Учрашув давомида Миссия аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди. Таъкидланганидек, сайлов кампанияси тадбирлари Сайлов кодекси талаблари ва демократик принципларга мувофиқ амалга оширилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев ўз сўзида 14 октябрдан мамлакатимизда муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошлангани ва бу жараён 20 октябрнинг якунига қадар давом этишини қайд этиб ўтди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси томонидан халқаро кузатувчилар ва ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш жараёни тугаганлиги ҳамда шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашадиган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар сони мингга яқинни ташкил этганлиги таъкидланди.

Қайд этиш жоиз, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) сайловларни кузатиш миссиясига ИҲТ Бош котибиятининг Халқаро муносабатлар департаменти директори Анисул Хак бошчилик қилади, деб хабар беради Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.