Президентимиз 2020 йилнинг 20 май куни пойтахтимиздаги Миллий боғ ҳудудида янгидан таъмирланиб барпо этилган Адиблар хиёбони очилишига бағишланган учрашувда сўзлаган нутқида “Адабиёт — халқнинг юраги” дея таъкидлаганди. Ҳақ гап. Адабиётсиз, маънавияту маърифатсиз халқ халқ бўлолмайди, давлат эса давлат сифатида юксала олмайди.
Кези келганда таъкидлаш керакки, бир томондан Адиблар хиёбони ҳудудида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун қуриб берилган замонавий бинони кўриб хурсанд бўлгандик, нега деганда биз — ижод аҳлига Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик руҳимизни янада юксалтирганди, бошқа томондан эса қани энди уюшманинг вилоят бўлимларида ҳам ана шундай тенги йўқ шарт-шароитлар яратилса, янги бинолар фойдаланишга топширилса, дея ич-ичимиздан истагандик. Бу орзу анча олисдай туюлганди.
Шу маънода Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими ўз биносига эга эмасди. Натижада бу бир қанча муаммоларни келтириб чиқарганди. Мисол учун, икки-уч бор ўзимиз истамасак-да, бинома-бино кўчиб юрдик. Кўплаб ёш ижодкорлар, вилоятда ижод қилаётган шоир-ёзувчилар бизни излаб сарсон бўлишар, баъзилар биз жойлашган бинони тополмай ортига қайтиб кетарди. Аввал фаолият юритган биноларимизда шарт-шароитлар ҳам ўзига яраша эди. Айниқса, вилоят бўлими ҳузуридаги “Ёшлик илҳомлари” ва “Митти юлдуз жилолари” тўгарак аъзоларига “Маҳорат дарслари”ни ўтказишда анча қийналардик. Сабаби, тўгарак ўтказадиган алоҳида хона ёки зал мавжуд эмасди. Ёзувчи-шоирларнинг китоб тақдимотлари ёки адабий-бадиий йўналишдаги тадбирларни ўтказишда ҳам шу муаммога дуч келардик.
Кўпинча бундай тадбирларни бошқа ташкилотларнинг мажлислар залида ўтказишга мажбур бўлар, баъзан улардан рухсат олсак, баъзан “ўзимизнинг тадбиримиз бор”, деган жавобни олардик.
Албатта, бу каби муаммолар муҳим аҳамиятга молик ҳолат эмас. Бироқ шу кичик муаммолар ҳам, қайсидир маънода, олдимизга қўйган улкан мақсадларни ортга тортиб тургандай эди.
Эътиборлиси, сўнгги йилларда вилоятимизда адабий муҳит, ижодий жараёнлар анча жонланди, вилоятда яшаб ижод қилаётган шоир-ёзувчилар бир-биридан сара бадиий жиҳатдан пишиқ-пухта ва савияли асарлар яратишди, яратишмоқда. Қолаверса, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев вилоятдаги ижод аҳлига ўзгача эътибор қаратиб келмоқда, ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Ҳоким ташаббуси билан қашқадарёлик ижодкорлар ижодидан жамланган икки жилдлик “Зумрад воҳа насимлари” номли баёзлар нашр этилгани ижодкорлар учун ажойиб туҳфа бўлди.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида Қарши шаҳри марказида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда вилоят Нуронийлар кенгаши учун янги ва замонавий кўринишдаги бино фойдаланишга топширилди.
— Бинода барча шарт-шароитлар яратилган. Хоналар замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланган, — дейди ёш ёзувчи Азизбек Норов. — Мутахассислар учун алоҳида ва шинам хона, раҳбар хонаси, мажлислар зали, тўгарак машғулотлари ёки адабий суҳбатлар ўтказиш учун давра столи мавжуд. Ростини айтсам, мазкур бинони вилоят бўлими жойлашган аввалги маскан билан солиштирганда, ер билан осмонча фарқ бор, десам ҳечам муболаға бўлмайди.
Мазкур муҳташам бинонинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев кириш сўзи билан очаркан, ижодкорларни қутлаб, энди янада ғайрат ва шижоат билан ижод қилишга ундади. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоир-ёзувчилар, ёш ижодкорлар ва вилоят фаоллари қатнашишди.
— Ижодкорлар учун яратиб берилган бундай шароитларни кўриб кўз қувнайди, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Нилуфар Умарова. — Уларнинг янада ғайратга тўлиб ижод қилишига замин ҳозирлайди. Бунинг учун биз муҳтарам Юртбошимизга ўз миннатдорлигимизни изҳор этамиз.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги меҳмонлар бинони кўздан кечиришди, ўз таассуротлари билан ўртоқлашишди. Тадбир сўнггида эса ижодкорлар учун дастурхон устида бир пиёла чой ташкил этилди. Бу эса шеърхонликка, мушоирага айланиб кетди.
Сўнгсўз ўрнида айтганда, адабиётга эътибор бу — келажакка эътибордир. Мазкур сўзларнинг амалий ифодасини бугун биз — қашқадарёлик ижодкорлар кўриб, ҳис қилиб турибмиз.
Ўроз ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
вилоят бўлими раҳбар