Буни чуқур ҳис қилган Президентимиз ҳатто манаман деган давлатлар иқтисодий инқироздан чиқиш йўлларини излаб турган коронавирус пандемияси даврида ҳам санъатни, маданиятни етакчи ўринларга қўйди.
Оммавий эпидемия таъсиридан тушкун, маҳзун бўлган кўнгилларга санъат ёруғлик олиб кириши мумкинлиги, ҳаёт завқини бера олишини одамларимизнинг ўзлари ҳам англаб етди.
Шундай оғир вазиятда ҳам Ўзбекистонда “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди.
Соҳада янги имкониятлар эшигини очган мазкур ҳужжат билан Маданият вазирлиги, маданият соҳасининг жамиятдаги нуфузи сезиларли даражада ошди.
Соҳа ходимлари йиллаб орзу қилган касб байрами — 15 апрель санасида илк бор Маданият ва санъат ходимлари куни нишонланди. Санъаткору ижодкор, маданият ходимлари биринчи бор бир-бирларини касб байрамлари билан тўлқинланиб, баъзилари кўзда ёш билан табриклади. Президентимизнинг бизга йўллаган табригидаги “Агар биз асл, ҳақиқий санъатни билмоқчи, ўрганмоқчи бўлсак, аввало, мумтоз мақом санъатини билишимиз, ўрганишимиз керак. Агар биз санъатни, маданиятни кўтармоқчи бўлсак, аввало, мумтоз мақом санъатини кўтаришимиз керак. Мақом оҳанглари, мақом руҳи ва фалсафаси ҳар бир инсон қалбидан, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг онги ва юрагидан чуқур жой олиши учун бор имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур”, деган фикрлар эса биз, устозларнинг шогирдлар олдидаги масъулиятимизни янада оширди.
Мақомга ҳеч қачон бугунгидек алоҳида эътибор, рағбат бўлмаган. Биргина Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилишининг ўзи бу борадаги ҳар қандай эътирозга ўрин қолдирмайди.
Миллий санъатимизга бу қадар эътибор бежиз эмаслигини Президентимизнинг Шаҳрисабздаги мақом санъати анжуманида сўзлаган нутқи ҳам исботлайди. Нутқда мақомнинг катта бир қомусга ўхшатилишида унинг ўзидагидек чуқур фалсафийлик мавжуд. Ўша “қомус”да таълим-тарбия, инсоннинг руҳияти, дарди бор.
Демак, мақом санъатини, умуман, санъатимизни ривожлантиришдан бир зум тўхтамаслик, бу йўлда фақат ва фақат фидойилик қилиш керак. Шу мақсадда қабул қилинаётган ҳужжатлардан ҳам миллий мусиқа санъатимиз, айниқса, мақомни янада ривожлантириш, унинг очилмаган қирраларини дунёга олиб чиқиш кўзланяпти.
Президентимизнинг шу йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида миллий чолғуларимиздан камида биттасини, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб эса камида учтасини ижро қилиш маҳоратига эга бўлиш мусиқа фани ўқитувчилари учун мажбурийлиги белгилаб қўйилди.
Агар болаларимиз ҳаётига миллий чолғуларимиз ҳамроҳ бўлса, уларда миллий қадрият ва анъаналаримизга ўзгача меҳр уйғонади.
Кўплаб мактабларга бордик. Ҳатто бир таълим рус тилида ўқитиладиган мактабда ўқувчилар Навоий ғазалларини ўқиб, миллий чолғуларимизни чалиб беряпти.
Кириш имтиҳонларида қатнашяпмиз. Қўлларида доира, дутор билан келган ва ўзи билганича ижро қилаётган ёшларни кўриб қувонамиз. Улар санъатга шахдам қадам билан кириб келяпти. Биз каби улар ҳам устозлари изидан бориб, ўрганганларини ўзларидан кейинги авлодга етказади. Шу тариқа қадим қадриятимиз — “устоз-шогирд” анъанаси ҳам давом этиб бораверади.
Бугун мен фаолият юритаётган Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида истеъдодли ёшларни тарбиялаб вояга етказаётган фидойи устозлар анча. Ўзбекистон халқ ҳофизлари Маҳмуджон Йўлдошев, Эркин Рўзметов, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Матлуба Дадабоева, Ўзбекистон халқ артистлари Замира Суюнова, Фурқат Ашуралиев, Элмурод Аҳмедов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Комила Бўриева, Нодира Пирматова, Моҳичеҳра Шомуродова, доцентлар Шавкат Матёқубов, Муҳаббатхон Солиҳова, Матлуба Каримова каби устоз-мураббийлар шулар жумласидан.
Умуман олганда, бугуннинг ёшлари қайси соҳага қадам қўймасин, чексиз имкониятлар даврида улғайяпти. Улар билан ишлаб, сабоқ бериш асносида бунга кўпроқ амин бўламан.
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг қуйидаги гаплари ҳали санъатимизга кўп хизмат қилишимиз кераклигини яна эслатиб туради: “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган юксак мақсад ва марраларимиз барча соҳалар қатори маданият ва санъат жабҳасида ҳам олдимизга долзарб вазифаларни қўймоқда. Аввало, миллий маданиятимиз ва санъатимизда халқчиллик тамойилларини янада ошириш, уни том маънода эл-юртимизнинг қалби ва юрагини ифода этадиган, энг юксак халқаро мезон ва талабларга жавоб берадиган соҳага айлантириш — энг муҳим вазифадир. Аҳоли, аввало, униб-ўсиб келаётган фарзандларимизни турли бузғунчи ғоялар, маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда биз сизлар каби минглаб фидойи маданият ва санъат намояндаларига таянамиз”.
Яқиндагина давлатимиз раҳбари имзолаган “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармон соҳа ривожида янги имкониятларни белгилаб бераётгани билан аҳамиятлидир. Айниқса, санъатга умид билан кириб келаётган ёшларнинг эртанги кунига, санъатнинг қаттиқ нонини-да қийналмай ейишига умид уйғотгувчи, ўз вақтида қабул қилинган ҳужжатлардан бири бўлди. Инсон қадри бу, инсон қадрини улуғлаш бу.
Муножат ЙЎЛЧИЕВА,
Ўзбекистон халқ артисти,
Ўзбекистон Қаҳрамони