Лой кўчалар асфальт бўлди, пиёдалар йўлаклари қурилди, кўп қаватли ва ҳовли уйларнинг ташқи қисмига зеб берилди, ҳар бир хонадон ичи ҳам таъмирдан чиқарилди, ичимлик сув олиб келинди. Таълим ва тиббиёт муассасалари қарийб қайта қурилди. Қишлоқ инфратузилмаси тубдан янгиланди.

2021 йил, апрель. Ёмғир шиғалаб ёғяпти. Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғини биносидамиз. Маҳалла идораси мисоли катта уй: ҳаммаёқ чўғдек гилам, хоналар шинам безатилган. Бизни ҚФЙ раиси ўринбосари Дилшод Маматқулов қарши олди.

Асфальт йўлдан машинада кетар эканмиз, йўл четида арчалар бир текис ўсаётгани, турфа гуллар ифори дилни яйратади.

Дилшод аканинг айтишича, Манас обод қишлоқ бўлгунга қадар аҳоли кўп қаватли уйлар ёнида мол боққан. Атрофдаги бўш ерларга хом ғиштдан кичик-кичик молхоналар қурилган ва шу ерда аҳоли қўй-эчки, сигир боқиб тирикчилик қилишга мажбур эди. Қишлоқда бошқа иш ҳам бўлмаган. Мол гўнги ҳиди бутун қишлоқни тутиб турган, одамлар, мурғак болалар шундай шароитда яшаган.

“Обод қишлоқ” дастури шу ёқимсиз манзарани ўзгартирди. Қишлоққа туташ, далага яқин жойдан аҳоли учун молхона қуриб берилди. Бугун манасликлар чорвасини шу ерда сақлайди. Кираверишда узун рўйхат осиғлик. Унда чорваси бор кишилар исм-фамилияси, яъни навбатчилик рўйхати. Айтишларича, улар навбат билан ҳамма сигирларни далада боқиб келади.

Бир вақтлар кўп қаватли уйлар олдида молхоналар бўлган, деса ишонмайсиз. Бугун улар ўрнида қурилган ўйин майдончаларида болалар шодон ўйнаб юрибди, ҳовлидаги ўриндиқларда кайвонилар гурунги қизийди, гуллар, дарахтлар барқ уриб ўсмоқда.

Манасдаги ҳар бир хонадонда анор етиштирилади. Иқлими шунга мос. Барчиной опанинг ҳовлисида 100 дан зиёд анор ўсиб турибди.

– Ўтган йили рўзғоримиздан ортган 500 кило анорни сотдик. Даромад ёмон бўлмади, – деди Б.Ҳайитматова. – Олдин ёнимиздаги каналдан сув ичар эдик. Бугун кўриб турибсиз, тоза ичимлик сув келди. Электр ҳам ўчмай қолди. Шундай кунлар келишини орзу қилардик, Аллоҳга шукр, етдик. Бунинг учун қишлоқларни ободлаштириб, одамларни рози қилишга бел боғлаган Президентимизга минг раҳмат, умрлари узоқ бўлсин.

Дарвоқе, Барчиной опа “Аёллар дафтари”га киритилган экан. Маҳалла аҳли ва бошқа мутасадди ташкилотлар кўмагида бу оилага мўъжазгина иссиқхона қуриб берилибди. Сабзавот маҳсулотлари, кўкатлар етилиб қолибди. Рўзғордан ортгани бозорга сотилади. Энг муҳими, битта оила энди доимий даромад манбаига эга. Манасда бири иссиқхонасига картошка эккан, бири кўкат, бодринг ва помидор етиштираётган оилаларни кўплаб учратиш мумкин. Қишлоқда иш қизғин.

Ободлик ислоҳотлари тўлқинида Зуҳра Йигитова ҳам ўз ишини топди. Икки йилдирки, тикувчилик цехи очиб, қишлоқ хотин-қизларига, болаларга буюртма асосида кийим тикади, “Ҳидоят” ўқув маркази раҳбари.

– “Обод қишлоқ” дастури бошланмагунча ишсиз эдик. Имтиёзли кредит олиб, тикувчилик цехи очдик. Шу кунгача ўнлаб шогирдлар етиштирдим. Ҳозир уларнинг тўрт нафари мустақил ишлайди. Иш кўп, ташкилотлардан ҳам буюртма келиб туради. Шунда шогирдларимиз билан биргаликда ишга киришамиз. Бугунги ҳаётимиздан розимиз.