Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ислоҳотлар қамровини ошириш, жумладан, хорижий мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурлари асосида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш борасида фикрлар билдирилган эди. Йиғилиш давомида давлатимиз раҳбари устувор вазифаларни асосийларидан бири қилиб, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш дея таъкидладилар.
Ҳар қандай ривожланиш мезонида ўзаро тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масаласи туради. Бугун Олий таълим олдида турган долзарб вазифаларнинг ижроси юзасидан Ўзбекистон Миллий университети қатор ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Айни кунларда университет ректори профессор Ином Мажидов бошчилигидаги делегация Белорус давлатида бўлиб турибди. Аввал хабар берганимиздек, делегация ташрифидан мақсад Белорус Давлат университети (бу ОТМ QS дунё рейтингида 295 ўринни эгаллаб турибди) билан келишув ва ўзаро ҳамкорлик шартномасини имзолаш ва уни амалга татбиқ этишдан иборат.
Бу дастур доирасида ҳужжатлар расмийлаштиришнинг биринчи босқичи якунланди. Ином Мажидов бошчилигидаги ўзбекистонлик делегацияни БДУ ректори Андрей Корол бошчилигидаги жамоа ва университетнинг А.Д.Сахаров номидаги Халқаро давлат экология институти жамоаси вакиллари кутиб олишди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон, Белорус ва Полша давлатларидаги ОТМлар ўртасида уч томонлама шартнома тузиш ҳам режалаштирилган. Унда талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ўзаро магистр ва докторантларни тайёрлаш, келажакда қўшма таълим дастурлари асосида ўқитишни йўлга қўйиш қайд этилган. Учрашувнинг биринчи кунида халқаро рейтингларга кириш бўйича тажриба алмашиш, ҳамкорликда илмий тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш масалалари бўйича муҳокамалар олиб борилди.