Йил сайин улғайиб бораётган манзарали дарахтлар, барқ уриб очилган гуллар, манзарали ўсимликлар, қушлар овози – ҳаммаси кишининг кўнглини ёруғ қилади, ажиб ҳисларга кўмади. Хиёбон бўйлаб юриб борар экансиз, гўё бу маскан юртимиз тинчлигидан яна бир карра гувоҳлик бериб тургандек туюлади. Ичкарилаган сари ҳар бири ўзининг салмоқли ижоди ва улкан қалбидан дарак бераётгандай – атоқли адибларимиз ҳайкаллари, худдики буюк мутафаккир Алишер Навоий машваратида сўз тинглаб, мушоҳада этиб, қад ростлаб турибди.
Бу масканда ўзингизга, айтаётган гапларингизга эътиборли бўласиз. Гўё тоза, сокин ҳавога ижодкорларнинг ўткир нафаси, ижод хаёллари қўшилиб кетгандек.
Ушбу масканга келиб зиёрат қилувчиларнинг кети узилмайди. Йўлаклар бўйлаб фарзандлари, набираларини бошлаб юрган, адиблар сиймосига қараб туриб нималарнидир сўзлаётган оталар, оналарни кўриб хушнуд бўласиз. “Бу ёзувчининг мана бундай асарини ўқиганман”, “Шу шоирдан бирор шеър айтиб берасанми, болам”, деган каби сўзлар қулоққа чалинади.
Бундан ташқари, хиёбон деярли ҳар куни олий таълим муассасалари талабалари, ўқувчилар, ҳарбий қисмлар ходимлари ва ҳарбий соҳадаги таълим муассасалари талабалари, турли ташкилот ходимлари жамоалари билан гавжум бўлади. Адиблар ҳайкалларининг ҳар бири – Алишер Навоийдан тортиб Муҳаммад Юсуфгача – олий таълим муассасаларига бириктирилган. Мазкур таълим муассасалари талабалари тегишли адиб ижодини ўрганиш, тарғиб этиш билангина чекланмай, тадқиқотлар олиб бормоқдалар. Буни ҳайкаллар атрофида ташкил этилаётган илмий, маърифий, бадиий тадбирларда билиб олиш мумкин.
Мамлакатимизда ёш ижодкорларга бўлган эътибор ҳар доимгидан-да юқори. Ёшлар орасида халқимиз фаровонлиги, ҳаётимизнинг янада гуллаб-яшнаши, тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон бўлиши учун яхши ташаббусларни илгари сурадиган ёшларга чексиз имкониятлар яратилмоқда. Интеллектуал салоҳиятни юксалтириш, китоб ўқиш маданиятини янада ўстириш бўйича лойиҳалар, айниқса, атрофлича қўллаб-қувватланади. Кўпинча, яхши ташаббуслар адабий ижодга алоқадор, кўзи ёниб турган, кўп китоб ўқиган ёшлардан чиқади.
Хусусан, бадиий ижоднинг бирор йўналишида қалам тебратадиган ёшларнинг қарашлари ўзига хос, сўзни қадрлайдиган, ҳар бир ҳодиса ва ҳолатга теран нигоҳ билан қарайдиган, бир-бирларини яхши тушунадиган бўлишади. Уларнинг давраси ҳам ўзгача шукуҳли. Бундай ёшлар учун ўз истеъдодини намоён қилишига имкон яратиш энг зарурий вазифалардан бири эди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлими 2021 йилдан бошлаб Республикамизнинг турли жойларида яшаб, бадиий ижод билан шуғулланаётган ёш ижодкорлар учун хайрли бир ташаббусни йўлга қўйди. Унга кўра, ҳафтанинг шанба кунлари ёш шоирлар ва адабий ижод ихлосмандлари учун “Хиёбон оқшомлари” ижод кечалари ўтказиб келинмоқда. “Хиёбон оқшомлари” шеърият кечаси мамлакатимиз ёшлари қалбида адабиётга меҳр-муҳаббатни янада ўстириш, янги ижодкорларни кашф қилиш ва қўллаб-қувватлаш, китобхонликни тарғиб қилиш, шунингдек, ёш ижодкорларнинг ўзаро тажриба алмашишига имконият яратиш мақсадида ташкил этилган. Очиқ осмон остида, хушманзара дарахтлар соясида, устоз ижодкорларнинг ҳайкаллари қошида бўлиб ўтаётган “Хиёбон оқшомлари”да ёш шоирлар навбатма-навбат ўз ижодидан, устоз ё тенгдош шоирлар шеърларидан айтади. Ўзидан кейинги навбатни ўзи белгилайди, яъни ўзи ижодини яхши кўриб мутолаа қиладиган ижодкорга узатади. Шеърият оқшоми ана шу тарзда ўзини ўзи бошқаради. Бу жараён кўплаб истеъдодли ёшларни саралашга ҳам хизмат қилмоқда. Ёш шоирлар ўзининг ижоди тўғрисида уни тинглаб ўтирган адабиётшунослар, устоз шоирлардан фикр-мулоҳаза тинглаб, сабоқ чиқармоқдалар.
Ҳар сафар “Хиёбон оқшомлари”га устоз адиблар, адабиётшунослар, ноширлар, нашриёт жамоалари, таниқли санъаткорлар меҳмон бўлади. Адабий кечаларда 40 га яқин шоирлар ва адабиётшунослар иштирок этди. Жумладан, адабиётшунослар Қозоқбой Йўлдошев, Олим Тошбоев, Мусулмон Намоз, Олимжон Давлатов, истеъдодли шоирлар Сирожиддин Рауф, Ахтамқули Каримов, Салим Ашур, Зилола Хўжаниёзова, Ориф Тўхташ, Ғайрат Мажид, Ойдиннисо, хонандалар Маҳмуд Намозов, Бахтиёр Раҳмон ва бошқа ижодкорлар шеър кечаларининг меҳмони бўлиб, ёш истеъдодларнинг ижодидан баҳраманд бўлдилар.
Ҳар бир кечада фаол иштирок этган ёш шоирларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилган китоблардан тарқатилмоқда. Шунингдек, оқшомда меҳмон бўлган нашриётлар билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган. Мушоира кечалари Оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда ёритиб борилади. Кейинги вақтда бу даврада иштирок этиш истагини билдирган зиёлилар, турли жамоалар сони кўпаймоқда.
Бадиий ижод соҳасида ўз йўлини топишга интилаётган ёшлар учун Уюшма қошида шеърият соҳаси учун “Онажоним – шеърият”, “Умид”, “Ёш мунаққид” каби тўгараклар ҳам самарали фаолият олиб бормоқда. Яхши томони, бу машғулотлар интернет тармоқлари орқали олисдан иштирок этувчилар учун ҳам узатилади. Машғулот ва суҳбатларда Корея, Россия, Қирғизистон, Туркия давлатларидан ҳам ёш ижодкорлар қатнашишмоқда. Айни кунларда мазкур ижодий тўгараклар фаолиятини янада яхшилаш юзасидан зарур ишлар амалга оширилмоқда.
2022 йилнинг бошида Ёзувчилар уюшмаси раисининг Ёш ижодкорлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Б.Эргашев раҳбарлигида Уюшманинг барча ҳудудий бўлимлари масъуллари билан интернет орқали йиғилиш ўтказилди ҳамда “Хиёбон оқшомлари” лойиҳаси асосида шундай эркин кўринишдаги адабий кечаларни Республиканинг барча ҳудудларида ўтказиш юзасидан топшириқ берилди.
Ёзувчилар уюшмасининг ҳудудий бўлимлари томонидан бошқариб борилаётган ушбу кечалар ҳар ойда бир марта ўтказилиб, ҳудуддаги ёш ижодкорларни бир жойга жамлаш, ўзаро фикр алмашиш ва қизғин давралар ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Шеърият кечалари Республикамизнинг турли жойларида жой номидан келиб чиқиб турлича номланган. Қорақалпоғистон Республикасида “Нукус оқшомлари”, Андижонда “Андижон оқшомлари”, Бухорода “Бухоро оқшомлари”, Жиззах вилоятида “Жиззах оқшомлари”, Навоий вилоятида “Қизилқум оқшомлари”, Сирдарёда “Гулистон оқшомлари” ном олган кечалар ёш ижодкорларга ўзгача руҳ, кайфият, илҳом бермоқда. Шу билан бирга, ёшлар давраларда ўз шеърини ўқиш, равон сўзлаш, нотиқлик кўникмаларига ҳам эга бўлиб боришмоқда. Ёшлар ўз замондошлари ижодига эркин фикр билдирмоқдалар. Бу кечалар мавсумга қараб вилоят марказларидаги сўлим хиёбонларда, ижодкорлар ҳайкаллари қошида, ижод мактабларида, кутубхоналарда, Маданият саройларида, Ёшлар марказларида, Ижодкорлар боғларида, Матбуот уйларида, Маънавият ва маърифат марказларида ўтказилмоқда.
Ёзувчилар уюшмаси Ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлими “Хиёбон оқшомлари” лойиҳаси доирасида олти ойлик якунларида ноанъанавий фестивал ташкил этишни режалаштирган. Фестивал доирасида ҳозирги кунда маҳаллалардан бошлаб ўтказиб келинаётган “Мушоира” тадбирлари ғолиблари ҳамда лойиҳанинг энг фаол иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб рағбатлантириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга ушбу лойиҳада фаол бўлиб оқшомнинг ҳар бир сонида ижоди билан қатнашиб келаётган ҳамда давралар орқали ҳам ўз ўқувчиларини топаётган истеъдодли ёшлар ижодидан жамланган “Хиёбон оқшомлари” номли баёз-тўплам нашрга тайёрланмоқда. Режага кўра, 2022 йилдан бошлаб бу тўплам ҳар йили нашр этилади.
Маъмура Зоҳидова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ёшлар бўлими ходими