Ушбу лойиҳага Ўзбекистонни малайзияликлар учун сайёҳлик йўналиши сифатида оммалаштириш ва ўзбек гастрономик брендларини хорижда тарғиб этиш орқали Жануби-Шарқий Осиёдан келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида қўл уриляпти.

Чеф Ваннинг Ўзбекистон бўйлаб ўн кунлик саёҳати давомида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида мамлакатмиз маданияти, анъаналари, маданий мероси, санъати ва ўзбек ошхонасининг мазали таомларига бағишланган туркум телекўрсатувларни суратга олиш режалаштирилган. Машҳур ўзбек ошпазлари билан пазандалик дуэллари ва ёш ошпазлар учун маҳорат дарслари бўлиб ўтади.

Маълумот учун, Чеф Ван Малайзиянинг Astro televizion тармоғида бир қатор саёҳат дастурлари ва пазандачилик шоу дастурларини тайёрлаб эфирга узатади. Шоу дастурлар давомида томошабинларга жаҳон сайёҳлик йўналишлари ва қатор мамлакатларнинг миллий таомлари ҳақида маълумотлар бериб борилади.

Эътиборлиси, бу шоу дастурлар қатор Осиё мамлакатлари телеканаллари орқали ҳам эфирга узатилади. Бунинг натижасида кўрсатувнинг томошабин қамрови бир неча 10 миллиондан ошади.

Шунингдек, Чеф Ван YouTube платформаси Instagram ижтимоий тармоғи учун ҳам қизиқарли контентлар тайёрлаб боради. Ушбу тармоқларда у 1 миллиондан зиёд обуначиларга эга бўлиб, унинг йиллик томошабин қамрови 100 миллиондан ортиқни ташкил этади. Бундан ташқари Чеф Ван машҳур ресторанлар тармоғининг асосчиси, шунингдек, Малайзиянинг пазандалик элчиси ҳисобланади, деб хабар беради Маданият ва Туризм вазирлиги матбуот хизмати.

«Мен Ўзбекистонда бўлишдан мамнунман. Мамлакатингизнинг бой тарихи, маданияти ва санъати ҳақида етарлича маълумотларим бор. Ушбу ташриф давомида уларни янада бойитиб оламан деган ниятдаман. Бу ерда ижодий гуруҳимиз билан биргаликда «Astro Oasis» каналида «Kembara Chef Wan» (Ошпаз Ваннинг саёҳатлари) муаллифлик дастурим учун республиканинг туризм салоҳиятига бағишланган кўрсатувлар тайёрлаш ва ижтимоий тармоқларнинг фаол кузатувчилари учун контентлар яратиш устида ишлаймиз. Умид қиламанки, бу икки томон учун юқори даражада манфаатли бўлади» деб фикр билдирди Чеф Ван ўзининг Ўзбекистонга ташрифининг биринчи кунида.