Давлатимиз раҳбари бу борада Бекобод тумани Маллабой маҳалласидаги хонадонлар томорқадан унумли фойдаланиб, эришаётган натижалар, ҳоким ёрдамчиси йўлга қўйган ижобий тажрибани алоҳида намуна қилиб кўрсатди.

Маллабойдан қолган “мерос”

Маллабой маҳалласи муваффақияти сири нимада экани, бундай натижаларга қандай эришилаётгани билан яқиндан танишиш мақсадида Бекобод туманига йўл олдик.

Дастлаб бу ерда умргузаронлик қилаётган пиру бадавлат отахону онахонлардан маҳалланинг тарихи, нега унинг Маллабой деб номланиши ҳақида сўрадик.

— Маллабой маҳалласи ўзига хос тарихга эга, — дейди меҳнат фахрийси Шодмон ота Солиев. — Бир пайтлар, аниқроғи, ўтган асрнинг 20-йилларида маҳалла ўрнида қамишзор, чакалакзор, ботқоқлик бўлган. Кейинчалик бу ерга Маллабой исмли одам кўчиб келиб, турар жой қурган, ерга ишлов бериб, деҳқончилик қилган. Собиқ иттифоқ даврида бу ерга водий томондан қулоқ қилинган бир гуруҳ бойлар ва бошқа фуқаролар келиб жойлашган. Шу тариқа ҳудуд деҳқонлар меҳнати, омилкорлиги эвазига обод гўшага айланган. Ҳалол меҳнат қилиб, ризқ-насиба топиш қон-қонига сингиб кетган, уддабурон маллабойликлар ота-боболари изидан бориб, бугун ҳам мўл-кўл ҳосил етиштирмоқда. Шу туфайли маҳалладаги ҳар бир оиланинг рўзғори бут, турмуши фаровон.

Ҳа, 532 та хонадонда қарийб 3 минг киши яшайдиган Маллабой маҳалласи бугун том маънода обод ва файзли. Маҳаллада 540 ўринли мактаб, 94 ўринли мактабгача таълим ташкилоти мавжуд. Савдо ва хизмат кўрсатувчи 14 та кичик бизнес субъекти фаолият кўрсатмоқда.

Сўнгги йилларда маҳаллада кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бажарилди. Хусусан, яқинда маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси барпо этилди. Мактаб учун қўшимча икки қаватли бино қад ростлади, болалар боғчаси инвестиция дастурига асосан қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ички йўллар асфальт қилинди.

Ҳалол меҳнат бор жойда ризқ ва барака бўлади

Кейинги 5-6 йилда маҳаллада иссиқхона хўжаликлари сони кўпайди. Бу эса, ўз навбатида, аҳолини қишин-ёзин мева, сабзавот, полиз экинлари билан таъминлаш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қолаверса, янги иш ўринлари яратиш имконини бермоқда.

— Авваллари маҳалладаги 4-5 та хонадондагина иссиқхона бор эди, — дейди маҳалла оқсоқоли Абдуллажон Сирожиддинов. — Иссиқхона томорқада экин етиштиришга қараганда анча самарали эканини, ундан кўпроқ даромад олиш мумкинлигини кўрган бошқа фуқаролар ҳам иссиқхона қуришга қизиқиб қолди. Иссиқхонаси бор одамлардан керакли йўл-йўриқ, маслаҳат олиб, ўз бизнесини йўлга қўя бошлашди. Бугун маҳалламиздаги 98 фоиз хонадонда иссиқхона бор. Уларда бақлажон, помидор, бодринг, карам, булғор қалампири каби сабзавотлар, лимон ва мандарин етиштирилмоқда. “Маллабой тажрибаси” оммалашиб, ҳатто қўшни Назарбой, Мустақиллик, Гулзор маҳаллаларида ҳам иссиқхоналар қурила бошланди. Маҳалла аҳли жуда меҳнаткаш. Улар нафақат иссиқхона иши билан машғул, балки фермер хўжаликлари ҳамда кластерларга тегишли далалардан иккинчи ҳосил учун ер олиб, деҳқончилик, пиллачилик, чорвачилик билан шуғулланади. Шунданми, маҳалламизда бекорчи одам йўқ, ҳамма доимий иш билан банд.

Маҳалладаги 26 та оиланинг 108 аъзоси “Темир дафтар”га киритилган эди. Бугунги кунда аҳолининг ўз томорқасидан унумли фойдаланиб, тадбиркорликни йўлга қўйишида кўрсатилаётган кўмак туфайли 24 та оиланинг 95 аъзоси мазкур рўйхатдан чиқарилди.

Икки нафар ёш “Ёшлар дафтари”га киритилганди, ҳозирги кунда улар иш билан таъминланди. 85 нафар аёл “Аёллар дафтари” рўйхатида эди, уларнинг 12 нафарига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. 40 нафарига ер берилди. Икки нафарига 33 миллион сўмдан кредит ажратилди, бир нафарига эса субсидия асосида иссиқхона қуришда ёрдам кўрсатилди.

Ҳоким ёрдамчиси — маҳаллага кўмакчи

Бундан 5 йил аввал маҳаллада 16 та оиланинг иссиқхонаси бўлган, сўнгги икки йилда 300 га яқин аҳоли ўз томорқасида иссиқхона ташкил этди. Бугун 532 та хонадоннинг 502 тасида мева-сабзавот етиштиришга мослашган иссиқхоналар мавжуд.

Юртимизнинг ҳар бир маҳалласида ҳоким ёрдамчиси фаолияти йўлга қўйилгани аллақачон ўз самарасини бермоқда. Улар аҳолини тадбиркорлик, деҳқончилик, томорқачиликка жалб қилиб, бандликни таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга кўмаклашмоқда.

— Очиқ жойдаги 10 сотих томорқадан бир йил давомида 3 марта ҳосил кўтариш ҳисобига 75-80 миллион сўм даромад олинмоқда, — дейди Маллабой маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Жавлон Мусаев. — Етиштириладиган маҳсулот ҳажми йилига ҳар оилага 9,7 тоннани ташкил этмоқда. Аҳоли илгари маҳсулотини сотиш учун бозорма-бозор сарсон бўлиб юрган бўлса, энди Россия ва Тожикистонга маҳалламизнинг ўзидан экспорт қилиняпти. Туманда “Маллабой тажрибаси”ни яратиш мақсадида имтиёзли кредит асосида 4 сотихли иссиқхоналар ташкил этилиб, деҳқончиликда тажрибаси бўлган 50 та оилага тақсимланди. Шунингдек, Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида маҳалламиздаги 89 та оилага унумдор ерлардан ажратиб бердик. Айтиш жоизки, яратилган имконият ва имтиёзлар туфайли одамлар томорқадан яхши даромад олишни бошлади. Уларнинг ерга меҳри ошди.

Маҳалла аҳли аҳил-иноқ, тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда, улар бир-бири билан оға-ини, опа-сингилдай бўлиб кетган. Шунинг учун оилавий ажрим, жиноятчилик йўқ. Бизнингча, бу одамларнинг меҳр-оқибатли, ҳаммаслак экани, бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиши, бир-биридан ўз ёрдамини аямаслиги туфайлидир.

— Меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди, — дейди Шоҳиста Маҳмудова. — Буни ўз ҳаётим мисолида кўряпман. Уйимизда 14 сотих иссиқхона қурганмиз. Нафақага чиққандан кейин иссиқхонада деҳқончилик қила бошладик. Олдин асосан чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланганмиз. Ҳар йили биринчи экинга бақлажон, иккинчи экинга помидор экамиз. Биргина бақлажондан бир мавсумда ўртача 30 миллион сўмдан ортиқ даромад топамиз. Экинлар томчилатиб суғорилади, бу сувни тежаш имконини беради. Чорва, парранда ҳам боқамиз. Гўшт, сут-қатиқ, сариёғ, тухум ўзимиздан чиқади. Томорқачилик, чорвачилик, паррандачиликдан яхши даромад кўрганимиз учун уй қурдик, машина олдик, тўйлар қилдик. Меҳнатнинг таги роҳат, деб шуни айтишади-да.

Томорқадан самарали фойдаланиш бугун туманда “Маллабой тажрибаси”, деб аталмоқда. Бу мазкур маҳалла учун ҳар жиҳатдан муносиб эътироф эканига ушбу масканга ташрифимиз мобайнида амин бўлдик. Энди Маллабой маҳалласи тажрибаси мамлакатимиз бўйлаб кенг ёйилади.

Шаҳзод Ғаффоров,

“Янги Ўзбекистон” мухбири