Шу боис, бу бебаҳо санъат ҳақидаги билим ва тушунчаларни янада кенгайтириш, тарихий ва миллий анъаналарни пухта эгаллаган ёш кадрларни тайёрлаш, таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технология­ларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маданият вазирлиги, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон халқ ҳофизи, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, профессор Маҳмуджон Тожибоевнинг сўнмас хотирасига бағишланган  “Янги насл мақомшуносларни тарбиялашда етук устозларнинг ўрни (Маҳмуджон Тожибоев ижодий фаолияти мисолида)” деб номланган онлайн халқаро илмий-амалий конференция­да айнан шу масалаларга тўхталиб ўтилди.

Маҳмуджон Тожибоев мақом илми ва ижросини пухта эгаллаган, ғазал билимдони, ўз ортидан мақомчиларнинг бир неча авлодини  эргаштира олган улуғ ҳофиз эди. Унинг ижодидан “Сарахбори Наво”, “Сарахбори Дугоҳ”, “Мўғулчаи Сегоҳ”, “Наврўзи Сабо”, “Нимчўпоний” каби шашмақом намуналари, Фарғона — Тошкент мақом йўлларидан “Чоргоҳ”, “Ушшоқ”, “Шаҳнози Гулёр”, “Баёт”, катта ашула жанрида “Ёввойи Чоргоҳ”, “Ёлғиз”, “Эй дилбари жононим”, “Топмадим”, “Асирий”, “Чорзарб” ва “Бозургоний” сингари кўплаб асарлар ўрин олган. У ўз овози, услуби ва ижро йўлига эга санъаткор са­налади.

Конференцияда маданият вазири Озодбек Назарбеков мақом санъатининг аҳамияти ва ўрни, унга ёшларни кенг жалб этиш, Маҳмуджон Тожибоев ижоди янги авлод мақомшунослари учун том маънода дастуруламал вазифасини ўташи ҳақида сўз юритди. Анжуманда, шунингдек, Ўзбекистон санъат арбоби, Токио университетининг Koizumi номидаги халқаро мукофоти соҳиби Отаназар Матёқубов, этномусиқашунос олим, профессор ­Теодор Левин (АҚШ), шашмақом устаси, ­Ўзбекистон халқ артисти Изро Малаков (АҚШ),  устоз санъаткор, Тожикистон халқ артисти  Жўрабек Набиев (Тожикистон), Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли бадиий раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов, Ўзбекистон халқ артисти, “ВВС World Music Awards”нинг Осиё минтақаси бўйича вакили Муножот Йўлчиева, Ардаҳан университети профессори Эрдоған Алтинкайнак  (Туркия), Теҳрон консерваторияси профессори Мерон Меҳрния (Эрон), Озарбайжон халқ консерваторияси бўлим мудири Мубариз Алиев сингари машҳур мақомшунос ва мутахассислар қатнашди, фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Туркиянинг Ардаҳан университети гўзал санъатлар факультети турк миллий мусиқаси бўлими катта ўқитувчиси Юсуф Алтин ўзбек ва турк мақомларининг умумий ва фарқли жиҳатларини “Сегоҳ” мисолида кўрсатиб берди ва ундан парча ижро этди. Конференция­да мақомшунос-амалиётчиларнинг “Маҳмуд — уста ҳофиз”, “Маҳмуджон Тожибоевни хотирлаб”, “Мақомчилар тайёрлаш ва ўқитиш методикаси хусусида”, “Туркий халқлар мақомлари хусусида”, “Эронда мақом ва дастгоҳлар”, “Шашмақомнинг Афғонистонда ижро этилиш тарихи”, “Хоразм дутор мақомларининг олти ярим мақомдан фарқли томонлари” мавзуларидаги маърузалари қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Халқаро илмий-амалий конференцияда келгусида замонамизнинг Маҳмуджон Тожибоев каби улкан мақомшунослари хотирасини абадийлаштириш, улар меросидан ёш авлод вакилларини тарбиялашда унумли фойдаланиш, мақомшуносларнинг янги авлодини шакллантириш, бу борада халқаро алоқаларни тизимли йўлга қўйиш каби масалалар юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.