Шу кунларда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази яна бир катта лойиҳани йўлга қўйди. Бу классификаторларни қўллаш учун яратилган алоҳида интеграцион платформа бўлиб, у Электрон ҳукуматнинг cs.egov.uz манзилига жойлаштирилди.
Хўш, ушбу платформа бизга нима беради?
Маълумки, Электрон ҳукумат доирасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш ва бу орқали уларнинг кундалик эҳтиёжини қондириш борасида давлат ташкилотлари томонидан электрон давлат хизматларини кўрсатиш мақсадида амалиётга жорий этилган автоматлаштирилган ахборот тизимларида маълумотномалар ҳамда классификаторлардан фойдаланиб келинмоқда.
Бироқ давлат ташкилотлари томонидан жорий этилаётган ахборот тизимларида қўлланилаётган бир турдаги классификаторларнинг маълумотлари таркибий жиҳатдан ҳар хил бўлганлиги сабаб, бошқа давлат идораларининг ахборот тизимлари билан ўзаро интеграциясини таъминлашда маълум бир номувофиқлик муаммолари юзага келмоқда.
Ушбу мақсадда Марказ томонидан классификаторлардан фойдаланишда ягона ёндашувни ташкил этиш, стандартлаштирилган маълумотларни марказлашган ҳолда шакллантириш, жойлаштириш, уларнинг долзарблигини таъминлаш ҳамда ахборот тизимларини ишлаб чиқиш жараёнида мазкур классификаторларни қўллаш учун алоҳида интеграцион платформа яратилиб, у Электрон ҳукуматнинг cs.egov.uz манзилига жойлаштирилди.
Эндиликда барча фойдаланувчилар мазкур портал орқали ўз ахборот тизимларида қўллаши зарур бўлган маълумотномалар ва классификаторлардан тўғридан-тўғри фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, уларни кўчириб олиш ёки интеграциялаш орқали ахборот тизимига бевосита юклаш ва маълумотлар базасини шакллантириш имконияти ҳам мавжуд.
Тегишли маълумотномалар ва классификаторларнинг ўз вақтида янгиланиб бориш ва долзарблигини таъминлашга масъул давлат ташкилотларининг «Шахсий кабинет” яратилиб, у орқали классификаторлар тузилмасини шакллаштириш ва автоматлаштирилган тарзда белгиланган шаблон асосида маълумотларни порталга жойлаштириб бориш имконияти яратилди.
Бундан ташқари, маълумотномалар ва классификаторлар турлари бўйича халқаро, давлатлараро, умумдавлат, соҳавий ва ташкилот доирасида қўлланиладиган классификаторларга ажратилиб, уларни қидириб топиш қулайлаштирилди.
Шу билан бирга, классификаторларни умумэътироф этилган «json», «xml» ҳамда «xls» форматларида ҳам кўчириб олиш имконияти яратилган бўлиб, порталнинг бош саҳифасида турлари бўйича фойдаланувчилар томонидан энг кўп ишлатилган маълумотлар рейтингини чиқариш мумкин.
Амалга оширилган ишлар натижасида электрон ҳукумат тизимини янада ривожлантириш, давлат идоралари соҳасини рақамлаштиришда марказлашган ягона ёндашувга асосланган технологияларни қўллашнинг техник шароити ташкил этилди.
Бу эса ўз навбатида кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифатини ошириш, оператив ахборот алмашинувини ташкил этиш ва маълумотлар долзарблигини таъминлашга пойдевор бўлади.