Бир неча йилдан бери элимиз ардоғидаги санъаткор, Ўзбекистон халқ ҳофизи, "Буюк хизматлари учун" ордени соҳиби Маъмуржон Узоқов хотирасига бағишлаб қўшиқлар кўрик-танлови ўтказилиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 12-октябрь куни кўрик-танловининг ҳудудий босқич ғолиблари эрта тонгдан устозни хотирлаш, уларнинг хақларига дуо қилиш мақсадида, у яшаб ижод қилган хонадонда бўлишди.
Иштирокчиларни устознинг фарзандлари Ҳасанбой Узоқов ҳамда Зуҳрахон Узоқовалар ота хонадонида катта мамнуният билан кутиб олдилар. Шу куннинг ўзида иштирокчилар марҳум устоз дафн этилган Марғилон шаҳридаги Машъад қабристонида устоз қабрини ҳам зиёрат қилдилар.
Шундан сўнг танлов иштирокчилари Фарғона шаҳрида жойлашган Ислом Каримов номидаги театр ва концерт саройида кўрик-танловнинг вилоят босқичида ўзаро куч синашди.
Кўрик-танловда вилоятнинг барча шаҳар-туманларида ўтказилган ҳудудий босқич ғолиблари саналган 30 нафар иштирокчидан 6 нафари республика босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.
Танлов ғолибларига диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур танловнинг Республика босқичи Фарғона вилоятида ўтказилиши режалаштирилган.