Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 октябрь куни "Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорини имзолади. Мазкур қарорга кўра, 2021 йилда Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги ижод мактаби ташкил этилади.
Шу билан бирга, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги Алишер Навоий асарларини узлуксиз ўқитиш концепциясини ишлаб чиқади ҳамда 2021/2022 ўқув йилидан барча таълим муассасаларида шу асосда ўқитишни йўлга қўяди.
Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида "Навоий ворислари" ғазалхонлик танлови, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари ўртасида "Навоийни англаш" мавзусида иншолар танловини ўтказиш режалаштирилган.
Бешта муҳим ташаббус доирасида ёш дастурчиларни кенг жалб этган ҳолда Алишер Навоий асарларининг мобиль иловаларини яратиш бўйича ишлар олиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тизимида она тили ва адабиёт ҳамда хорижий тилларни чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган 9 та ижод мактаби фаолият юритмоқда.
Улар Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги йирик шаҳарларда жойлашган. Келгусида Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида ижод мактабларини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.