Яъни лаборатория тажриба майдонида олимларимиз томонидан молекуляр генетика, физиология, биокимё ҳамда селекциянинг замонавий услубларини қўллаган ҳолда юқори тола сифатига эга навларни яратиш устида илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Табиатда оппоқ пахтадан ташқари турли рангдаги ғўза экинлари ҳам мавжуд. Лаборатория ходимлари айнан ушбу ғўза навлари устида тадқиқотлар олиб бориб, толаси оч қўнғир, тўқ қўнғир, қизғиш, сарғиш, оч яшил, тўқ яшил ва бошқа рангдаги ғўза намуналарининг қимматли хўжалик белгилари сифатини оширишмоқда. Улар келгусида яна бошқа рангли ғўзалар устида ишлашни ҳам мақсад қилиб қўйишган. Сабаби, республикамизда ушбу йўналишни ривожлантириш нафақат қишлоқ хўжалиги иқтисодий самарадорлигини, балки экспорт салоҳиятини ҳам  оширишга хизмат қилади.