Ҳаётда  ҳар бир инсон ўз яшаш тарзи, армону орзулари билан ўзини дунё бағридаги бир оламдек ҳис қилади. “Менинг оилам, менинг фикрим, менинг бугуним, келажагим”, деб гапиради. Аслида одамларнинг саъй-ҳаракатларини ҳам, кечинмаларини ҳам у истиқомат қилаётган жамият бошқаради, яъни ҳар шахс ўй-хаёллари, қувонч-изтироблари билан даврию замонасининг бир жонли қисмидир. Шундай экан, бугун замондошларимиз қалбидаги уйғоқликка интилиш, тинчликка шукроналик, меҳнатга муҳаббат, яратишга иштиёқ ҳам яшаётган кунларимиздаги ўзгаришлар билан боғлик.      

Шу маънода 2021 йилдан кутаётган муваффақиятларимизга олтин пиллапоя бўлган 2020 йилда мамлакатимизда моҳият–эътибори билан унутилмас воқеалар рўй берди. Бу ҳодисалар қувончи  кеча, бугун ҳам юрагимизда акс-садо бермоқда.  30 август куни бир гуруҳ ижодкорлар ҳамроҳлигида Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш жараёнида яна бир бор бунга ишонч ҳосил қилдик.

Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналиши бўйича ”Бодомзор” бекатидан янги “Туркистон” бекатигача поездда бориб, амалга оширилган ишларни кўриб ҳайратимиз ошди.

Йўл... йўллар... Бу сўз нақадар кўнгилга яқин... Ахир, одам боласи уйининг  остонасидан чиқиши билан уни йўл қарши олади. Йўл уни мақсад манзилларига олиб кетади, йўл унинг ҳаяжонлари, интилишларига ҳамроҳлик қилади. Агар она Ўзбекистонимизни истиқлолдан куч-қувват, нафас олиб яшаётган жонли, улкан бир вужудга қиёсласак, йўллар эса бу жисмнинг қон томирларидир.

Бу йўллар юртдошларимиз манзилини яқин, оғирини енгил қилади. Қишда иссиқ, саратон оташида салқин бўлган ушбу метро йўналиши армон ва қувончларимизга туташлиги аниқ. Энг муҳими, бу транспорт арзон, хавфсиз, қулайлиги билан ажралиб туради.

Юнусобод туманида яшаганим учун  қурилиш жараёнидаги қийинчиликларнинг гувоҳи бўлдим. Тўғри, мутахассис  эмасман, аммо журналист ёки оддий фуқаро бўлиб  ҳам бу мушкулларни англаш мумкин эди. Ер остидан сизиб чиқиб турган сув, намлик, айниқса қаҳратон қишдаги қурувчиларнинг залворли заҳматини кўриб амалга ошириш имкони йўқдек кўринарди. Бугун кўриб кўзларимга ишонмадим. Янги лойиҳада Германия технологияси қўлланилиб, сувли жойдан темир-бетон тюбинг қўйиш орқали ўтилган. Бугунги кунда метро йўли узайтирилиб, янги бекатлар қурилгани одамларга катта қулайлик яратади.

Ўз элининг кўнглини яқинданми, узоқданми туриб ўқийдиган  давлатимиз раҳбари ҳозиргидай мунаввар дамларда,  кўпчилик орзулаган темир тулпорлар йўл солиб қатнай бошлаган қувончли онларда одамларнинг тил учига келган орзуларини рўёбга чиқаришга бош-қош бўлганликлари учун ҳам кўзимизга Хизр назарли инсон бўлиб кўринади. Ахир, дунёда ўз фуқароларининг қалбида не  кечаётганини билмай яшаётган, билмай хато қилаётган, юртини, элини ўтга ташлаётган бошчилар йўқми? Улар бор ва улар қаршисида юрт келажаги, халқининг фаровон яшаши учун куну тун тиним билмай заҳмат чекаётган, мана шу эзу ишларнинг ижодкори – мамлакатимиз раҳбарининг шахси яна ҳам юксалиб кўринади. Эзгулик, яхшилик, савоб йўлларида кетиб борар эканмиз, ҳар бир ижод аҳлининг юрагида фарахбахш туйғулар жонланарди.

Тошкент шаҳрининг Аҳмад Дониш кўчасида амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини ҳам бориб кўрдик. Илгари ҳам бу кўчалардан кўп марта ўтганман. Аммо бугунги манзарадан ҳаммамиз ҳайратга тушдик. Кўча ўртасидаги яшил ҳудуд ва кўча бўйларидаги азим дарахтлар сақлаб қолинган. Йўл четларида манзарали дарахт кўчатлари гуркираб турибди. Пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, майсазорлар ташкил этилган. Чароғон ва кенг кўчалар шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб турибди.

Биз бу кунларни узоқ кутдик, орзиқиб кутдик. Кўксида ўз миллатига муҳаббат бўлган ҳар бир инсон, ҳар бир ўзбек бу кунларни интиқ кутгани рост. Бу йўллар жасоратли халқимиз руҳини даврдан даврларга олиб ўтади.  

Тошкентнинг Фарғона йўли кўчасида амалга оширилаётган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини  кўриб кўнглимиз  осмон қадар юксалди.

Туркиянинг “Kalyon” ширкати билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳага асосан, 8 қаторли янги автомобиль йўли қуриш, 2 қаторли мавжуд йўлни реконструкция қилиш, энергия тежамкор ёритиш мосламалари ўрнатиб, пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, майсазорлар ташкил этиш режалаштирилган.

Тарихнинг қай бир даврларида дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшиб, миллат сифатида танилиб, тан олинган халқимизнинг  яна шиддат билан жаҳон саҳнасига кўтарилаётганининг намойиши бу.

Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи – “Дўстлик-2 – Қўйлиқ” йўналиши қуриб битказилди. 2017 йилда қурилиши бошланган ушбу улкан лойиҳада 7 та бекат барпо этилган. Янги йўналишнинг узунлиги 11,5 километр. Бекатлар миллий колорит асосида, ўзига хос дизайнда қурилган. Йўловчиларга қулайлик яратувчи замонавий технологиялар, йўлкирани электрон тўлаш имконини берувчи турникетлар ҳамда эскалатор билан жиҳозланган. Иккинчи қаватдаги бекатларга имконияти чекланган йўловчилар учун махсус лифтлар ҳам ўрнатилган. Поездга чиқиш йўлагида кўзи ожизлар учун махсус бўрттирилган плиталар ётқизилган.

Бекатда турган пайтимиз бир ўсмир ёнимга келди. “Кеннойи, мен ҳам шу поезда чиқсам бўладими”, деб сўради. Албатта, ўғлим, бу қулайликлар сизлар учун, деб жавоб бердим. Бирга ўтирдик. Ногиронлик гувоҳномасини кўрсатиб: “Пулим йўқ, мана шу билан ҳам юрсам, шаҳар кезсам бўладими, қандай яхши бўлди, ойим мана шу мошин опангни уйига тўғри олиб боради, деди...” Муроджоннинг қувончига шерик бўлдим. Етти ёшдан етмиш ёшгача барча-барча юртдошларимиз учун қувончли бўлган кунда саёҳатимиз давом этди.

Устоз шоиримиз Ғафур Ғулом қаламига мансуб бўлган бу сатрларнинг аввалу охирини кўпчилик ёд билади:

Узилган бир киприк абад йўқолмас,

Шунчалар мустаҳкам хонаи хуршид...

Аллома шоир “Хонаи хуршид” иборасини қўллаганда, бутун ер юзини назарда тутгандир, эҳтимол. Лекин менинг тасаввуримда, хонаи хуршид – қуёш уйи бу ҳаммамиз учун азиз,  улуғ тафаккурзодалар бешиги бўлмиш Ўзбекистон гавдаланаверади.

Бу ҳудудда яшаётган аҳолимизнинг сони 33 миллионга яқинлашиб  қолди. Улар – дуогўйларимиз ота-оналаримиз, илм йўлларида игна билан қудуқ қазигандек заҳмат чекаётган фан фидойилари, шифокорлар, муаллимлар... Бешикда мунчоқ кўзларини онасига тикиб ётган қоракўзлар ҳам шу саноқда... Ҳаммасини жамлаб, “Ватан” деб атаб, тасаввур қилмоқчи бўлсанг, бу тасаввур дақиқа сайин, боя айтганимдек, улканлашиб бораверади, сен унинг  қаршисида заррага айланасан.

Агар юрт бошига: “Мен мана шу одамлар, мана шу замин учун жавобгарман”, деган катта юракли инсон келса, ҳеч нарса, ҳатто, бир зарра ҳам  эътибордан четда қолмас экан. Биз бу ҳақиқатни ҳар кун, ҳар лаҳза ўз кўзимиз билан кўриб, ҳар дақиқаси асрларга тенг жараёнда ўзимиз иштирок этиб турибмиз. 

Яшнобод туманидаги Фарғона йўли кўчасида, Қорасув канали бўйида қурилаётган “Ассалом, соҳил!” турар жой мажмуаси билан танишиш  асносида ана шу  сатрлар хаёлимдан кечди.

22 кўп қаватли уй, 58 коттеж, мўъжаз сайилгоҳлар, яшил майдончалар, антиқа дарахтлар, гуллар, бетакрор кўринишдаги таълим муассасалари, соғломлаштириш мажмуалари, амфитеатр, кафелар, бизнес марказ, умуман, аҳоли яшаши учун барча қулай объектлар. Буларнинг ҳаммаси халқимиз розилиги учун  амалга оширилган эзгу ишлардир.

Яшнобод туманидаги кўп тармоқли “Тexnopark” ишлаб чиқариш мажмуасида “Samsung” бренди остида маиший совутгичлар ишлаб чиқариш корхонасининг очилиши ҳам қутлуғ байрамимизга муносиб тўёна бўлди.

2019 йил 10 августда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан асос солинган, собиқ авиасозлик заводи ўрнидаги мазкур ишлаб чиқариш мажмуасида   17 та йирик лойиҳа амалга оширилиши мақсад қилинган. Уларнинг биринчиси 2020 йил февраль ойида ишга туширилиб, электрон газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. Бу йил мажмуада лифт ва эскалаторлар, сув насослари, кир ювиш машиналари, витрина совутгичлари ва музлатгичлар ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилиш режалаштирилган. Шунингдек, логистика маркази қурилади. Бу ердан маҳсулотларни тўғридан-тўғри хорижга экспорт қилиш мумкин бўлади. “Тexnopark” ҳудудидаги барча лойиҳалар ишга туширилиши билан 10 мингдан зиёд аҳоли доимий иш билан таъминланади. Энг аҳамиятлиси,  ишчи - хизматчиларнинг 65 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлиши кўзда тутилган. Ҳар бир хонадон бекаси музлатгич ва кир ювиш машинасини ўз мулки ҳисоблайди. Оғирини енгил қилиб, корига яраган бу рўзғор жихозларини асраб-авайлайди. Бу буюмларнинг яратилишида хотин-қизларнинг қўли бўлса янада нафис, янада чидамлироқ бўлиб дунёга келиши аниқ.  Ҳаётда катта ютуқларга эришган, оиласи тинч, фарзандлари бешикаст камолга етаётган хонадонлар ҳаётига  ҳавас қилган ҳолда, бу корхонага ҳимояга муҳтож, бугунги тараққиёт имкониятларидан узилиб қолган юртдошларимиз малака ошириб, иш билан таъминланишига кўпроқ аҳамият берилиши кўзда тутилгани эътирофга лойиқдир.

Мазкур корхона йилига 1 миллион дона совутгич ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу нафақат юртимиз, балки МДҲ давлатлари аҳолисини ҳам замонавий, сифатли маҳсулот билан таъминлаш имконини беради.

Одам боласининг тафаккури теранлигидан ўзидек  ақлли машиналар ихтиро  бўляпти. Инсон оёғи Марсга етди. Демак, уни ҳайратлантириш, ҳаяжонга солиш осон эмас. Лекин дунёда яна бир куч борки, ундан келадиган ҳар ҳарорат, ҳар тафт ҳар қандай совуққон одамни ҳам ҳайратга солади. Бу – инсонни қадрлаш туйғуси, инсонга оқибат кўрсатиш, уни тоифаларга ажратмай, шунчаки Одам Ато, Момо Ҳавво авлодлари, башариятнинг бир парчаси дея ҳурмат билан қараш ҳиссиёти.

Мавлоно Жалолиддин Румийда бир ҳикмат бор: “Агар Аллоҳ  Каъбани ердан кўтариб қўйганда эди, одамлар сажда қилгани қибла қидириб бир-бирининг қалбларига юзланар эдилар”. Бу – инсон азиз, дегани. Бизнинг мамлакатимизда фуқаролар учун яратилаётган бири-биридан мақтовли шароитлар туфайли орамизда қалбига қараб сажда қилсанг арзийдиган инсонлар кўпайди. Улар аввал ҳам бор эди, фақат бугунги  янги замон тўлқинларида бор қадди-басти билан кўринмоқда.

  Қалам ҳам, қоғоз ҳам аслида ҳақиқат жарчиси, ҳақиқат ялови. Она Ўзбекистонимизда тинчлик барқарорлиги, қадриятлар бардавомлиги, меҳнат шарафи, адолат тантанаси йўлида қадам ташлаётган пок ниятли инсонларга ҳамроҳмиз. Ният тоза, қадамлар шахдам бўлса, албатта, юртимиз обод, кўнгилларимиз шод бўлишига ишончимиз комил.

  Мунаввара Усмонова

“Саодат” журнали бош муҳаррири