Коррупцияни содир қилувчи субьектлар доирасига кўра уни қуйидагича гуруҳларга бўлган ҳолда таснифлаш мумкин:
- Ҳокимият органларидаги коррупция – коррупциянинг ушбу тури қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд ҳокимияти органлари мансабдор шахслари томонидан содир қилиниб, бугунги кунда коррупциянинг энг катта қисми айни шу соҳада юзага келмоқда.
- Хусусий сектордаги коррупция – давлат корхоналари, ташкилотлари, муассасалари ва нодавлат ташкилотлари мансабдор шахслари томонидан содир қилинадиган коррупция ҳисобланади.
- Сиёсий соҳадаги коррупция – сиёсий соҳа вакиллари томонидан содир қилиниб, сайлов органлари, маҳаллий ҳокимият органларида вужудга келувчи коррупциявий ҳолатлар бунинг ёрқин ифодаси саналади. Тадқиқотчи олим А. Гуров фикрича, сиёсий коррупция деганда, давлат аппарати амалдорлари ахлоқ ва қонун нормаларини пора олиш ниятида эмас, балки сиёсий наф кўриш,
уруғ-аймоқчилик ва шу кабилар туфайли бузишини тушунади. - Бизнес коррупцияси – бу ҳокимият вакиллари тадбиркорлик фаолияти субьектлари ўртасида вужудга келувчи коррупция тури саналиб, ҳокимият ва бизнеснинг ўзаро таъсири остида пайдо бўлади.
Бундан ташқари, коррупциянинг ижтимоий-хавфлилик даражасига кўра ҳам таснифлаш мумкин:
Коррупцион маъмурий ҳуқуқбузарликлар – Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси” назарда тутилган коррупция билан боғлиқ ҳаракатлар тушунилади.
Коррупцион жиноятлар – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмида белгиланган ва жиноят деб эътироф этилган ҳамда жазога сазовор бўлган коррупция билан боғлиқ ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик).
Давлат ислоҳотлари билан боғлиқ бўлган ижтимоий-сиёсий таъсир чоралари хусусида сўз юритадиган бўлсак, давлат ислоҳотлари билан боғлиқ бўлган ижтимоий-сиёсий таъсир чоралари деб, давлатнинг сиёсий фаолияти давомида олиб борган муайян соҳани тартибга солишга қаратилган ислоҳотлари натижасида амалга ошириладиган таъсир этиш воситаси ҳисобланади.
Шунингдек, коррупцияга қарши кураш борасида мамлакатимизда кенг татбиқ қилинаётган янги тизим – комплаенс-назорат тизими бўлиб, ушбу тизимни миллий қонунчилигимизга олиб кириш ва уни қўллаш механизмини ишлаб чиқиш бўйича кўплаб тадқиқод ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ҳуқуқшунос олим, ю.ф.д Б.И.Исмаилов ҳам бу тизимни қонунчиликка тарғиб қилиш бўйича тадқиқот ишларини олиб борган ва олимнинг фикрича, комплаенс-назорат хизмати – давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг коррупцияга қарши қонун ҳужжатлари, коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, мазкур соҳада белгиланган қоида ва стандартларга мувофиқ риоя қилиш, аҳлоқ кодексларини белгилаш, манфаатлар тўқнашувини юзага келтирувчи омиллар ҳақида хабар берувчи, уларнинг олдини олишга қаратилган тизим саналади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5729-сон Фармонида олий таълим тизимида юзага келадиган коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш борасида концептуал фикрлар илгари сурилди.
Шунингдек, давлат харидлари соҳасида юзага келувчи коррупцияни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни маъқулланди. Унга кўра, давлат харидлари билан боғлиқ коррупциявий ҳуқуқбузарликлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига янги 1758 - модда киритилиб, маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Сўнги йилларда коррупциянинг олдини олиш мақсадида давлат хизматчиларининг ижтимоий-иқтисодий таъминоти борасида ҳам афзалликлар яратилиб, жумладан, давлат хизматчиларининг иш ҳақи ўртача қарийб 60 фоизга, айрим соҳаларда эса бир неча баробарга оширилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларига асосан, барча вазирлик ва идораларда одоб-ахлоқ меъёрлари тасдиқланди.
Коррупцияга қарши кураш ва унинг олдини олиш мақсадида қўлланиладиган таъсир чоралари ҳам ниҳоятда самарали фойда бермоқда:
Масалан, интизомий таъсир чораси, ушбу таъсир чораси мансабдор шахсларни меҳнат интизомига чақириш мақсадида қўлланилади. Ушбу таъсир чораси коррупцион жиноятларни содир қилган мансабдор шахсларга нисбатан Меҳнат кодексига биноан тайинланади. Хусусан, Меҳнат кодексининг 182-моддасига биноан, интизомий таъсир чораларига ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг (базавий ҳисоблаш миқдорининг) ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима ва меҳнат шартномасини бекор қилиш кабилар мисол бўлади. Бунда ушбу интизомий таъсир чораларинининг қайси турини қўллаш масаласи мансабдор шахснинг содир қилган коррупциявий жиноят тури ва жиноят натижасида етказилган ёки етказилиши кутилаётган зарарнинг миқдоридан келиб чиқиб ҳал қилинади.
Яна бир таъсир чораси маъмурий-ҳуқуқий таъсир чораси бўлиб, бу таъсир чораси содир қилинган коррупциявий-маъмурий ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш ва маъмурий жазо тайинлашда намоён бўлади. Бунда коррупцион ҳуқуқбузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 35-сон “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорига биноан, қуйидаги жазоларни тайинлаш мумкин:
1) жарима;
2) маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш;
3) маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш;
4) муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум этиш;
5) маъмурий қамоққа олиш.
6) чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш.
Коррупцион жиноятлар учун ушбу маъмурий жазо чораларидан, асосан маъмурий жарима жазоси тайинланиб, бунда маъмурий жавобгарлик доирасида
- базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима (МЖтКнинг 61, 61-моддалари);
- базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорда жарима (МЖтКнинг 1931- 1932-моддалари);
- базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорда жарима (МЖтКнинг 1758 -моддаси) тайинлаш таъсир чораси қўлланилади.
Кейинги ҳуқуқий таъсир чораси криминологик таъсир чораси бўлиб, криминологик таъсир чоралари коррупциявий жиноятларнинг олдини олишда энг муҳим воситалардан бир ҳисобланади. Бу борадаги таъсир чораларини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2833-сон қарорида қатор вазифалар белгилаб қўйилган.
Бобур Отабоев,
Тошкент давлат юридик университетининг
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва
коррупцияга қарши курашиш кафедраси
ўқитувчиси