Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президентликка киришиш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек, ҳеч шубҳасиз, биз бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт билан бирга аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятга таянамиз.

Дарҳақиқат, маънавий тараққиётсиз кўзланган мақсадларга ҳеч қачон эришиб бўлмайди. Куни кеча эълон қилинган Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларининг Ўзбекистон халқига мурожаати барчанинг айни дилидаги чақириқ бўлди, десак янглишмаймиз. Мурожаатда ватандошларимиз, ота-оналар, зиёлилар, маҳалла фаоллари, тадбиркорлар ва ёшларга маънавий-маърифий соҳада асло бефарқ бўлмаслик таъкидланади.

Аслида ҳам, бугунги нотинч замонда – тинчлик-хотиржамликнинг қадри ортган паллада миллий қадриятлар асраб-авайланмас, миллий ўзликни англаш жараёни такомилига етмас экан, ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишига тўлиқ ишонч ҳосил қилиш мушкуллигини бугунги ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бу нималарда кўринади?

Аввало, ватанга садоқат, халқ хизматига камарбасталик хислатлари мукаммал шаклланган, бу хайрли ва эзгу ишга ҳаётини тика олган инсон онгу шуурида порахўрлик, мансабпарастлик, худбинликка жой ҳам қолмайди. Бундай кишилар юрт ташвишини ҳамма нарсадан устун қўяди, ўз хатти-ҳаракатларининг натижасини кўра олади.

Шунингдек, жамиятда урчиётган коррупция, товламачилик, фирибгарлик каби иллатлар, қўшиб ёзиш, ёлғон маълумот бериш, “хўжакўрсин” ёхуд “биздан кетгунича...” қабилидаги салбий хатти-ҳаракатларга қарши курашишда ҳам маънавият тарғиботи, маърифатни қўллаб-қувватлаш самарали натижа беради. Зеро, миллий анъаналаримизда, муқаддас динимизда қораланган, халқ тилида “ҳаром”, “гуноҳ”, “уят”, “шарманда” дея баҳоланувчи ҳолатларнинг олдини олишда тарғибот масаласи катта роль ўйнайди.

Жазирама кунлари бозор-ўчарларда муздек сувни текин тарқатиб юрган ёки ҳажга бораман деб жамғарган маблағини қишлоғи, маҳалласи ободонлиги учун сарфлаётган юртдошларимиз, топган даромадининг маълум қисмини ўқув даргоҳларига, китоблар сотиб олишга харж қилаётган ватандошларимиз, ўз билими ва иқтидорини хорижда эмас, ўз юртида нисбатан камроқ маош эвазига бўлса-да, намойиш этаётган, тенгдошларини ҳам шунга даъват этаётган ёшларимиз эмасми бугунги ислоҳотларимиздан руҳланаётганлар?! Топганини фарзандлари камолоти, билим олиши ва ҳунар эгаллаши учун сарф этаётганлар, кўр-кўрона, бидъат одатлардан воз кечиб, қизининг тўйида сеп қатори сара адабиётларни совға қилаётганлар эмасми эртанги кунга ишонч билан кўз тикиб, бошқаларга ҳам умр мазмуни фақат еб-ичишу кийинишдан иборат эмаслигини англатаётганлар?!

Афсуски, гоҳ-гоҳида бўлса-да, ижтимоий тармоқларда юртимизда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотлардан қониқмаслик, “инсон бахт-саодати, ҳаётдан розилиги учун” тамойили асосида йўлга қўйилаётган қулайлик ва имтиёзлардан норозилик кайфиятидаги чиқишларга гувоҳ бўлиб қоляпмиз. Ўйлантирадиган жиҳати шуки, тарихан қисқа вақт ичида мамлакатимизда эркин фикрлаш, очиқлик ва шаффофлик борасида салмоқли ишлар қилинди. Пахта яккаҳокимлиги тугатилиши, мажбурий меҳнатга чек қўйилиши, таълим олиш, меҳнат қилиш, соғлиқни сақлаш жабҳаларидаги кенг қамровли ислоҳотлар рўёби, ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозликнинг барҳам топиши, қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларнинг янги босқичга олиб чиқилиши, валюта айирбошлаш, пул-кредит соҳаларидаги қулайликлар... барчасини санаб чиқиш кўп вақт олади. 7-8 йил аввал эртакдек эшитилган бу янгиликларнинг қадрига етиш, “Ватаним учун мен нима қиляпман” деган саволга жавоб топиш учун ҳаракат қилиш, чин маънода ватанпарвар, юртпарвар бўлиш эса кишининг маънавий-руҳий олами бойлиги, пок ният ва эзгу мақсад билан ҳаёт кечиришига чамбарчас боғлиқ.   

Бугун ўз олдимизга катта мақсадлар қўяр эканмиз, аҳолининг барча қатламлари билан фаол мунозарага киришиш, янгича тафаккур, бой маънавий салоҳият ва дунёқарашни шакллантиришда, миллий тараққиётни янги босқичга олиб чиқишда маънавият тарғиботчилари, соҳага алоқадор мутасаддилар зиммасига улкан масъулият юкланади. Шу билан бирга, бу йўлда кенг жамоатчилик, нуронийлар ва фахрийлар, кўпни кўрган, ибратли оила бекалари иштирокидан унумли фойдаланиш зарур. Боғча-мактаблар, олий ўқув юртлари, маҳалла-кўй, меҳнат жамоалари, шунингдек, доимий меҳнатда банд бўлмаганлар билан яқин алоқа ўрнатиб, китобхонлик, миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат-эҳтиром, сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлик борасида тизимли фаолият олиб бориш талаб этилади.

Бир сўз билан айтганда, ўтмиш аждодларимиз қолдирган бой маънавий мерос, миллий қадриятларни ёшларимиз онгига сингдириш, ҳаётимизнинг ажралмас қисми ҳисобланган ўзбекона удум ва анъаналарни яхшиликка хизмат қилувчи замонавий тушунчалар билан бойитиш кечиктириб бўлмас вазифадир. Зотан,  кучли маънавият бизга беқиёс руҳ, шижоат бағишлайди.

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Фарғона вилоят бўлими раҳбари