“Кўҳна тол бешикдан яралган дунё” деганида шоир ўзи билмаган ҳолда бешикнинг қадимий ихтиро экани-ю, унинг асосан тол дарахтидан ясалишига урғу бергандек, назаримизда. Дунё бўйлаб 300 дан зиёд, Ўрта Осиёда эса 20 дан ортиқ тури мавжуд бўлган бу дарахтнинг диёримизда “оқ тол”, “қора тол”, “мажнунтол”, “игнабарг тол”, “сув тол” каби турлари кенг тарқалган. Новдаларидан бежирим саватлар, ёғочидан кўплаб буюмлар ясалади. Неча йиллардан буён тол билан тиллашиб яшаётган жалақудуқлик замондошимиз Анвар ака Умаров эса бу дарахтнинг ўзига хос бошқа хусусиятларини ҳам яхши билади. Зеро, у тажрибали бешиксоз сифатида чақалоқ учун толдан ясалган бешиклар энг фойдалиси, деб ҳисоблайди. Шунингдек, пўстидан тозаланиб, махсус дориланадиган ва салқин жойда яхшилаб қуритилган толдан ясалган бешик мўътадилликни таъминлашига ҳам ишонади. Қадимда табибларнинг беморларга тол дарахти тагида ўтиришни маслаҳат берганлари ҳам бежиз эмас.
Бешик ясаш Анвар акага ота мерос ҳунар эмас, аслида. Унинг ўзи бунга астойдил бел боғлаган. Жалақудуқлик бешиксоз уста Маҳмуджон Ҳасановдан бу ҳунарнинг сир-асрорларини ўрганган. Унинг бугунги ёшларда ҳам ҳунарга муҳаббат, интилишни кўриш истаги шундан бўлса керак. Андижон, қўшни Қирғизистондаги бешик бозорларидан ўз мижозларини топиб улгурган, ҳунари ортидан нафақат оилавий, маҳаллий тадбиркорликни йўлга қўя олган Анвар акага ёшлар ҳавас қилса арзийди.
Тадбиркор ўзи мустақил иш юрита олишига кўзи етган пайт — 2010 йилда “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан қонуний рўйхатдан ўтиб, оилавий ҳунармандликни бошлаган. 2 йил ўтгач, ишини кенгайтириш мақсадида кредит олган. Ўшанда яхши ният билан олинган кредит қатор қийинчиликларни бошлаб келишини у хаёлига келтирмаган эди. Биринчидан ўша йиллари чироқнинг ҳаддан зиёд ўчиши ишнинг белига тепган бўлса, иккинчидан ҳунармандга бугунгидай эътибор, рағбат бўлмаган. Шароит бўлмагач, иш унуми ҳам бўлмайди, албатта. Қийналиб қолган тадбиркорларга ҳозиргидай имтиёзлар ҳам қаёқда дейсиз… Кредит олдингми, тўлаш керак, вассалом. Вақт эса кутиб турмайди, қарз елкага оғирлигини солаверади. Фоизларни қайтаришга ақли ожизлик қила бошлаган қаҳрамонимиз фаолиятини тўхтатиб, четда ишлаб келишдан ўзга чора тополмай қолади.
5-6 йилдан сўнг юртга қайтган Анвар ака ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар жонланиб қолганини кўриб, бешиксозликни қайта йўлга қўйди. Ўз устида ишлаб, фаолиятини ривожлантириб борган Анвар ака 2018 йилдан буён кўплаб бешик кўргазмалари, “Ташаббус” кўрик-танловлари, Қўқон фестивалида муваффақиятли иштирок этди. Изланувчан ҳунарманд учун буларнинг барчаси улкан тажриба мактаби вазифасини ўтаган. Маҳорати тобора ортиб борди. 2020 йилда у халқ амалий санъати бўйича электрон каталогдан жой олди.
Севимли ҳунарини бешиксозлик умуман бўлмаган ҳудудларга ёйишни истаган уста айни пайтда қўшни туманлар, ҳатто бошқа вилоятлардан ҳам шогирдлар олишга тайёр. Бунинг учун барча имкониятлари етарли, ўрганувчиларни ётар жой, овқат билан таъминлаш муаммо эмас. Вилоят ҳокимлиги томонидан “Гулистон” МФЙ ҳудудидан ажратиб берилган 4 сотих жойда алоҳида устахона ташкил этган. Энг муҳими, бу ерда 10 га яқин ўғил болалардан ташқари, турмуш ўртоғи — Гулираъно Усмонова бошчилигида маҳалладаги 5 нафар қиз доимий иш, 2 нафар аёл касаначилик билан банд. Устахонада ясалаётган бешикларнинг ёпқичлари ҳам шу ернинг ўзида тикилиб, чақалоқни ёткизишга тайёр ҳолатга келади.
— Аввалига бешик анжомларини бозордан сотиб олиб келиб безатар эдик, — дейди Гулираъно опа. — Кейинроқ ўйлаб қарасам, бешикнинг анжомларини ўзимиз тайёрласак, қоладиган фойдада дурустгина фарқ бўлади. Шу мақсадда бешик абзалларини тикишни ўрганишга мажбур бўлдим. Бир ўзимга албатта оғир, 5 нафар қизни ишга олдик. Ҳозир шогирдларим билан нафақат бешик анжомлари, балки, миллий қўғирчоқлар ҳам тикамиз, гипсдан миллий ҳайкалчалар ясаяпмиз.
Опанинг 7 йил деганда шу йил Андижон давлат университитети талабаси бўлганидан қувондик. Тасвирий санъат муҳандислик графикаси бўйича таҳсил олаётган ҳунарманд олийгоҳдан ҳам мижозлар топиб улгурди. Меҳнат таълими фани ўқитувчиларию талабалар кўргазмали қурол сифатида у ясаган қўғирчоқлар, ҳайкалчаларни сотиб олишаётгани боис буюртмалар талайгина. Миллий расмлар чизиб бериш учун олган буюртмалари ҳам талайгина. Миллий расмлар чиздириш истагидаги мижозлари ҳам кам эмас.
Гулираъно опа миллий қўғирчоқларнинг янги кўринишларини ясаш, уларни боғчаларга етказиш режалари ҳақида гапирар экан, давлатимиз раҳбарининг шу йил 19 январдаги видеоселектор йиғилиши кўз олдимдан ўтди. Миллат маънавиятига бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсон, айниқса, соҳа жонкуярлари ўша кундан буён тилга олинган аччиқ ҳақиқатлар юзасидан кечаю кундуз ўй сураётгани аниқ. Шу маънода Гулираъно опа ҳамкорлик қилаётган боғча мудираларини маънавиятимиз, миллийлигимиз фидойилари, дейиш мумкин. Зеро, миллийликка ҳурмат болалар боғчасидан чуқур сингдириб борилса, таълимнинг кейинги босқичларида маънавият ўз-ўзидан шаклланиб, болалар миллий руҳда улғаяверади. Боғчалардаги миллий ўйинчоқлар, қўғирчоқлар, эртак қаҳрамонларининг барчаси шу маънода юксак аҳамият касб этади.
Бешикчиликнинг ортидан кўплаб ҳунарларни ўрганишга эришган Гулираъно опанинг бир гапидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. “Маҳалламиз ёшлари амалий санъати, қўл меҳнати билан туманга, вилоятга, республикага танилса, нуфузли кўргазмалар, танловларда қатнашса. Бунга сабабчи бўлишдан ортиқ бахт бўлмаса керак”. Бири бўлажак оила бошиларни, яна бири муносиб уй бекалари, қўли гул ижодкор оналарни тарбиялаётган оилавий ҳунармандларга биз ҳам ҳавас қилдик. Ҳунарда ҳикмат кўплигини ёшларга сингдиришни ўйлаб юрадиган Анвар аканинг келажак режалари ҳам эътиборимизни тортди. Зеро у эзгу мақсадлари йўлидаги илк қадамни тумандаги 8-мактабдан бошлашга эришибди. Мактаб директори билан келишиб, бешиксозлик бўйича мастер класс ўтказган куннинг эртасига 4 сўнг нафар шогирдларнинг ўзи уни қидириб келганидан хурсанд. Энг муҳими, уларнинг барчаси кам таъминланган, ёки эндигина оёққа тураётган оилалар фарзандлари. Бугун улар бепул ҳунар ўргатиб, яна ясаган бешикларига ҳақ ҳам тўлайдиган устозининг этагидан маҳкам тутишган. Анвар ака, тумандаги барча мактабларда ҳунарни тарғиб қилиш, мастер класслар ўтиб беришга тайёр. Фақат мактаб директорларидан таклиф, ёшларда қизиқиш бўлса бас. Чунончи у бир ўзим бўлсам дейдиганлардан эмас. Аксинча уста ҳунарманд ёшлар қанча кўп ҳунар эгалласа, ишли бўлишса, рақобат, ижодкорликнинг юксалиши, янги-янги услубларнинг пайдо бўлишидан севинади. Харидорларда ҳам танлаш имкони кенгаяди. Маҳсулотни рақобатчиларникидан сал бўлса-да арзонроқ нархлаш эса бозорнинг чаққон бўлишида муҳим омил бўлади. Шу ўринда айтиш жоизки, туманда Анвар акадан ташқари яна 2 нафар бешиксоз усталар бор. Тўғри, улар ҳам шогирдлар тайёрлаяпти. Лекин, “бир маҳалла — бир маҳсулот” йўналишида тизимли ишлар олиб борилаётган бир пайтда нега Жалақудуқни бешикчилар юртига айлантириш мумкин эмас?
Анвар аканинг ягона истаги — бешикчиликда ҳам кластер яратиш. Негаки, айни пайтда хомашёнинг четдан олиниши эвазига таннархнинг ошиб кетиши уни ўйлантиради. — Кластернинг самарадорлигини пахтачиликда аниқ-тиниқ кўряпмиз, дейди ҳунарманд. — Шу маънода биз ҳам хомашёни ўзимиз етиштирсак, таннарх арзонлашади. Мисол учун, ҳозир ёғочни Россиядан олиб келаётганимиз боис, энг арзон бешигимиз 175-180 мингдан сотиляпти. Ўтган йили эса шу бешиклар 125 мингдан сотилган. Бугун энг олди бешикларимиз 350 мингдан 500 минггача кўтарилиб кетди.
Анвар аканинг гапида жон бор. Маҳаллий хомашё қайда-ю, харажатлар эвазига кириб келадиган чет эл хомашёси қайда. Шу маънода у сув кам чиқадиган, тошлоқ, унумдорлиги паст ерлардан тол плантацияси яратиш учун бир гектар жой олмоқчи. Узоғи икки йилда бешикка ярайдиган толлардан ҳар йили хомашё олиш имкониятини ҳам Анвар аканинг ўзи яхши билади. Демоқчимизки, бир гектар ердаги тол плантацияси тадбиркорни хомашё билан бемалол таъминлай олади. Ана шунда маҳаллама-маҳалла кезиб, тол қидириш, наиложликдан чет эл ёғочини сотиб олишга ҳам эҳтиёж қолмайди.
Бутун дунё коронавирус пандемиясидан озор чекаётган бир пайда, шунингдек ўтган йилги кучайтирилган карантин шароитида ҳам бир зум тинмаган ҳунарманднинг бешиклари етказиб бериш хизмати орқали хонадонларга кириб борди. Солиқларнинг 25 фоизга қисқартирилиш, ундан ташқари, берилган имтиёзлар ҳам тадбиркорга анча қўл келди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тарихий манбаларга кўра, кўчманчи халқлар ўзларига қулай бўлиши учун ихтиро қилган бешик бугун ҳам ҳаётимиздаги муҳим ўрнини йўқотгани йўқ ва йўқотмайди ҳам. Зеро, бешиксиз ўзбек хонадони бўлмаса керак. Шундай экан, бешиксозлик умрбоқий, ўлмас ҳунарлигича қолаверади. Болажон юртимизда эса чақалоқлар туғилаверади, бешиклар сотилаверади.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири