Унда, Маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирок этиб, Маданият вазирлиги бўйича 2020 йилнинг асосий натижалари ҳамда 2021 йилда амалга ошириладиган долзарб вазифалар хусусида ОАВларига ахборот берди.
Хусусан, бугунги кунга қадар соҳани янада ривожлантиришга қаратилган 25 та норматив ҳужжат ишлаб чиқилганлиги, соҳа ходимлари мақомини ошириш мақсадида “15 апрель куни – Маданият ва санъат ходимлари куни” этиб белгилангани алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуни куни кеча Олий Мажлис Сенатида маъқулланганлиги, давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказиладиган концерт-томоша тадбирлари учун ижара тўлови 50 фоизга камайтирилгани санъаткорларимиз учун енгиллик бўлгани таъкидланди.
«2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида 8 тадан, Фарғона вилоятида 13 та, Тошкент шаҳрида 3 та маданият объекти Маданият вазирлиги билан келишилмаган ҳолда маҳаллий ҳокимликлар томонидан балансига ўтказилиб, сотувга қўйиб, сотиб юборилган.
«Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Қонун бошқа идора ва ташкилотлар билан ўртамиздаги муносабатларни аниқ белгилаб беряпти. Бундан кейин шу каби муаммоларда энди вазирликнинг аниқ позицияси шаклланади.
Ўтган йилда энг муҳим, бироқ амалга ошмай қолган масалалардан яна бири ҳақида тўхталсам. 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, ноталар тўплами ва махсус мусиқий адабиётларни чоп этиш ҳамда уларнинг таълим муассасаларига тўлиқ етказилишини таъминлаш режалаштирилган эди.
Вазирлик томонидан ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётлар лойиҳалари тайёрланди, лекин молиявий манбаси аниқланмагани учун 2020 йилда бу вазифа бажарилмай қолди. Куни кеча Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган муҳокамаларда Бош вазир Молия вазирлигига топшириқ берди, бу йил ушбу муаммоларни ҳам босқичма-босқич ҳал қиламиз», — дейди Маданият вазири.
Шунингдек Маданият вазири Озодбек Назарбеков 2021 йилда амалга ошириладиган устувор вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.
Жумладан, 2021 йилдан бошлаб республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсида ўтказиладиган давлат тадбирларининг календарь режаларини тасдиқлаш амалиёти жорий этилгани, Маданият ва санъат соҳаси вакилларининг Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ташкил этилгани, санъаткорларни вазирлик ва идоралар томонидан ўтказиладиган тадбирларга жамоатчилик асосида жалб қилиш ҳолатларига чек қўйилиб, бундай тадбирларга фақат шартнома асосида жалб қилиниши белгилаб қўйилгани таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали ишга туширилиши, ҳар бир ҳудудда кўчмацирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари), ҳайвонот боғларини ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда ўлкашунослик музейларини ташкил этиш ишлари амалга оширилаётгани айтиб ўтилди
Матбуот анжуманида Озодбек Назарбеков 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар билан биргаликда, республикадаги мавжуд пандемия ҳолати, зарур маблағлар ажратилмаганлиги ва бошқа объектив сабабларга кўра бир қатор масалалар ҳамда вазифалар бажарилмай қолган ишлар хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.