Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг судьялари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Юристлар малакасини ошириш маркази вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети, Самарқанд давлат университети, Наманган давлат университети, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари ҳамда хорижий экспертлар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатида қонунчилик тизимида Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонунларни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш муҳим омил эканлиги алоҳида қайд этилди.

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари Ш.Чўллиев «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг талаблари, хусусан, унда белгиланган бир қатор асосий принциплар, шу жумладан, қонунийлик ва мутаносиблик, ишончлилик ва тингланиш имкониятининг мавжудлиги, манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги кабиларни тўлақонли жорий этилиши, шунингдек, маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий қоидалари амалиётда етарлича татбиқ этилиши учун муайян самарали чоралар қабул қилиш юзасидан атрофлича тўхталиб ўтди.

Шунингдек, давра суҳбатида «Маъмурий тартиблар тўғрисида»ги Қонунни барча маъмурий тартиб-таомилларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосий фундаментига айлантириш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибаси юзасидан таклиф ва мулоҳазалар муҳокама қилинди ҳамда тегишли тавсиялар берилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.