Бу йўлда энг муҳим таянч – оила ҳисобланади. Чунки фаровон жамият, аввало, фаровон оиладан бошланади. Бугунги глобаллашув жараёнида ёшларни миллий қадриятлар асосида интеллекти юқори ва ватанпарвар қилиб тарбиялашда оилавий қадриятларнинг ўрни катта.
Янги Ўзбекистоннинг фаровон оиласи эса моддий таъминланганлик билан бир қаторда, юксак маънавият, миллий қадриятлар ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар билан тавсифланади.
Фаровон оиланинг руҳий пойдевори
Аслида маънавий қадриятлар инсоннинг руҳий дунёсини бойитиб, унинг ахлоқий қиёфасини шакллантиради. Оила муҳитида маънавият фарзанд қалбига илк бор сингади. Ота-онанинг шахсий намунаси, сўзи ва амали орқали болада инсоф, ҳалоллик, меҳр-оқибат, сабр-тоқат каби фазилатлар қарор топади.
Оила барқарорлигининг кафолати
Миллий қадриятлар халқнинг асрлар давомида шаклланган ҳаётий тажрибаси, маънавий меросидир. Каттага ҳурмат, кичикка иззат, меҳмоннавозлик, қўшничилик муносабатлари, ота-онани улуғлаш каби қадриятлар ўзбек оилаларида ҳамон муҳим аҳамиятга эга. Бу эса глобаллашув шароитида ҳам миллий ўзликни асрашга хизмат қилади. Бугунги глобаллашув жараёнида ёшларни миллий қадриятлар асосида интеллекти юқори ва ватанпарвар қилиб тарбиялашга катта аҳамият қаратилмоқда.
Зеро, ҳар бир халқнинг миллий қадриятларини унинг тарихи, маънавияти, маданияти, ўзига хос урф-одатлари, анъаналарисиз тасаввур қилиш қийин. Миллий қадриятларни фарзандлар онги ва қалбига сингдириш оиладан бошланади.
Жумладан, ёшлар катталардан: сувга тупурма, нон устига нарса қўйма, ноннинг увоғи ҳам нон, ёши улуғларнинг йўлини кесиб ўтма, ота-онангнинг гапини иккита қилма, устозингни ҳурмат қил, атрофингга бефарқ бўлма каби насиҳатларни эшитиб, турли ривоят, мақол, ҳикматларни тинглаб, хотираларида сақлаб вояга етадилар. Ёшлар бизнинг келажагимиз, улар ота-она ва аждодларимиз ишининг давомчилари ҳисобланади. Бизнинг асосий мақсадимиз – миллий ва маънавий қадриятлар асосида комил инсонни тарбиялашдир.
Ўзбек халқи миллий, маънавий қадриятлар ва ахлоқ одобга бағишланган махсус теран таълимотларнинг меросхўридир. Жумладан, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳиббат ул-хақойиқ” асарлари, Кайковуснинг “Қобуснома”, Бурҳониддин Марғинонийнинг етти китобдан иборат “Ҳидоя”, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи Муҳсиний” номли одоб-ахлоқ меъёрларини батафсил ёритиб берган асарлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини, долзарблигини йўқотмаган.
Ёш авлодни маънавий қадриятлар руҳида тарбиялашда эса, юқорида номлари зикр қилинган алломаларнинг ўгити, доно сўзлари, фикрларини қадрлаш, ўрганиш, ҳаётда қўллаш ёшларни фикр ва дунёқарашини кенгайтиради. Бугунги ёшлар – келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори. Шундай экан, уларни ҳар томонлама етук, комил, ватанпарвар, юрт тинчлиги ва равнақи йўлида фидокор бўладиган фарзандлар қилиб тарбиялаш зарур.
Миллий қадриятларнинг асоси бўлган маънавиятда эса, инсон хулқ-атворининг гўзаллиги, саховатлилиги, олийжаноблиги, ваъдасига вафодорлиги, ҳаёлилиги, билим олиши, донолиги, бағрикенглиги, одоблилиги, озода ва покизалиги, қалбининг беғуборлиги, хушмуомалалиги ва шу сингари инсоний хислатлар тушунилади
Ота-она ўз фарзандлари билан бевосита ва билвосита мулоқотда бўлиб, уларни маънан озиқлантирар экан, энг аввало, ўзлари ўзаро муомала жараёнида намуна бўлишлари ҳамда фарзандларини кўпроқ тинглаб, нутқий лаёқатини оширишга ҳаракат қилишлари сўнгра ўз фикрларини ахлоқ меъёрларига риоя қилган ҳолда суҳбатга оид ҳикматлар, мақоллар, ҳаётий мисоллардан келтириб тушунтиришлари жуда муҳимдир.
Янги Ўзбекистоннинг фаровон оиласи ахлоқий тарбиянинг асосий маскани ҳисобланади. Оилада муҳаббат ва ҳурмат устувор бўлган муҳитда ўсган фарзанд жамиятда ҳам масъулиятли, фаол ва виждонли шахс бўлиб шаклланади. Маънавий соғлом оила, низоларни муроса билан ҳал этади, зўравонлик ва тазйиқни инкор қилади ва бир-бирини қўллаб-қувватлашга асосланади. Бундай оила муҳити нафақат шахс камолотига, балки жамият маънавий барқарорлигига ҳам хизмат қилади.
Давлат сиёсати ва фаровон оила
“Ўзбекистон 2030” Тараққиёт стратегиясида оилани қўллаб-қувватлаш, маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Ёш оилалар учун уй-жой, хотин-қизлар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар Янги Ўзбекистоннинг фаровон оила моделини шакллантирмоқда.
Ўзбекистоннинг Янги фаровон оиласи – бу маънавий қадриятлар, миллий анъаналар ва замонавий тараққиёт уйғунлашган ҳаёт мактабидир. Бундай оилада инсон қадри улуғланади, муҳаббат ва ҳурмат устувор бўлади, фарзандлар маънавий баркамол қилиб тарбияланади.
Шу маънода, фаровон оила – Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг ишончли таянчи, келажак авлод камолоти ва жамият барқарорлигининг мустаҳкам пойдеворидир
Фарида АБДУРАҲИМОВА,
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”,
педагогика фанлари номзоди,
“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи