Мамлакатимизда ўзбек тилининг нуфузини янада юксалтириш, бу борадаги амалий ишлар, тадқиқотларни ривожлантириш, зарур қўлланма, луғатлар, илмий-маърифий манбаларни яратиш, унинг тарғиботини кучайтириш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда.

Куни кеча Президентимизнинг Ўзбек тили байрами муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида ҳам она тилимизни ривожлантиришга оид долзарб масалалар устувор вазифа сифатида белгилаб берилган.

Байрам тадбирида она тилимизни ривожлантириш борасида муайян қонунчилик тизими яратилгани, давлат тилининг нуфузини ва мавқейини ошириш борасида кўплаб давлат тузилмалари фаол ҳисса қўшаётгани таъкидланди. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш жараёнида бу йўналишдаги илмий изланишларни фаол қўллаб-қувватлаш, жойларда ўзбек тилига оид меъёр ва қонунчиликка амал қилинишини тартибга солиш, ёш ижодкорларни рағбатлантириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганининг 32 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Абдуғаффор Қирғизбоев мамлакатимизда ўзбек тилига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид Президентимизнинг байрам муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табриги она тилимизни янада ривожлантириш, унга бўлган эътиборни кучайтириш борасида муҳим дастуриламал эканини таъкидлади. Мамлакатимизда китобхонлик, миллий адабиётимизни равнақ топтириш юзасидан амалий ишлар она тилимизга бўлган эътиборнинг амалий ифодасидир.

Дарҳақиқат, она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётганининг яна бир амалий намунасидир.

Мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар ўзбек тилининг нафосати ва жозибаси хусусида атрофлича сўз юритдилар. Зеро, бугун жаҳон миқёсида ҳам ўзбек тилига бўлган эътибор тобора ортиб бораётгани хорижлик талабаларнинг самимий дил сўзларида ҳам зоҳир бўлди.

Тадбирда ўзбек шоирлари ижодидан намуналар ўқилди. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ артисти Муножот Йўлчиева, Юнус Ражабий номидаги мақом жамоаси ижросидаги дилбар қўшиқлар тадбирга янада файз бағишлади.

Тантанали йиғилиш иштирокчилари ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Беҳзод Мусаев иштирок этди.