Видеоконференцалоқа тарзида ташкил этилган учрашувда вилоятдаги туман ва шаҳарлар сайловчилари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари иштирок этишди.
Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов олиб борди. Сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумот берилди.
Сайловчилар ҳузурида чиқиш қилган Президентликка номзод Мақсуда Ворисова сайловолди дастуридаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтди. Жумладан, мамлакатда ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш мақсадида, аҳолининг барча қатламларининг давлат ва жамият ҳаёти, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик асосида иштирок этишини таъминлаш, пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимини шакллантириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинлаш масалалари устувор мақсадлар сифатида белгилаб олинганини таъкидлади.
Бундан ташқари, Мақсуда Ворисова оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш, асосий озиқ-овқатлар нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш, қишлоқ туманларига саноатни олиб кириш Сайловолди дастурдаги асосий йўналишлардан экани хусусида тўхталиб ўтди.
—Ҳар бир оиланинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, малакали тиббий хизмат, етарли даромадга эга бўлиши, жамиятда барқарорликни сақлаш учун ҳуқуқий тенглик, ундан фойдаланиш учун тенг имкониятлар берилиши тарафдоримиз...
— Бахтли болалик, ишончли келажак, қарияларга ғамхўрлик борасида таклифларни илгари сураяпмиз...
— Биз пенсия тизимида ўзгаришлар тарафдоримиз. Пенсияга чиқишда фуқаронинг энг катта даромад топган даври ҳисобланиши керак. Бизнингча, пенсия ҳисобланишида фуқаронинг исталган 5-10 йиллик даврдаги даромадлари инобатга олиниши керак...
— Ногиронлиги борларнинг муаммолари ҳам жамиятнинг ўткир муаммоларидан. Тўғри, бу борада халқаро конвенция ратификация қилинди. Амммо бу ногиронлиги бор кишилар учун тўлиқ шароит яратилган деб айтишга асос бўлолмайди. Масалан, ноиронларнинг биноларга кириб чиқиши учун шароитлар йўқ...
— Биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига давлат томонидан нафақа тўланади. Аммо 3-гуруҳ ногиронларига нафақа тўланмайди. Жиззах вилояти бўйича 934 нафар учинчи гуруҳ ногирони бор. Биз уларга ҳам нафақа тайинланиши тарафдоримиз. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш кафолатлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқчимиз...
— Кўплаб юртдошларимиз тирикчилик ўтказиш илинжида хорижда меҳнат қилаяпти. Айрим ҳолларда улар турли қийинчиликларга дучор бўлишмоқда. Бизнингча, меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш даври келди...
— Келгуси 5 йилда камбағал аҳоли улушини камида 2 баробарга қисқартириш лозим...
— Биз табақалаштирилган солиқ тизимига қайтишимиз керак. Нега 500 минг маош оладиган ҳамшира билан 5 миллион ойлик оладиган киши бир хил солиқ тўлаайди?..
— Ҳашам солиғи жорий этилиши шарт. Дабдаба учун, қимматбаҳо товарлар, автомобиллар, данғиллама уйлар учун солиқ солиниши лозим...
— Биз инновацион технологиялар асосида арзон қурилиш материаллари ва конструкциялар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, оғир ижтимоий аҳволдаги оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, учун ижтимоий турар жойлар қуриш учун интиламиз...
— Бугунги кунда тиббиёт энг кам ҳақ оладиган соҳа бўлиб қолган. Дастуримизда уларнинг маошларини ошириш бўйича ҳам таклифлар илгари сурилган...
— Биз кейинги 5 йилликда туғуруқхонадаги ўринлар кенгайтирилиши учун ҳаракат қиламиз. Тиббий хизматчилар шаънини, қадр-қимматини асраш учун жиноий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ишлаб чиқишни таклиф этамиз...
— Ёшларнинг сифатли таълимдан тенг фойдаланишини таъминлаш керак. Вилоятда педагог кадрлар масаласига эътибор қаратмаса бўлмайди. Олий таълим муассасаларида ётоқхоналар етишмйди. Бизнинг шиоримиз: Бепул таълим, бепул соғлиқни сақлаш...
Номзод ўз маърузасида Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболдаги имкониятлари ҳақида тўхталди. Хусусан, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун барқарор иш ўринлари яратиш, инфратузилмани яхшилаш, ичимлик суви, электр, табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш зарурлигига эътибор қаратди.
— Ичимлик суви муаммосини ҳал қилмас эканмиз, бошқа муаммоларни ечолмаймиз. Жиззахда ҳатто канализация йўқ туманлар бор...
— Оилавий поликлиникаларда 129 нафар, ҚВПларда 71 нафар шифокорга эҳтиёж бор. Жиззах шаҳрининг марказий шифохонаси йўқ...
Очиқ, самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилдилар, вилоятни янада ривожлантиришга борасида таклифларини билдирдилар.
Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашларини, жиззахликларни сайловда ушбу номзодга овоз беришга даъват қилдилар.