Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси ахборот хизмати хабар қилди.
Яъни янги низомга билан таълим ташкилотларининг педагог кадрларига малака тоифаси (лавозим) тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилиш тартиби белгиланган.
Унга кўра, туман (шаҳар) миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотлари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими);
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотлари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими);
халқаро ҳамда республика миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотлари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига — олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими);
халқаро математика (IMO), физика (IPhO), кимё (IChO), биология (IBO) информатика (IOI) олимпиадаларида олтин, кумуш ёки бронза медаль (биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин) совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотларининг педагог кадрларига — олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими) тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирланган, «Устоз» миллий мукофоти ғолиблари, Worldskills мусобақалари совриндорларини тайёрлаган ёки республика миқёсидаги фан олимпиадалари ва кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагогларнинг малака тоифаси (лавозими) ҳеч бир синовларсиз бир поғонага оширилмоқда.
Илк электрон сертификатларни қўлга киритган ўқитувчилар www.pedkadr.tdi.uz сайти, давлат хизматлари маркази ёки ягона давлат интерактив хизматлари орқали ҳужжатларини электрон кўринишда юклашган бўлиб, QR-код қўйилган электрон шаклдаги сертификатлар уларнинг шахсий кабинетлари юборилди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ҳукумат қарори (572-сон, 17.09.2021 й.) билан педагог кадрларга қоғоз шаклдаги аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги сертификат бериш амалиёти бекор қилиниб, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва QR-код қўйилган электрон шаклдаги сертификат бериш тартиби жорий этилган эди.