. Маҳсулот харид қилиш учун интернет орқали компания сайтига кирилади ва танланади. Шундан сўнг техника харидорнинг уйига етказиб берилади. Ўқитувчилар нафақат ноутбук ёки планшет, балки исталган техника маҳсулоти (телевизор, музлаткич, чангюткич кабилар)ни бошланғич тўловсиз, беш-етти фоизлик чегирма билан харид қилиши мумкин.

2018 йилда Халқ таълими вазирлиги томонидан республикадаги умумтаълим мактабларининг 5–11-синф информатика кабинетларининг компьютер техникалари билан жиҳозланганлик ҳолати ўрганилганда тизим олдида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар мавжудлиги кўринди. Жумладан, маънан эскирган компьютер техникалари билан қўшиб ҳисоблаганда жами 6880 та мактабни компьютерлаштириш кераклиги маълум бўлди. Мазкур эҳтиёжни ҳал этиш учун 2025 йилгача мўлжалланган режа ишлаб чиқилиб, уни амалга оширишга киришилди. Кенг кўламдаги бу ишни бажариш учун хорижий банкларнинг кредит ва грантлари жалб этилди. Эксимбанк кредитлари эвазига 2019-2020 йиллар давомида 2859 та ҳамда Жаҳон банки гранти эвазига 124 та — жами 2983 та мактабнинг 5–11-синф информатика кабинетлари тўлиқ компьютер техникалари билан жиҳозланди. Бу кўрсаткич белгиланган умумий режанинг 30,2 фоизини ташкил этади.

Шу кунларда “Facebook”, “Telegram”, “Instagram”, “Youtube” саҳифаларида ўзини “Кундалик расмий саҳифалари” деб атаётган қалбаки аккаунтлар пайдо бўла бошлади. Мазкур аккаунтлар тақиқланган ахборот тарқалишига, логин ва пароллар ошкор бўлишига, мавжуд бўлмаган хизматларнинг сотилишига олиб келиши мумкин. Бу сохта расмий шарҳлар ва хабарлар текширилмаган ва хато маълумотлардан иборат.

Фақат қуйидаги расмий каналлар орқали “Kundalik”нинг расмий хабарларини кузатиб бориш тавсия этилади:

https://www.facebook.com/KundalikUzbekistan

https://t.me/kundalik_com

https://www.instagram.com/kundalikcom

https://mover.uz/channel/kundalikcom

https://www.youtube.com/channel/UCXEyWtrq2E7ZQ3D8tiOmCZ

Нодир МАҲМУДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири