Сўнгги йилларда мамлакатимизда — янги Ўзбекистонда ёшларга муносабат бутунлай ўзгарди. Ёшларга доир давлат сиёсати асосида ёш авлоднинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишлари, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асослар замон билан ҳамнафас такомиллашиб бормоқда.

Ўғил-қизларимизнинг илғор билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун яратилаётган шароитлар натижасида кўплаб ёшларимиз парламентда, ҳукумат аъзолари сафида, давлат бошқаруви органларининг масъул лавозимларида, замонавий корхоналарда самарали фаолият олиб бораётир. Аммо ҳозирги шароитда бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, ёшлар бандлигини таъминлашга ғов бўлаётган муаммолар, нуқсон ва камчиликларни тезкорлик билан ҳал қилиш заруратини юзага келтираяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам ёш авлод манфаатларига қаратилган муҳим ғоя ва ташаббусларни илгари суриб, бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган, яхлит ва узлуксиз тизим яратилишини билдирган эди.

Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини, ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз. Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз”.

Бу борада бошлаган ишларни давом эттириш ва янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида юртбошимиз томонидан 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилиши замирида ҳам улкан мақсадлар мужассам.

Мамлакатимизда жорий йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказиш режалаштирилаётгани, бу ишларга бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча равишда 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилиши – Янги Ўзбекистонда эртанги кун эгаларига бўлган муносабат тубдан ўзгараётганини, бу йўлда маблағлар, имкониятлар иқтисод қилинмаётганини кўрсатмоқда.

Албатта бу, давлатимиз зиммасига улкан масъулият юклашини кўз олдимизга келтирсак, жуда катта эътибор, ғамхўрликни талаб этади, иккинчи томондан ёшларимизга кўрсатиладиган эътибор, эртага улкан ютуқ ва натижаларини ҳам беради. Зеро, ҳозир Ўзбекистон меҳнат ресурсларининг ярмидан кўпи ёшлардир. Келгусида ҳар учинчи раҳбар ҳам ёшлардан бўлади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир маърузаларида бу масалага тўхталиб, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш лозимлигини бежиз таъкидламаяпти. Чунки бугун юртимизда аҳолининг қарийб 55 фоизини ёшлар ташкил этади. Айни дамда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз экани бу борада яқин ва келажакда эмас, ҳозирданоқ зарур чораларни кўришни тақозо этади. Шу боис, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун янгича тизим жорий қилинаётир.  

Ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб жорий йил 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз раҳбари бу масалага яна бир бор тўхталиб, Мурожаатномада айтилган таклифларни амалга ошириш, ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди.

Йиғилишда жорий йилда 500 минг нафар ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш зарурлиги, туман ва шаҳарларда анъанавий ёки масофавий ўқув курсларини кўпайтириш орқали улар бандлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ўғил-қизларни тадбиркорларга бириктириб, уларда бизнес кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар ажратиб, ўз фаолиятини бошлашга кўмаклашиш зарурлиги айтилди. Масалан, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида деҳқончилик билан шуғулланиш ниятида юрган ёшлар жуда кўп. Боз устига, ҳудуднинг ери кенг , айниқса, лалми ерлар жуда унумдор. Агар бу имкониятлардан ёшлар янада унумли фойдаланишса, нафақат ички бозорни, балки ташқи бозорни полиз, сабзавот ҳамда мева-чева билан таъминласа бўлади.

Бу борада уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ер ости қудуқлари қуришга, қайта ишлаш технологиялари харид қилиш ва бошқа мақсадлар учун имтиёзли кредитлар олишида қўллаб-қувватлаш зарур бўлади. Ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиб, уларни экин-текин қилиши ва даромад топиши учун барча чораларни кўриш яхши самара беради.

Йиғилишда иқтидорли ёшларни кашф қилиш, уларнинг ташаббус ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳасини илгари сурилгани айни муддао бўлди. Бундан буёғига лойиҳа доирасида шаҳар ва қишлоқлардаги ташаббускор ёшларнинг иқтисодиёт, таълим, спорт, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари каби соҳалардаги ғояларини рўёбга чиқариш учун шароит яратилади.

Хулоса ўрнида айтганда, ёшлар бандлигини уларга кредит бериш билан тўла таъминлаб бўлмайди. Бунинг учун уларни касбга ўқитиш, томорқа ерларига бўлган муносабатни ўзгартириш керак. Хитой файласуфларидан бири айтганидек, “Оч қолган инсонга балиқ берсанг, унинг бир кунлик қорнини тўйдирасан. Агар унга қармоқ бериб, балиқ овлашга ўргатсанг, уни бир умр очликдан қутқарасан”.Шу жиҳатдан, серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, ёшларни меҳнат қилишга, ердан самарали фойдаланишга ўргатишимиз зарур.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари