Жорий йил 9 ноябрда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида KEI Advanced va Digital Knowledge компаниялари вакиллари билан Ўзбекистон мактабларида математик ва табиий фанлар саводхонлигини ошириш бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) қўллови билан амалга ошириладиган ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонда Япония услубидаги академик ютуқлар тести (математика) моделини жорий этиш ҳамда хусусий бизнес сектори томонидан ишлаб чиқилган академик баҳолаш тести орқали глобал стандартдаги академик баҳолаш тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Тест натижалари орқали ҳар бир ўқувчи учун ёндашувнинг алоҳида методлари ишлаб чиқилиб, уларнинг олий таълим билан қамраб олиниши ҳамда академик салоҳиятини ошириш мақсад қилинган. Бу эса ҳудудлар ўртасида таълим сифати кўрсаткичлари бўйича тафовутни йўқотиш ва ўқувчиларнинг муаммоларни бартараф этишда олинган билимларни қўллаш кўникмасини оширишга хизмат қилади.

Ўз навбатида KEI Advanced компанияси ижрочи директори Ҳиромицу Саката JICA лойиҳаси доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режаларга тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Digital Knowledge компанияси вакили Ёсуке Саито мактабларда таълим сифатини баҳолаш ва самарадорлик кўрсаткичларини ошириш бўйича Япония тажрибаси ҳамда ушбу тажрибани Ўзбекистонга татбиқ қилиш бўйича ўз тавсиялари билан ўртоқлашди.

Муҳокамалар якунида умумтаълим мактабларида математик ва табиий фанлар саводхонлигини ошириш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, бу йўналишда маълумотларни мунтазам тарзда алмашиб боришга келишиб олинди, деб хабар беради Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати.