Меҳмонлар электрон нотариатнинг мамлакат ҳудудларида фаолият юритувчи нотариуслар фаолиятида бир хил қўлланиши, “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига бошқа давлат хизматларининг интеграция қилинганлиги натижасида ҳуқуқий хизмат кўрсатиш қулай ва тезкор ташкил этилганлигини эътироф этдилар.

Ташрифнинг учинчи куни делегациялар Ўзбекистон Нотариал палатасида бўлиб, палата фаолияти танишди ҳамда Палата раҳбарияти  билан  давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Франция делегацияси таркибида Верту шаҳри нотариуси, Халқаро нотариуслар иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё  мамлакатлари билан ҳамкорлиги бўйича масъули Антуан Дежуа, Париж шаҳри нотариуси Валери Эшану, Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари билан Халқаро нотариуслар иттифоқининг ҳамкорлиги юзасидан масъул Лариса Альбертини, Европа ва  ҳамкорлик департаменти Нотариал хизматларни ривожлантириш ассоциацияси бош директори  ўринбосари Франсуа-Кзавье Бари иштирок этдилар.

Россия делегацияси таркибида Федерал нотариал палатаси президенти маслаҳатчилари Александр Янин ва Елена Джуринская,  ФНП ҳалқаро ҳамкорлик гуруҳи бош мутахассиси Елена Васильева,  ФНП халқаро ҳамкорлик комиссияси аъзоси,  нотариус Наталья Ситникова ва Рязань вилояти Нотариал палатаси президенти, Марказий нотариал округнинг мувофиқлаштириш-услубиёт кенгаши  раиси Ольга Чернявскаялар иштирок этдилар.

Дастлаб Нотариал палата раиси Дилшод Ашуровнинг нотариатни ривожлантириш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга киритилаётган ҳисса, нотариусларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолига кўрсатилаётган давлат ҳуқуқий хизматининг қулай ва тезкорлигини таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш, Палата ҳамда нотариуслар томонидан олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот ҳақидаги батафсил маълумоти тингланди.

Шунингдек, Нотариал палата томонидан халқаро даражада – Литва, Украина, Беларусь, Озарбайжон ва Қозоғистон Нотариал палаталари билан имзоланган меморандумлар доирасида олиб борилаётган ишлар, Италия нотариуслар миллий кенгаши, Германия нотариуслари Федерал палатаси, Испания нотариуслари кенгаши ҳамда Халқаро нотариуслар иттифоқи билан олиб борилаётган музокаралар ҳақида маълумот берилди.

Шуни алоҳида айтиш жоизки, Ўзбекистон Нотариал палатаси Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлиш ва мамлакат нотариатини жаҳон нотариат тизими даражасига кўтариш борасида тизимли ишлар олиб бормоқда.

-Нотариал палата таклифига биноан Ўзбекистонга келдик. Бухоро ҳамда Самарқанд вилоятларида ҳудудий бошқармалар ҳамда нотариуслар фаолияти билан, уларнинг идораларининг жиҳозланганлиги ва яратилган қулайликлар билан яқиндан танишдик. Таассуротларимиз фақат ижобий, бугунги давра суҳбатида мамлакатингиз нотариат соҳасидаги янгиликларни тинглаб, ўзимизда мавжудлари ҳақида маълумот бериб, суҳбат асносида Россия нотариат соҳасига киритиладиган янгиликлар оламиз, деган умиддаман, - дейди Федерал нотариал палатаси президенти маслаҳатчиси Александр Янин.

-Ташриф давомида Ўзбекистон нотариат тизимида рўй берган янгиликларнинг кўплиги бизни ҳайратда қолдирди, - дейди Верту шаҳри нотариуси, Халқаро нотариуслар иттифоқининг Шарқий Европа мамлакатлари билан ҳамкорлиги бўйича масъули Антуан Дежуа. – Бу албатта, тез ривожланаётган нотариатнинг белгиси. Ўзбекистон нотариати рақамлаштириш йўлида жадал бормоқда, бу эса давлат ва аҳолига хизмат кўрсатиш ваколатларини кўпайтиради. Мен ўйлайманки, электрон нотариат лойиҳаси келгусида ўз мевасини беради. Биз Ўзбекистон Нотариал палатасини Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлиши ва ривожланиши йўлида ҳамроҳлик қиламиз. Франция нотариати тажрибаси икки аср билан ўлчанади, таъкидлаб айтаманки, рақамлаштириш давлатга ҳам, аҳолига ҳам фойда келтиради.  

Куннинг иккинчи ярмида делегациялар Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти билан танишдилар.